Линклар

Шу йилнинг 25 октябридан 30 октябрига қадар Ўзбекистонда болаларни полиомиелитга қарши эмлаш бўйича миллий компаниянинг тўртинчи босқичи ўтказилади. Бунинг учун полиомиелитга қарши 11 миллион доза эмдори сотиб олингани хабар қилинмоқда.

5 ёшгача бўлган болалар орасида полиомиелитга қарши эмловнинг аввалги уч босқичи шу йилнинг май, июн ва июл ойларида ўтказилганди. Тўртинчи босқичда 15 ёшгача бўлган болалар эмланиши кутилмоқда.

Маълум бўлишича, бу галги эмлов республикадаги туғруқхоналар, боғчалар, мактаблар ва оила поликлиникаларида ўтказилади.

Бунинг учун Ўзбекистон бўйлаб 10 минг эмлов пункти очилгани, 9 минг шифокор махсус тайёргарликдан ўтгани хабар қилинмоқда.

Мутахассислар полиомиелит касаллиги Ўзбекистондан ташқари минтақанинг Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон каби мамлакатларида ҳам авж олганини қайд этадилар. Бу мамлакатларда ҳам расмийлар ёш болаларни мазкур касалликка қарши эмлаш учун турли чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар.

Полиомиелитга қарши курашда минтақа давлатларига хорижий ўлкалар ва ташкилотлар ёрдам кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган ёзда Япония ҳукумати Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда болаларни полиомиелитга қарши эмлаш учун ЮНИСЕФ жамғармасига қарийб 196 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратганди.
XS
SM
MD
LG