Линклар

logo-print

Айтилган сўз – отилган ўқ. Бас, шундай экан, айтилмаган сўз – ичингда қолиб кетган ўқдир. Айтилмаган сўз ичингни кемиради. Айтсанг, қутуласан. Айтмасанг – йўқ.

Бугун айтмоқчиман: Ўшга қилган командировкам давомида Сизга етказганим хабарлар доирасидан ташқарида қолган гаплардан биридан айтиб қутулмоқчиман.

Ҳечдан кўра кеч.

22 июл куни Ҳикматилло ҳожининг уйида тинтув тугаганидан кейин ҳамкасбларим билан Жалолободдаги аҳволни кўриш, вилоят губернатори Бектур Асановдан баъзи саволларимизга жавоб олиш учун йўлга чиқдик.

1990-йилги воқеаларни кўрганим, ўша вақтда шаҳардаям, унинг атрофидаям ҳар бир чорраҳада блокпостлар бўлгани эсимдалиги учун йўлга азондаёқ чиқмаганлигимизни ўйлаб юрагим сиқилди. Кунимиз йўлда ўтадиган бўлди, Жалолободга кечгача етиб олсак, марра бизники, деб ўйладим.

Сойгузардан чиқиб, бирпасда Тошлоққа етдик, ундан у ёғи Увомбўйи, Қирариқ, Мирозаолим, Фурқат ва мана, қишлоқдан чиқаверишда - блокпост.

Машинанинг олд ўриндиғида радиомиз қирғиз хизмати мухбири Жаниш ўтиргани учунми ёки орқа ўриндиқда - ёнимда икки ғарблик (Брус билан Жейми – ҳамкасбларим) бўлгани учунми, ҳар қалай, узунлиги бир қулоч автоматни елкасига ташлаб олган аскар кўп бошимизни оғритмади. Паспортларимизни кўрдию қўйиб юборди.

Бўлди. Шундан бошқа блокпост кўрмадим. Жалолободга боргунча бир неча аҳоли пункти бор. Энг йириклари: Қаҳрамон, Ўттизадир, Жаниариқ, Қуршоб, Ўзган...

Ўшдан узоқлашган сари кўп қишлоқларни билмайман, билсам ҳам адаштириб юборишдан чўчийман, шунингчун уларни айтмаяпман.

Жалолободга кираверишда биргина жойда пост кўрдик. У ҳам йўл-патрул хизмати – ўзимизнинг "қадимий" ГАИники.

Бўлди, бошқа йўқ. Нега йўқ? Ахир ҳар иккала вилоятда Комендант соати-ку?

Жалолободдан Ўшга, Комендант соати бошланиб қолгунича етиб келишнинг мўлжалини олиб, қайтдик.

Фурқатга келганимизда қош қорайиб қолган, йўлнинг икки четидаги куйиб кул бўлган уйлар юракни ғижимлайдиган даражада ваҳимали кўринарди.

Ҳайдовчимиз Увомбўйидан ўтиб, Тошлоққа юрмай, Гагарин кўчасига бурди машинани.

Кўчада зоғ кўринмайди. Машинаям.

Ўшда нима бўлганини билмаган одам бу шаҳарга қўққисдан шу дақиқаларда келиб қолса, бу ерда ўлат тарқаган экану ҳамма ўлиб битибди-да, деб ўйлаган бўларди.

Сойгузарга етай деганда кўчанинг ўртасида 4 аскар кўринди. Ҳар бирининг қўлида бир қулочли автомат.

Жим-жит кўчада уларнинг кирза этиклари асфалтга гурсиллаб тушаётганини аниқ эшитдим (ёки эшитгандай бўлдим?)

Мана Сойгузар. Етиб келдик. Лекин Жанишни уйига етказиб қўйиш керак эди. "Юго-восток"ка. (Бу микрорайонда совет даврида асосан ўрислар яшаган, кейинги йилларда улар кўчиб кетиб, титул миллат вакиллари кўпчилик бўлиб қолган).

Сойгузардан яхши югурсангиз, "Юго-восток"марказига
5 минутда етасиз.

Комендант соати бошланишига яна 15 минут бор. Кетдик. Ипак комбинати атроф-ҳудуди тугаб, "Юго-восток" бошланадиган жойда - блокпост. Беш-олтита машина ҳам кўринди.

Тўхтатишмади. Кетавердик. Жаниш машинадан Қирғиз-Ўзбек университети биноси олдида тушди (шу кунда бу ўқув юрти номи ўзгартирилган).

