Линклар

logo-print

Россия пойтахтида 24 октябр куни бўлиб ўтган XI Халқаро Қуръон ҳофизлари танловида эронлик Амин Пуя ғолиб топилди. 26 мамлакатдан келган қироат усталари ўртасида ўзбекистонлик ҳофиз ҳам иштирок этди.

Москванинг “Космос” меҳмонхонаси концерт залида ўтказилган бу йилги XI Халқаро Қуръон хофизлари танловида 26 мамлакат вакиллари ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Ўзбекистондан нуфузи ортиб бораётган ушбу қироат усталари мусобақасида Ҳусан Ваҳобов ҳам иштирок этди.

Мусобақани очиб берган Россия муфтийлар Кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин Москвада ўн биринчи маротаба ўтказилаётган қорилар танловида 40 дан зиёд мамлакат ҳофизлари иштирок этганини, улардан сараланган 26 нафаригина финал баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганини айтди.

- Бошқа йиллардан фарқли ўлароқ бу йилги танловимиз ЮНЕСКО маданий тадбирлари рўйхатига киритилди. Ғарб давлатларининг мусулмон эллари ўртасида ўтказиладиган бирор-бир тадбир бу каби мақомни ҳалигача қўлга киритмаган. Биз бу билан чексиз ғурурланамиз, - деди Россия муфтийлар Кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин.

Россия Бош муфтийсидан кейин сўзга чиққан Саудия Арабистони Қироллиги элчиси Али Ҳасан Жаъфар тадбир мухлислари ва иштирокчиларини табриклаб, Россия муфтийлар Кенгаши томонидан кўрсатилган икки нафар зиёратчининг келаси йил Каъба зиёрати билан боғлиқ барча сарф-харажатларини ўз зиммасига олишини эълон қилди.

Бу мусобақа эмас, деди элчи Али Ҳасан Жаъфар¸ унинг ҳар бир иштирокчиси ва мухлиси аллақачон ғолибдир.

Москвада ўтказилаётган Қуръон ҳофизлари танлови иштирокчиларига ўз табригини Россия Федерацияси Кенгаши раиси Сергей Миронов ҳам йўллаган.

Россия муфтийлар Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган ҳофизлар мусобақасига Марказий Осиёдан ташриф буюрганлар орасида ўзбекистонлик 26 ёшли Ҳусанжон Ваҳобовдан ташқари қозоғистонлик Садуахас Ўлжабаев, қирғизистонлик Азизбек Андалипов ва тожикистонлик Исмоилжон Шунқоровлар ҳам бор.

Зални тўлдириб ўтирган мухлислар ичида ўзбекистонликлар ҳам талайгина. Наманганлик Мухторжон ўзбекистонлик иштирокчини қўллаб-қувватлагани ўз оиласи билан келган.

- Менинг исмим Мухтор, Наманган шаҳрида туғилганман. Москванинг Ногинск шаҳрида ишлайман. Эълонни кўриб қолдим ва билетни ҳам ўша ердан олдим. Келиб қорилар мусобақасини томоша қилишга қизиқишимиз бор.

Озодлик: Мана, мен кўриб турибман, ёнингизда қизчангиз ҳам ўтирибди, оилангиз билан биргамисиз?

- Мен оилам билан шу ерда ишлайман. Ҳайдовчи бўлиб ишлайман беш-тўрт йилдан бери. Мана шу қизим Москвага келган эди бу йил, яқинда кетишади Ўзбекистонга. Кетишларидан олдин Москвани кўрсатиб, айлантириб, мана қориларнинг мусобақаларига ҳам насиб қилди - томоша қиламиз. Ўзбекистондан ҳам қатнашчи бор экан шунга, Худо ҳоҳласа, болеть қиламиз-да, деди наманганлик Мухторжон.

Биз унинг қизчасига ҳам микрофон тутдик.

Озодлик: Сизнинг исмингиз нима?

- Исмим Роҳила...

Озодлик: Бу ерда нима бўлаётганини биласизми?

- Қорилар мусобақаси!

Мухлислар орасида ўтирган бир гуруҳ самарқандлик талаба йигитлар ҳам бор экан. Улардан бири Нодирни суҳбатга тортамиз.

- Мен Нодирман, Самарқанддан. Масжиддан, ахборотдан, интернет сайтлардан, кўп жойлардан эшитиб келдик шу танловга. Албатта, унга қизиқмасдан бўладими?..

Озодлик: Бу ерда нима иш қиласиз?

- Бу ерда мен ўқийман, кейин бўш вақтимда “оператор на телефоне” бўлиб ишлайман. Мен бу ерга шунчаки эмас, балки роҳатлангани келдим, - деди самарқандлик Нодир.

Мусобақа иштирокчилари маҳоратини баҳолаб борган Баҳрайн, Россия, Туркия, Миср ва АҚШдан келган ҳакамлар биринчи ўринни эронлик Амин Пуяга, иккинчи ўринни туркиялик Мехмет Билирга ва учинчи ўринни малайзиялик Муҳаммад Анвар бин Ғаззолийга топширдилар.

Мусобақада иштирок этганлар орасида энг ёши деб тан олинган 17 ёшли Исмоилжон Шунқоров ҳакамларнинг махсус мукофоти билан тақдирланди.

Москвадаги XI Халқаро Қуръон ҳофизлари танлови ташкилий қўмитаси раиси Рушан ҳазрат Аббасов бу йилги танлов натижаларидан мамнун эканлигини айтади:

- Менимча, танлов ўз мақсадларига эришди. Ва алҳамдулиллоҳ, бизнинг уни янада ривожлантириш ва кенгайтириш режаларимиз бор. Демак, бу Россия мусулмонлар жамоаси бугунги кунда бирлашаётганидан даракдир. Биз келажакда жаҳоннинг барча мусулмонлар жамоасини жалб қилишга ҳаракат қиламиз, деди танлов раиси Рушан ҳазрат Аббасов.

Москвада ўтказилган XI Халқаро Қуръон хофизлари танловида биринчи маротаба Австрия, Озарбайжон, Тунис, АҚШ, Эстония ва Ҳиндистон мамлакатларидан келган вакиллар ҳам иштирок этди.

Ўтган йилги Москва Халқаро Қуръон ҳофизлари мусобақасида чиройли қироат мусобақасида туркиялик Бунямин Тўпчуўғлу, Қуръонни ёддан билиш танловида эса тожикистонлик Сиратулло Раупов ғолиб, деб топилганди.

Биринчи Бутунроссия қорилар ва ҳофизлар мусобақаси 2000 йилда ўтказилган ва унда асосан Москва мадрасалари талабалари иштирок этган.

2003 йилда мусобақа минтақавий босқичга чиққан.

2007 йилдан буён Россия Муфтийлар кенгаши қарори билан мусобақа халқаро даражага кўтарилди.

2007 йилдан буён Россияда аёллар ўртасида ҳам қироат мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG