Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:53

Ўзбекистонда муҳожирлар яқинларига босим ўтказилаяпти


Жорий йилнинг 14 сентябрида қўлга олиниб, 3 кундан кейин қўйиб юборилган Наби Султоновнинг Ўзбекистондаги яқинларига хавфсизлик хизмати томонидан босим кучаймоқда.

Асли ўзбекистонлик Наби Султонов жорий йилнинг 14 сентябрида Москва вилоятининг Кубинка шаҳрида маҳаллий милиция ходимлари томонидан қўлга олинганди. Халқаро қидирувда бўлган Султонов махсус сўровга биноан Россиядан Ўзбекистон махфий органларига топширилиши режалаштирилган: 2010 йилнинг май ойида Ўзбекистон томонидан Россия Ички ишлар бўлимларига тарқатилган янги рўйхатда қидирувда бўлган шахслар қаторида Наби Султоновнинг исми-шарифи киритилган, ваҳоланки 2009 йилнинг 20 мартидан Султоновнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши Европа Судининг қарори билан тақиқланганди.

17 сентябр куни маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг тазйиқи остида қўйиб юборилган Султоновнинг Ўзбекистонда яшаётган акаси шу кунда Миллий хавфсизлик органлари томонидан босимга учраётгани маълум бўлди.

Бу ҳақда Наби Султоновнинг дўсти, ўзи 2 йил Россия қамоқхоналарида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши хавфи остида сақланган қўқонлик Мурод Йўлдошев маълум қилди. Мурод Йўлдошев бу борада Наби Султонов билан сўзлашганини айтади.

- Набихон телефон қилганда акаси СНБда бўлган. Акасини олиб кириб қўйганда СНБга. Набихон акаси қўлга тушганини билмасдан қўнғироқ қилган. Трубкани шу ёнидаги эсэнбэшник олган, ёнида акаси ҳам бўлган. “Сени қачон қўйвордию сенга иккинчи запрос қилганимизда ким ёрдам берди чиқиб кетишга?” деган. Кейин Набихон УВКБ ООН, шу Москвадаги бизга ёрдам берган адвокатларни айтган. Улар эса: “Бизга улар қизиқмас, биз сени олиб келишимиз қизиқ. Қандай қилиб бўлсаям, сени олиб келамиз”, деган. Шу билан Набихон трубкани қўйиб қўйган.

Озодлик: Нимада айблашяпти, қайси моддалар бўйича?

- Бу ерда иккита статья бор эди: 242- ва 159-. 242-моддалар, бу “жамоа тўплаб организацияга бошлиқ бўлгани”ми, шу аниқ эслолмадим...

Озодлик: Запрос қайси тумандан бўлаяпти?

- Поп, Намангaн областидан. Набижон Наманган шаҳрининг ўзидан.

Озодлик: Набижон бу ерда оиласи биланми?

- Ҳа, оиласи билан. Мен ҳозир у билан гаплашдим. У айтаяптики, акамни мана ўтган якшанба куни соат бирда чақирамиз, деган экан СНБга. Биринчи марта қўйворган, мана бу якшанбада яна чақиртиришимиз мумкин деган экан-да. “Ҳозир мен билмайман: акамни олиб кириб кетдими ёки олиб кирмадими - билмаяпман”, деган жойида Набихон билан гапни тўхтатдик. Гап шундаки, мен ҳам оиламни олиб келганман. Аёлим айтаяптики, яқинда 11 яшар болани, отаси диний бўйича қочоқда экан, шу 11-12 яшар болачани қамаб қўйибдики, “отанг келса, кейин қўйиб юбораман” деб. 2 ой 11 ёшли бола турмада ўтириб чиқибди Қўқонда. Жуда ҳайратга тушдим, дейди Мурод Йўлдошев.

Наби Султонов айнан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати сўрови билан Москва ҳибсхоналаридан бирида бир йиллик ҳибсда ўтириб чиққан ва шу йилнинг 23 апрелида озод қилинган, дейди бу ишни олиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячиси Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллик қошидаги Экспертлик кенгаши аъзоси Елена Рябинина.

- Наби Султоновни сентябр ойида биз катта қийинчиликлар билан қамоқдан чиқариб олган эдик. Уни ҳеч қандай таржимонсиз сўроққа тутишган, биздан яширишга уринишган, бир бўлим изоляторидан иккинчи бўлим изоляторига ўтказишган ва ниҳоят 17 сентябр куни Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Владимир Лукиннинг Москва вилояти прокурори Моховга қилган махсус қўнғироғидан кейингина Наби Султонов озод этилди. Гап шундаки, уни биздан яширишда прокуратура ходимлари ҳам бевосита иштирок этган. Биз Султоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилишга тайёргарлик кетаяпти, деган гумонларимиз мана бугун тасдиқланди, дейди Елена Рябинина.

Султоновнинг ҳимояси билан шуғулланаётган Елена Рябинина Набижон ҳозирча қаерда эканлиги сир сақланаётганини ва ҳатто менга телефон номерини бермаслигини билдирди.

Аксар ҳолларда россиялик милиция ходимлари айнан ўзбекистонлик диссидентларни ноқонуний равишда Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига топширишга тайёр эканлиги сабабларига тўхталган ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина уларнинг муайян мукофот эвазига бу ишга қўл ураётганига ишонишини айтди.

- Биз энди ўзбек махфий хизматлари унинг акаси устидан қандай “ишлаши”ни тасаввур қилиб турибмиз. Мана нима учун мен Набига адресларини, телефонларини ўзгартиришни тавсия қилдим. Ўзбекистонга экстрадиция масаласи бўйича фақат менинг ўзим 8 ишни олиб бормоқдаман. Охирги пайтларда яна бир салбий тенденция авж олмоқда: экстрадиция қилиниши керак бўлган одамларга босим кучайтирилаяпти. Уларни россиялик адвокатлардан воз кечиб, экстрадицияга розилик беришга мажбурлашмоқда. Мана куни кеча Саратовдаги ўзбекистонликка психологик босим қилишган. Натижада у адвокатдан воз кечди ва Ўзбекистонга жўнатилди. Яна бир Петербургдаги ҳимоямиз остидаги одамга ҳам юртдошлари томонидан босим бўлаётгани ҳақида хабар олдик. Бу ишлар шубҳасиз Россия органларининг розилиги билан амалга оширилмоқда. Қолаверса, менда аниқ далиллар бўлмаса ҳам, маҳаллий милиция ходимлари бу ишларни текинга бажараяпти, деган гап ақлга сиғмайди, дейди Елена Рябинина.

Россиялик ҳуқуқ фаоли фикрича, Ўзбекистон ва Россия махфий органлари биргаликда ўзбекистонлик диссидентларга босим ўтказишнинг барча мавжуд усулларидан фойдаланаяпти.

Ҳозирда Москва бўйича Федерал миграция хизмати бошқармаси томонидан Наби Султоновнинг Россия Федерация ҳудудида вақтинчалик бошпана бериш аризаси кўриб чиқилмоқда.
XS
SM
MD
LG