Линклар

Тожикистон Ислом уйғониш партиясига тегишли масжидда 22 октябр куни содир бўлган ёнғин натижасида бинонинг иккинчи қавати фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Мазкур партия масъуллари масжидга қасддан ўт қўйилганини даъво қилишмоқда.

Жума куни тушдан сўнг мазкур масжидда содир бўлган ёнғин оқибатида аёллар ибодат қиладиган хона куйиб кул бўлган.

Душанбе шаҳрининг Фирдавсий туманидаги “Советский” маҳалласида жойлашган масжидга тушган ёнғин сабаблари ҳозиргача аниқлангани йўқ.

Бироқ партия раиси ўринбосари Маҳмадали Ҳайит фикрича, масжидга қасддан ўт қўйилган.

- Бу қасддан содир этилган ёнғин. Бинонинг ёнғин содир бўлган қисмида электр симлари йўқлигини назарга олган ҳолда шундай хулоса қилиш мумкин. Бу ерда махсус ёқилғидан фойдаланилган. Худога шукрки, бу фалокатдан ҳеч ким зарар кўрмади, - дейди Ислом уйғониш партияси расмийси Маҳмадали Ҳайит.

У шу кунгача юзлаб тожикистонлик намозхонлар учун хизмат қилган масжид эндиликда фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, иккинчи қавати бутунлай ва биринчи қавати қисман фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган бу масжид анчада буён Ислом уйғониш партияси ва Тожикистон Дин қўмитаси масъуллари ўртасида тортишувларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Аввалроқ Тожикистон ҳукумат вакиллари Ислом уйғониш партияси масъулларидан намозхонларга партия биноси ҳовлисидаги масжидда намоз ўқишни таъқиқлашни талаб қилганди. Расмийларга кўра, бу жорий қонунларга зиддир.

Аммо исломий партия вакиллар ҳукумат одамларининг бу қарори ўзларига нисбатан ўтказилаётган босим ва мамлакатда дин эркинлигининг чекланиши эканини даъво қилишда давом этмоқдалар.

Мазкур партия масъулларидан бири Сайидумар Ҳусайний масжид фаолияти билан боғлиқ муаммони тинчлик йўли билан ҳал қилишни мақсад қилинганини айтади.

- Биз бу муаммодан президентни ҳам расмий тарзда огоҳлантирган эдик. Ўша тортишувлардан кейин шусиз ҳам масжидда намозхонлар сони 50 фоизга камайган эди. Биз дин қўмитаси масъулларидан муаммо тинчлик йўли билан ҳал қилингунича ортиқча ғавғо кўтармасликни сўраган эдик. Аммо Жума куни дин қўмитаси вакиллари билан бирга милиция ва хавфсизлик ходимларидан иборат гуруҳи масжидга келиб сўроқ-саволни бошлади, - дейди Сайидумар Ҳусайни жаноблари.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъули Маҳмадали Ҳайитга кўра, 22 октябр жума ҳукумат одамларидан иборат гуруҳ ҳеч бир огоҳлантиришсиз партия идорасига кириб борган.

Унинг айтишича, рейдчиларнинг асосий мақсади партия биноси ҳовлисидаги дўконда сотилаётган диний маърузалар ёзилган CD-дискларни мусодара қилиш бўлган.

Тахминан 20 кишидан иборат ҳукумат гуруҳи диний фильмлар, ваъзлар ёзилган ўнлаб CD-дискларни экспертизадан ўтказиш баҳонасида ўзлари билан олиб кетганини айтди Маҳмадали Ҳайит.

Шунингдек, дин қўмитаси ва ҳуқуқ-тартибот идора ходимларидан иборат рейдчилар Ислом уйғониш партияси масъулларини масжидда намоз ўқишни тўхтатиш борасида яна бир бор огоҳлантирган.

Аснода Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев Ислом уйғониш партияси қошида масжид ва CD-дискларни сотиш дўконларининг фаолият юритиши қонунга зид эканини таъкидлайди.

- Бу рейдлар икки йилдан буён давом этмоқда. Эндиликда кучайтирилган. Ислом уйғониш партияси масъуллари бу каби ноқонуний CD-дискларни партия биносида сотишга йўл қўймаслик борасида бир неча марта огоҳлантириш олган эди, дейди Ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари масжиддаги ёнғин ҳодисаси сабаблари 25 октябр куни ўрганишга киришилишини билдирмоқдалар.

Айтиш жоизки, Ислом уйғониш партияси Тожикистон ҳукуматига мухолиф ва Марказий Осиёда ягона бўлган расмий диний партия саналади.

Тожикистондаги айрим мулозимлар кўпинча айнан шу партияга ишора қилиб, Тожикистон демократия йўлидан бораётганини даъво қилади.

Бироқ сиёсий таҳлилчилар фикрича, президент Имомали Раҳмон ўз давлатида демократия мавжудлигини кўз-кўз қилиш мақсадида Ислом уйғониш партияси фаолиятига розилик берган. Аслида эса мазкур партия фаолияти ва уни такомиллаштириш режалари иқтидордаги ҳукумат босими остида саробга айланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG