Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:15

Франция президентининг мунозарали таклифи овозга қўйилмоқда


Президент Николя Саркози сенаторлардан муҳокамаларни узоққа чўзмасликни сўради.
Президент Николя Саркози сенаторлардан муҳокамаларни узоққа чўзмасликни сўради.

Франция касаба уюшмалари ҳукуматнинг бу ниятларига жавобан ишташлаш имуддатини узайтиршни эълон қилди.

Франциянинг пенсия соҳасини ислоҳ қилиш режалари, жумладан пенсия ёшини 60дан 62 ёшга ошириш чорасига оид масала жума куни сенатда овозга қўйилиши мумкин. Президент Николя Саркози сенаторлардан муноазарали қонун лойиҳасига оид муҳокамаларни узоққа чўзмасликни сўради.

Ҳукумат мазкур қонунни тасдиқлатишни шошилтираётган бир пайтда Франция касаба уюшмалари Саркозининг ислоҳот режаларига қарши мамлакат бўйлаб норозилик тадбирларини давом эттириш билан таҳдид қилмоқда.

Сўнгги норозиликлар зўравонлик тусини олиб, пайшанбадан жумага ўтар кечаси Париж яқинидаги нефтни қайта ишлаш заводини босиб олган намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди. Полиция заводни ўз назоратига олди.

Мухолифат партиялари қонун лойиҳасининг маъқулланишини пайсалга солиш мақсадида унга юзлаб ўзгартишлар киритиб, муҳокамалар вақтини чўзишга ҳаракат қилди.

Саркози ҳукумати мухолифатнинг бу ҳаракатларига жавобан пайшанба куни сенат вакилларидан дебатларни чўзиб ўтирмасдан барча ўзгартишларни бир марта овозга қўйиб, ё қабул қилиш ёки рад этишни сўради.

Айни пайтда, президент Саркозининг ўзи пенсия соҳасини ислоҳ қилиш ғоясини француз ишчилари орасида тарғиб қилиш мақсадида Бонневал шаҳарчасидаги фабрикага борди. Саркози пенсия ёшини ошириш нега муҳим эканини тушунтиришга уринди.

- Бугунги ёшлар меҳнат бозорига борган сари кечроқ кирмоқда, чунки улар узоқроқ ўқишмоқда. Бу яхши, албатта. Қариялар эса узоқроқ яшамоқда, чунки ўртача умр кўриш ҳам ошган. Ишлаш муддатини оширмасдан бу муаммони қандай ҳал қиламиз, деди Франция президенти.

Касаба уюшмалари етакчилари Саркозининг пенсия ёшини ошириш режаларига қарши чиқмоқда. Улар парламент қонун лойиҳасини қабул қилгандан кейин ҳам мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини давом эттириш билан таҳдид қилмоқда.

28 октябр ва 6 ноябр кунларига белгиланган норозилик намойишлари Францияда тартибсизликлар ва сиёсий таранглик яна камида икки ҳафтага чўзилиши мумкинлигидан даракдир. Францияда давом этаётган намойишлар аллақачон Европадаги энг узоққа чўзилган норозилик тадбирларига айланди.

Франция Тарнспорт вазирлигига кўра, нефтни қайта ишлаш заводларидаги ишташлашлар натижасида мамлакатдаги 12,500 ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидан учдан бирида ёқилғи қолмаган ёки қолмаяпти.

Касаба уюшмалари кофедерацияси расмийси Жан-Люк Ботелла ҳукумат парламентдаги муҳокамаларни тўхтатишга ҳаракат қилиш ўрнига касаба уюшмалари билан музокара қилиши мақсадга мувофиқ бўларди, дейди.

- Ҳукумат бугун гувоҳи бўлиб турганимиз ишташлар учун масъулдир, чунки улар сўнгги олти ой давомида бирор марта музокара ўтказишга уриниб кўрмади. Бунинг ўрнига ҳукумат ўз илоҳотларини бизга куч билан ўтказмоқчи бўляпти, дейди Франция касаба уюшмалари конфедерацияси расмийлари.

Бу ташкилотнинг яна бир вакили Шарль Фолар Париж яқинидаги нефтни қайта ишлаш заводи ишчилари олдида қилган чиқишида уларни “ўз эркинликлари ва пенсия ислоҳотига қарши норозилик билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”га чақирди.

- Бугун, улар бизнинг ижтимоий имтиёзларимиз, пенсиямиз ва ишташлаш ҳуқуқларимизга ҳиёнат қилмоқда. Бундан кейин касаба уюшмалари вакилларини ушлаб олиб кетишлари қолди. Бундан кейин касаба уюшмалари вакилларини қамоққа ташлашлари қолди. Бунгача иш ташлаган ишчилар куч билан ишга қайтарилмаган. Бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир, ўртоқлар. Қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир.

Аксарият французлар намойишчиларни қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, норзиликлар хусусий тадбиркорларга катта зарар етказмоқда. Иқтисодчилар ишташлашлар натижасида француз ширкатлари юз миллионлаб евро миқдорида зарар кўриши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Air France ширкати матбуот вакилига кўра, ишташлашлар ширкат учун кунига 5 миллион еврога тушмоқда. Давлатга қарашли темир йўл ширкатлари норозилик намойишларидан ҳар куни 20 миллион еврогача зарар кўрмоқда.

Ёқилғи етишмовчилиги кичик қурилиш ширкатларга ҳам салбий таъсир кўрсата бошлади. Улар қурилиш материалларини ўз вақтида етказиб бера олмаяпти. Иқтисодчилар ишташлашлар давом этар экан, бунинг иқтисодий оқибатлари янада яққолроқ кўзга ташлана бошлаганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG