Линклар

logo-print

Наримонда милиционерни ўлдирганликда айбланаётганлар суди тугади


21 июн куни Қирғизистон куч ишлатар тузилмалари юздан ошиқ наримонликни ҳибсга олган эди.

21 июн куни Қирғизистон куч ишлатар тузилмалари юздан ошиқ наримонликни ҳибсга олган эди.


Судья бу иш юзасидан ҳукм 29 октябрда ўқилишини эълон қилди.

Бу иш юзасидан Наримон қишлоғида яшовчи 10 киши айбланмоқда. Бироқ айбланувчилар суд жараёнида тергов пайтида уларга қўйилган айбловлар қийноқлар орқали зиммаларига юкланганини айтдилар.

Июн ойида Наримон қишлоғида ўлдирилган Қорасув туман милицияси раҳбари Одилбек Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шомурзаев иши юзасидан 21 октябр куни ўтган навбатдаги суд жараёнида давлат қораловчиси суддан айбланувчиларни узоқ муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради:

- Ҳар бир жамиятда энг бебаҳо нарса бу одам умридир. Одам умрига ваҳшийларча тажовуз қилганлар шафқатга муносиб эмас, деб сўз бошлаган қораловчи Қалмамат Бектошев 10 судланувчидан 8 нафари - Азиз Тоширов, Дилшод Ахроров, Абдулазиз Азимов, Фахриддин Ашуров, Мирзохид Солиев, Хасанбой Толипов, Баходир Жўраев, Шахбоз Абдуллажоновга бир умрлик қамоқ жазоси, судланувчи Муродил Қўчқоровга 12 йил, Улуғбек Расуловга 8 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

Аммо прокукрорнинг бундай илтимоси суд залига йиғилган жабрланувчи тарафнинг норозилигига сабаб бўлди. Жабрланувчи тараф судланувчиларга ўлим жазоси берилишини талаб қилдилар.

Айни пайтда адвокат Таир Асанов давлат қораловчиси ва жабрланувчи тараф иддаоларига қўшилмаслигини, мазкур суд жараёни 1937 йил анъаналари асосида олиб борилганини айтди:

- Мазкур суд жараёни менга 1937 йилни эслатмоқда. Ўша пайтда “жасур” терговчилар айни мана шундай ҳаракат қилишган. Терговчилар соҳта гувоҳларни ёллашган, суд ҳукумлари фақат айбланувчиларнинг тан олишлари асосида чиқарилган. Бошқа ҳеч қандай далил-исботлар келтирилмаган, дейди адвокат.

Бироқ суд раиси адвокатнинг бу нутқини “Мазкур суд жараёнига алоқаси йўқ”, деб тўхтатиб қўйди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Ўшдаги мухбири билан суҳбатлашган адокат Таир Асанов судда сўзлаган нутқини мазкур суд жараёнига алоқаси борлигини мана бундай изоҳлади:

- Тергов давомида мен ўз ҳимоямдаги Мирзоҳид Солиев билан учрашганман. Уни қийноққа солишган, калтаклашган. Шундай йўл билан у айбни зиммасига олишга мажбур қилинган, дейди адвокат.

Бир неча кун давом этган суд жараёнида барча айбланувчилар қийноқлар оқибатида ўзлари қилмаган жиноятни зиммалирга олишга мажбур бўлганликларини айтдилар:

- Тўғри, биз кўрсатма берганмиз. Бироқ бу кўрсатмаларни босим остида, қиноқлар остида берганмиз, деди айбланувчилардан бири Азиз Тоширов.

Мазкур жиноят иши юзасидан ҳукм 22 октябрда ўқилиши кутилаётган эди. Аммо суд раиси ҳукм 29 октябр куни ўқилишини эълон қилди.

Маълумотларда айтилишича, Қорасув туман милицияси раҳбари Одил Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шамурзаев 13 июн куни Наримон қишлоғига аҳолини тинчлантириш учун борган. Бироқ кейинроқ Наримон қишлоғида Одил Султоновнинг ёндирилган, ҳайдовчи Уран Шамурзаевнинг боши танасидан жудо қилинган жасадлари топилган.

Июн ойи охирларида Наримон қишлоғида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан тозалаш ишлари ўтказилган. Мазкур тозалаш пайтида ошиқроқ наримонликлар қамоққа олингани, бир неча киши ҳалок бўлгани, ўнлаб одамлар калтаклангани айтилган эди.

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотда айтилишича, июн воқеалари юзасидан тўрт ярим мингта жиноят иши очилган. Турли жиноятларда айбланиб 268 киши қўлга олинган. Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси қўлга олинганлар орасида ҳар икки миллат вакиллари борлигини билдирган. Аммо бир қатор халқаро ташкилотлар ва мустақил кузатувчиларга кўра, қўлга олинганларнинг 80 фоиздан ортиқроғи ўзбеклардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG