Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:32

Эркин микрофон - Болалари пахта теришар


Ўзбекистондаги болалар мажбурий меҳнати муаммоси хаваскор шоир ижоди учун мавзу бўлди.
Ўзбекистондаги болалар мажбурий меҳнати муаммоси хаваскор шоир ижоди учун мавзу бўлди.

Пахта плани бажарилиб, президент пахтакорларни табриклаганига қарамасдан, совуқ тушиб қолган шу кунларда баъзи вилоятларда болалар ҳамон пахта далаларида мажбуран ишлатилаётганидан "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчиларимиздан бирининг юрагини эзиб юборган кўринади.


“Елкада қоп, оёқда калиш, то шомгача пахта теришар...”

Ўзбекистонлик ҳаваскор шоир Умид Андижоний мактаб ўқувчиларининг ҳали ҳам пахта далаларида қолаётганидан юраги эзилиб, битган сатрларни Эркин микрофонга ўқиб берди:

Байрам ўтди энди болалар,
Қушлар уйғонмасдан туришар,
Бўшаб қолди синф хоналар,
Улар энди пахта теришар.

Елкада қоп, оëқда калиш,
Эгатларда базўр юришар,
Ҳар йилгидек келгунича қиш,
Улар мажбур пахта теришар.

Ҳар кун тушлик бир бурда нон, чой,
Иссиқ овқат йўқдир кўнишар.
То қишгача бор ҳали уч ой,
Чидаш керак, пахта теришар.

Бахтли, қувноқ ҳаëтни эса,
Оқшом дилбузарда кўришар,
Эртасига азондан яна
То шомгача пахта теришар.

Тушиб кетса, теримда суръат,
Директорни ҳоким уришар,
Кунлик режа бажариш шарт,
Шомдан сўнг ҳам пахта теришар.

Ислом Карим айтган ул буюк
Келажакни қандай қуришар,
Баҳор ëзса ягана, чопиқ,
Кузда эса пахта теришар.

Болаларга мажбурий меҳнат
Тақиқланган ҳамам билишар,
Оталарда топилмас журъат,
Болалари пахта теришар.

Қорлар ëғса бўлар эди дам,
Қор, ëмғирни орзу қилишар,
Бу йил тола қиммат жуда ҳам,
Қор ëғса ҳам пахта теришар.


“Пул бермасанг вагон қайда?”

дейди Тошкент-Уфа йўналишидаги поездда кузатувчи бўлиб ишлаган Қодиржон Аҳмедов. У соҳада порасиз иш битмаслигини ўз ҳаёт тажрибасида кўрганини айтади:

- Ўзбекистон темир йўллари давлат акционерлик компаниясининг “Ўзтемирйўлйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамияти бор. Шунинг халқаро йўналишда ташиш ва тижорат ишларини ташкил қилиш филиаллари бор. Бу филиал халқаро йўналишда пассажирлар ташиш билан шуғулланади. Шу филиалда ишлаганман мен проводник бўлиб. Уфа-Тошкент йўналишида қатнаганман. Поезд бошлиқлари, филиалнинг манфаатдор шахслар томонидан проводникларга ўтказилаëтган тазйиқлар, улардан пул талаб қилишлар, пулни бермаганларга вагон бермасликлар тўғрисида гапирмоқчиман. Мен Уфа поездига ишга келган пайтимда поезд бошлиғи мендан пул талаб қилади. “Хўжайиннинг мана бунча ставкасини бермасанг, вагон бермайман” деган маънода. “Пул йўқ” десангиз, вагон бермайди. Мажбурлаб, сўкиниб юриб эплаб кетсангиз, йўлда ҳар хил тазйиқлар ўтказишади, ишдан ҳайдашади.

“Хўжайинга берадиган 150 мингни қаердан топамиз? Тўртта билетсиз оладиган бўлсак, унинг ўзига яраша ташвишлари бор” десангиз, “Тўртта билетсиз олсанг, олдин сен пулни бер. Мен хўжайинга кираман. Хўжайиннинг нимасини бераман. Мажлис ўтказамиз” каби гаплар. Унга 150 минг қилиб бераман деб тўртта билетсиз олсангиз, мана оқибати. Олти ойдан бери ишдан ҳайдашган. Ишлар ҳаммаси, документлар ҳаммаси мен тарафимда бўлишига қарамасдан судя ишга тиклай олмаяпти, дейди Тошкент-Уфа йўналишидаги поездда кузатувчи бўлиб ишлаган Қодиржон Аҳмедов.


“Баркамол авлод йили — бу қоғоздаги йил!”

дейди олий маълумотли ёш мутахассис навоийлик Фахриддин.

- Мен темир йўл институтини тугатиб келганман. Икки йилдан бери рабочийман. Тўртинчи разряд билан қўйиб қўйибди. Ўзи институтдан тўртинчи, даже бешинчи разряд билан чиқамиз. Бизларда уборшица учинчи разряд. Мен институтни тугатганман, тўртинчи разряд.

Озодлик: Мутахассислигингиз нима?

- Темир йўлни бошқариш. Банкка ëш оиламиз деб кредит оламан деб борсам, мен “Шунақа. Бу йил баркамол авлод йили. Бизлар ëш оила. Кредит берасизларми?” десам, “Бу қоғозда. У ëқ, бу ëқ” деб чиқариб юборди. Мени эшитмадиям даже.

Озодлик: “Президент айтган эди ëшларга баркамол авлод йилида кредит берилади деб” деганини айтиб талаб қилмадингизми?

- Айтдим мен. Даже эшитишни ҳам хоҳламади. Айтаяпманку, мени чиқариб юборди. Мен “Ëш оилаларга кредит бериш, ëрдам бериш ҳақида қонунлар бор” дедим. “Йўқ, бу гаплар қоғозда” дейди. Хуллас, гапимни эшитмадиямда.

Озодлик: Энди ëш мутахассисларга эътибор йўқ, демоқчисизда.

- Йўқ, бизларда эътибор йўқ. Кредит оламан, уй оламан деган эдим. Бизлар қишлоқдан келганмиз ака. Ҳали уйланганим йўқ, аммо ЗАГСдан ўтганман. Икки-уч кунда тўй бўлади Худо хоҳласа. Тўйга келинглар.

Озодлик: Тўйларни яхши ўтказинг. Келинни табриклаб қўйинг.

- Саломат бўлинг ака. Раҳмат¸ дейди олий маълумотли ёш мутахассис навоийлик Фахриддин.


“Ҳақ гапни айтишдан чарчаманглар”

дейди Озодликнинг доимий мухлисларидан бири бўлган андижонлик Баҳриддин.

- Бари тўғри. Ҳақиқатлар гапириладида. Сохталик йўқ. Ҳаëтда бўлаëтган нарсаларни худди шу ерда тургандай ëритасизлар. Буни биламиз. Гапирган гапларинг ҳаëтда бўлаëтган воқеаларга тўғри келади. Шунинг учун қизиқиб эшитамиз. Бизнинг Андижонлардан камроқ телефон қилади.Қашқадарë, Сурхондарë томондан жуда кўпчилик телефон қилади. Эътибор бераманда. Бизнинг водийдан камроқ бўлади деб ўйлайман.

Озодлик: Баъзилар телефон қилиб “Нуқул Ўзбекистонни ëмонлайсизлар” дейди.

- Сизлар ëмонлайсизлар эмас. Сизлар анча енгиллатиб гапирасизлар бўлаëтган воқеаларни. Журналистик этика бўйичада. Сизлар айтгандан кўра ҳам ëмон вазиятлар кўп. Биласизку энди бизда, масалан ҳозир сизлар билан гаплашаяпман, лекин қўрқиб турибман. Россия, бошқа ерларга борамиз. У ëқларга солиштирганда бизда анча қаттиқ. Фикр эркинлиги йўқ. Буни энди ҳамма билади. Унақа деганлар энди “телефон қилиб шунақа дегин” деб айтиб қўйилган одамлар бўлса керак деб ўйлайман. Бунақа фикрлар бўлиб туради, лекин булар калта ўйлайдиган одамлар. Атайлаб уюштирилаëтган, “Сен ҳам Эркин микрофонга шунақа деб қўйгин” деб заказ билан гапиртирилаëтган одамлар деб ўйлайман. Яна билмадим. Сизларга раҳмат. Эшитсангиз, эшитгингиз келадида. Менинг гапим ҳамма айтган гап. Фақат концерт, мақтов ва шунга ўхшаш нарсаларда бизда, дейди андижонлик Баҳриддин.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG