Линклар

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик очлик эълон қилди


Айрим маълумотларга кўра, Санкт-Петербургдаги тергов изоляторида 180 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланмоқда.

Айрим маълумотларга кўра, Санкт-Петербургдаги тергов изоляторида 180 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланмоқда.

21 октябр куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги тергов изоляторида сақланаётган Ўзбекистон фуқароларидан бири очлик эълон қилди. Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербургдаги "Умид" ўзбеклар диаспораси ташкилоти уни очликни тўхтатишга чақирганидан сўнг очликни тўхтатган.

21 октябр куни тергов изоляторларидан бирида очлик эълон қилган ўзбекистонлик ҳақида Санкт - Петербургдаги "Умид" ўзбеклар диаспораси ташкилоти раҳбари Алижон Хайдаров маълумот берди:

- Исми Эркинжон. Ўзи тошкентлик. Россияда қайд қилув муддати тугаб қолган, шунинг учун ушланган.Ўзи ишлагани келган бўлган, -дея маълумот берди Алижон Хайдаров.

Маълум бўлишича, бир неча ойдан буён сақланаётган ўзбекистонлик муҳожир тергов изоляторидаги шароитдан қийналган. Шу билан бирга, унга нисбатан Ўзбекистонга чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқарилганига қарамасдан, ҳалигача изоляторда ушлаб турилибди. Бунга норози бўлган Эркинжон изоляторда очлик эълон қилган.

Санкт -Петербург Ички ишлар бошқармаси расмийлари "Озодлик" радиосига мазкур воқеа юзасидан маълумот беришдан тийилдилар.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 20 йил олдин тузилган “Умид” номли ўзбеклар диаспораси ташкилоти шаҳардаги тергов изоляторидаги ўзбекистонликларга ёрдам бермоқчи. Мазкур диаспора раҳбари Алижон Хайдаров тергов изоляторида бир қанча ўзбекистонликлар сақланаётганлигини айтади:

-У ерда улар ўтирибди. Суд қарори билан улар мамлакатдан чиқариб юборишга ҳукм қилинган. Россиядан чиқариб юборилиши ўрнига икки-уч ой қамоқда ўтиришади, бечоралар, -дейди айни пайтда тергов изоляторида сақланаётган ўзбекистонликларнинг бугунги тақдири ҳақида Алижон Хайдаров.

Хайдаров ўзбекистонлик муҳожирлар муаммоси билан яқиндан таниш. Ички ишлар бошқармаси ходимлари уларни қўлга олганидан сўнг жараён қандай кечишини қисқа қилиб мана бундай тушунтиради:

- Судга олиб бориб, чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарилади, жарима белгиланади. Қарор чиқарилганидан кейин изоляторда ушлаб турилади.Бир - икки кун, энг кўпи билан бир ҳафта ушлаши мумкин. Билет, хҳжжатларини расмийлаштириши учун.
Аммо изоляторда олти ойлаб сақланаётган ўзбекситонликлар бор. Уларнинг пули йўқ. ”Билетларни биз олиб берамиз”, дедик, “жарималарини тўлаймиз” деяпмиз. Бюрократия аппарати шундай қилаяпти-да,-дейди Алижон Хайдаров.

Ўзбек диаспораси депортацияга тушган ўзбекистонлик мухожирларига ёрдам қўлини чўзмоқда. Бироқ Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармаси, шаҳар прокуратураси “Умид” ташкилотининг мурожаатларини жавобсиз қолдирмоқда.

Алижон Хайдаров Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербургдаги тергов изоляторида айни пайтда ўзбекистонлик муҳожирлар сони қанча эканлиги ҳақида маълумот йўқлигини айтди:

- Икки ой олдинги маълумотлар бор. Ҳозир бизларга улар бермаяпти маълумот, қўрқади бергани. икки ой олдинги маълумотлар бўйича изоляторларда 180 нафар ўзбекистонлик бор эди, - деди суҳбатдошимиз Алижон Хайдаров.

Қийин ахволга тушган ўзбекистонликларга Санкт-Петербургда “Умид” ташкилотидан бошқа ҳеч ким ёрдам бермаяпти.

- Ташкилотни 20 йилдан бери ўзим молиялаштираман. Ўзбегимни байроғини кўтариш учун. Булар “ўзбек унақа-бунақа” деб айтмасин деб ёрдам бераяпман, -деди ўзбек диаспораси вакили Алижон Хайдаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG