Линклар

Тошкент 2010 йилда инфляция ошмаганини айтмоқда


Расмий Тошкент 2010 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатда инфляция кўрсаткичи ошмаганини айтмоқда.

22 октябр кунги Вазирлар Маҳкамаси йиғинидан Ўзбекистон Ахборот агентлиги берган хабарга кўра, тилга олинган муддат давомида инфляция кўрсаткичи Вазирлар Маҳкамаси йил аввалида тахмин қилган 8,3 фоизлик кўрсаткичдан ошмаган.

Шунингдек, Ўзбекистонда ялпи миллий маҳсулот ҳажми шу йилнинг 9 ойи давомида 8,3 фоизга ўсган, давлат бюджетида профицит кўрсаткичи эса 0,2 фоиз, ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоиз, экспорт ҳажми эса 10,9 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди.

Аммо, қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Economist Intelligence Unit ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, бу йилги инфляция кўрсаткичи энг камида 15-16 фоизга етган.

“Бизнинг Ўзбекистонда 2010 йилги инфляция жараёнига оид тахминларимиз 15 ёки 16 фоизни ташкил қилади. Аммо, менинг назаримда бу ҳам асл вазиятни аниқ ифодаламайди. Асл кўрсаткич, ҳатто, 20 фоизни ҳам ташкил қилиши мумкин”, дер экан Economist Intelligence Unit ташкилотининг минтақавий тадқиқотчиси Жон Эндрю сўнгги йил ичида ойлик маошлар камида 30 фоизга ошгани ҳақидаги расмий маълумотлар ҳамда мамлакат бозорларида энг зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг камида 20 фоизга ошгани тўғрисидаги кузатувларни тилга олди.
XS
SM
MD
LG