Блокпостдан ўтишимиз биланоқ атроф гавжумлаша бошлаган эди. Жаниш тушган жойда ҳаёт қайнаяпти. Яна 10-12 дақиқадан сўнг Комендант соати бошланади, десангиз, биров ўлса ишонадиган эмас.

Нима бўларкин Комендант соати бошланганидан кейин, деб ўйладим. Билгим келди. Қолгим келди.

Қолмаганимни айтайми?

Ё менинг ўрнимда Сиз қолган бўлармидингиз?

Қайтдик. Яна блокпостдан ўтиш керак.

Машинада Жаниш йўқ.

Брус менга қаради. Мен Жеймига қарадим. Жейми Брусга қаради.

Тўхтатишса-я?!

Йўқ. Тўхтатишмади. Сойгузарга эсон-омон қайтволдик.

Кейин роса ўйладим.

Туриб ўйладим. Ўтириб ўйладим. Ётиб ўйладим.

Ўшдан нари Жалолободга етгунча блокпост йўқ экан, демак хавф йўқ экан-да? Демак, халқнинг ёки унинг орасидаги баъзи гуруҳларнинг стихияли кўтарилиб кетиш хавфи йўқ экан-да?

Демак, конфликт назоратда экан-да?

Конфликт назоратда бўлса, у Назорат Қилинаётган (Бошқарилаётган) Конфликт, дейиладими?

Бошқарилаётган Конфликтни кимдир бошқарадими?

Демак, Ўш воқеаси Ким(лар)дир Бошқараётган Конфликтми?!

Менинг бу хулосам нотўғри бўлиши мумкин.

Унда "запас" хулосам ҳам бор. Титул миллат вакиллари Комендант соатидаям бемалол юрган, ўзбеклар эса ташқарига бурниниям чиқара олмаётган экан, демак, барча хавф ўзбеклардан!

Шунинг учун ҳам Гагарин кўчасида аскарлар ширин уйқудан қолиб, бир қулочли зил-замбил автомат милтиқларни туни билан кўтариб юришга мажбур.

Кирза этикларини янаям қаттиқроқ, янаям гурсиллатиброқ урсинлар асфалтга!

Токи ўзбеклар уйқусида ҳам эшитиб ётсин!

Акс ҳолда, улар яна ўз уйларига ўт қўйворади.

***

Ўқиганингиз, билганингиз воқеаларга бир деталь бўлиб хизмат қилмаса, аслида принципиал бир янгилик очмади Сиз муштарий учун.

Уни, балки, "Ўш дафтари" – сафарномам тўлиқланиб қолсин учун ҳам ёзгандирман.

Лекин кеча бир гапни эшитмаганимда, вақти ўтди деб, уни ёзмаган бўлардим.

Бутун Ўш танийдиган журналист ва драматург, қатор китоблар муаллифи, ўзбекча вилоят газетасининг кўп йиллик муҳаррири, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби А.А.нинг Россияга кетиб қолганини кеча эшитдим.

Ўшда бўлган кунларим машинада ўтиб кетаётиб А.А.ни узоқдан кўрган, машинани бурдириб қайтиб келиб, тополмай қолган эдим.

Суриштирдим. Уйига бормоқчи бўлдим. Барибир тополмайсиз, дейишди. Уйини босқинчилар эгаллаб олган, дейишди. Чой қошиғиям қолмаган уйида. Омади бор экан, янаям уйига ўт қўйиб юборишмади, дейишди.

Лекин ўзини ўз кўзим билан кўрганим учун ҳай, дедим, кўпга келган тўй, дедим. Кўрганимда эгнидаги кўйлак, бошидаги шляпа доимгидай оппоқ эди. Оқлик кўнглимни тинчитди.

Озиб кетганини стрессдан кўрдим.

Дил яралари битиб кетади, деб умид қилдим.

Ахир ҳокимиятга яқин одам, кўчада қўйишмас, дедим.

Йўқ, бўлмабди. Кетибди. Саратовдами, Самарадами, Оренбургдами экан шу кунда.

Ёши 70 га яқинлашиб қолди А.А.нинг.

Июн фожеаси арафасида Ўш шаҳри мэри М.М. А.А.ни миллатлараро муносабатлар бўйича ўзига маслаҳатчи қилиб тайинлаган эди.

Ана шунақа гаплар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG