Линклар

logo-print

Тожикистонда журналистларни ҳимоя қилувчи қўмита тузилди


Тожикистондаги айрим мустақил оммавий ахборот воситалари ва нодавлат медиа ташкилотлари раҳбарлари “29 сентябр қўмитаси”ни ташкил этишди.

Мазкур қўмита фаолияти республика журналистларининг касбий фаолияти ва ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган.

Қўмита муассисларининг айтишларича, мазкур ташкилотни тузишга республика оммавий ахборот воситаларига Тожикистон расмийлари томонидан тазйиқнинг кучайгани сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий сентябр ойида Камароб дарасида содир бўлган ҳужумлар ва унда қирқдан ортиқ ҳарбийларнинг қурбон бўлганини мустақил оммавий ахборот воситалари кенг ёритган эди. Бу мақолаларда Камароб фожеасига Мудофаа вазирлиги масъулларининг тажрибасизлиги сабаб бўлгани ҳақида фикр юритилган.

Шундан кейин Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Хайруллоев “Ховар” ахборот агентлигида чоп қилинган баёнотида республикадаги нашрлар мамлакатдаги барқарорликнинг издан чиқишига ҳисса қўшаётганига урғу берган эди.

Сўнгроқ республика президенти ҳам газеталар фаолиятини танқид қилди. Пировардида бугунги кунда республикада бешта интернет сайтларига блок қўйилди, учта мустақил газета чоп қилинмаяпти.
XS
SM
MD
LG