Линклар

Ўзбекистон Тожикистонга тегишли юкларни ўтказмаяпти


Ўзбекистонда Тожикистонга тегишли юк вагонлари билан бир қаторда бу мамлакатга юк олиб кетаётган юзлаб машиналар ҳам ушлаб турилибди.

Ўзбекистонда Тожикистонга тегишли юк вагонлари билан бир қаторда бу мамлакатга юк олиб кетаётган юзлаб машиналар ҳам ушлаб турилибди.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати расмийлари Ўзбекистонда республикага тегишли мингдан ортиқ юк вагонлари асоссиз ушлаб турилганини билдирмоқдалар. Бу масала Вилнюсда бўлиб ўтган МДҲ ва Болтиқ бўйи мамлакатлари темир йўлчилари анжуманида ҳам муҳокама қилинган.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати раҳбарининг ўринбосари Усмон Қаландаровнинг айтишича, Вилнюс шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ ва Болтиқ бўйи мамлакатлари темир йўлчиларининг анжуманида Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга тегишли мингдан ортиқ юк вагонлари асоссиз ушлаб турилганлиги масласи ҳам кун тартибига киритлган эди.

Бироқ бу муаммо юзасидан бирор бир ҳужжат қабул қилинмаган.Усмон Қландаровнинг сўзларига кўра, шунингдек, тожик - ўзбек чегарасида ўнлаб юк машиналари ҳам тутиб турилмоқда. Яқин кунлар ичида Ереванда МДҲ ва Болтиқ бўйи мамлакатлари темир йўлчиларининг арз- шикоятларга бағишланган кенгаши бўлади. Республика темир йўлчилари бу кенгашга жуда жиддий тайёргарлик кўришмоқда.

Тожикистон жанубидаги Турсунзода шаҳри Ўзбекистоннинг Сариосиё тумани билан чегарадош. Мазкур чегара нуқтасида бугун кўп километрли автомашиналар навбати вужудга келган. Юк машиналарининг асосий қисми Гермния, Россия, Хитой, Эрон, Туркия ва Туркманистон автомобилда юк ташиш ширкатларига қарашли. Бу машиналар Тожикистон халқ хўжалиги учун мўлжалланган юкларни олиб келаётган эдилар.

- Мен қирқ кундан ортиқ Сариосиё чегара нуқтасида қолиб кетдим. Машинада “Барқи тожик” ширкатига тегишли трансформатор ва бошқа ускуналар юкланган эди. Юкларни Германиядан олиб келаётган эдим. Россия ва Қозоғистондан ҳеч бир муаммосиз ўтдим. Лекин Ўзбекистон ва айниқса, Сариосиё туманига етиб келганимда, ўзбек божхоначилари: “Текшириш керак”, дея барча ҳужжатларни олиб кетишди. Бир ҳафтадан кейин тоқатим тоқ бўлиб, божхоначилар олдига бордим. Улар эса “Брат, шахсан бизнинг сенга нисбатан ҳеч қандай саволимиз йўқ. Юқоридан буйруқ бор. Хафа бўлмагин, кутишга тўғри келади”, дейишди, - дейди ўзини Дмитрий деб таништирган россиялик ҳайдовчи.

Дмитрийнинг айтишича, ҳужжат текшириш қирқ кундан ҳам кўпроққа чўзилиб кетди. Ўзбек божхоначилари яхши муомала қилишган. Ўн кундан кейин озиқ - овқати тугагач, божхоначилар уни ошхонасига бирктириб, бепул таомлар билан сийлашган.

- Ўзбекистоннинг Сариосиё чегара нуқтасида доимо муаммога дуч келамиз. Илгари соатлаб турардик. Энди бўлса ўн беш кундан буён Тожикистон томонига ўтолмай турибмиз. Ўзбекистон чегарачилари халқаро меъёрларга амал қилишмайди. Назаримда, бу вазият аллақачонлар расмийлар диққатини ўзига тортиши керак эди, - дейди яна бир россиялик ҳайдовчи Генадий Прудцких.

Генадий Прудцкихнинг сўзларига кўра, чегарада узоқ қолиб кетиш ортидан биринчи навбатда транзит виза муддати тугаши мумкин. Ундан кейин моллар сифати бузилади, шартнома ўз вақтида бажарилмайди. Бу эса буюртмачи берадиган маблағнинг камайишига олиб келади.

Бошқа ҳайдовчилар ҳам чегарадан ҳафталаб ўтолмай туришганлгидан шикоят қилишди.

- Бу ерда бирор бир шароит яратилмаган. Бир ҳафтадан буён иссиқ овқат ейиш имкони йўқ. Ювиниш ва умуман инсонга зарур бўлган бошқа юмушларни бажаришнинг иложи бўлмаяпти,- дейди бошқа ҳайдовчи.

Тожикистонлик айрим таҳлилчилар бу вазиятни Ўзбекистон томонидан махсус режалаштирилган иқтисодий қамал сифатида баҳолашмоқда.

- Чегаралардаги вазият ва вужудга келган бошқа муаммолар ҳам Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан амалга ошираётган иқтисодий қамалнинг бир кўриниши, деб ҳисоблайман. Чунки бу муаммолар бугун пайдо бўлмаган, бир неча йиллардан буён давом этмоқда. Будан жаҳон ҳамжамияти хабардор бўлиши учун расмийлар ҳам, матбуот ҳам бонг уриши лозим. Чунки шундай қилинмаса, тожик -ўзбек муносабатларида ўзгариш бўлмайди, - дейди таҳлилчи Саймуддин Дустов.

Бироқ Тожикистон расмийлари республикага олиб келинаётган юкларнинг Ўзбекистонда ушлаб қолинаётганлигини сиёсийлаштирмаслик кераклигини айтмоқдалар.

- Биринчидан, Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга тегишли юкларнинг туриб қолганлигини икки давлат сиёсати билан боғламасликни илтимос қилардим, сизлардан. Чунки бунинг тожик - ўзбек муносабатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳаммага маълумки, 2008 йилнинг декабр ойидан аксилтеррор кучлари ва БМТ Афғонистонга товарлар ҳамда озиқ-овқат махсулотлари кўламини кескин оширди. Бу ўз навбатида Ўзбекистон темир йўллари ва автомобил йўлларининг серқатнов бўлишига олиб келди. Ҳамма гап мана шунда. Қолган масалаларда мамлакатларимиз раҳбарлари ўзлари келишиб оладилар, - деди Тожикистон Ташқи ишлар вазири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG