Линклар

Қуёшли Ўзбекистонда қуёш қачон чиқади?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

"Ўзбекистонимизга қачон қуëш чиқар экан? Қачонгача мардикорлик қилиб юрамиз?" деган шерободлик Анвар ака Россиядан ватанга қайтиб, Ўзбекистонда чиройли бинолар қуришни орзу қилади. Унинг юртдошлари эса Ўзбекистонда мавжуд бошқа кўплаб ижтимоий муаммолардан шикоят қилмоқдалар.

Ногиронларни ҳам пахтага ҳайдаяпти

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан қўнғироқ қилган Жўрабек Саидазимов биринчи гуруҳ ногирони. Жўрабек акага кўра, Ангрендаги банк ва почта ходимлари ногиронларни ҳам пахта теримига жалб қилишмоқда.

- Мен кўзи ожиз инвалидман. Телефон қилган эдим. Банкдагилар пул йўқ, деб алдайди бизни. "Пахтага боринг" деб, инвалидларни пахтага олиб бориб қийнаяпти бизни.

Озодлик: Жўрабек ака, сиз кўзим ожиз дедингиз-а?

- Ҳа, кўзим ожиз. Биринчи гуруҳ ногирониман.

Озодлик: Яна пахтага бор дейишаяптими?

- Пул бермаслик баҳонасида. Банкдагилар: “Ҳеч бўлмаса ўрнингга одам жўнат. Одам жўнатсанг, пул бераман, бўлмаса йўқ”, деяпти. Мана шунақа ўйин қилиб, пул бермаяпти. Бизни қийнаяпти.

Озодлик: Сиз қайси пулни назарда тутаяпсиз? Нафақа пулиними?

- Пенсия пулини айтаяпман.

Озодлик: Банкнинг нима алоқаси бор? Уни почтадан олмайсизларми?

- Почтага банк беради-ку. Почтанинг бошлиғига айтсам, “Одамларинг пахтага одам жўнатсин. Кейин пул бераман, деб айтаяпти менга” деди. Банкнинг бошлиғи почта бошлиғига шунақа деяпти экан.

Озодлик: “Мен ногирон бўлсам, қанақа қилиб пахта тераман?” демадингизми?

- Айтдим. “Ўрнингга одам топ”, дейди. “Кўзим ожиз бўлса, қаердан одам излайман”, дедим. Ангрен ҳокимининг ўринбосарига ҳам мурожаат қилдим. “Ака, ëрдам беринг, шунақа деяпти” десам, “хўп”, дейди. Буларнинг гапи хўп.

Битта нафақада яшайман. Қийналиб қолдик. Хотиним иккинчи гуруҳ ногирони, руҳий касал. Охири сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Бошқа ерларда нафақани бериб бўлди уже. Банк бошлиғи Хайрулла деган йигит. Қандай тушунтирсам бўлади, ўзига ишонган, “Қўлингдан келганини қил” дейдиган йигит-да. Ногиронларни беҳурмат қилади, - дейди биринчи гуруҳ ногирони бўлган суҳбатдошимиз.


Ҳолимиздан хабар олгувчи йўқ

Сурхондарёнинг Қизириқ тумани Охунбобев маҳалласида яшовчи Лола Мирраҳимовага кўра, қишлоқ аҳли етти йилдан буён электр энергияси муаммосидан қийналиб яшаяпти.

- Бизнинг муаммомиз - мана 7 йил бўлди - свет йўқ, газимиз йўқ. Президентга ëзганман. Етти йилдан бери президентга, Олий Мажлисга, ҳокимиятга ëзамиз. Светимиз умуман йўқ.

Озодлик: Свет умуман йўқми ëки кунда маълум соат бўлмайдими?

- Свет беради. Мана, кечқурун соат олтида беради, еттида ўчиради. Кейин соат 8 дан 11 гача ëнади. Кундуз куни светимиз йўқ. Мана, Афғонистонга свет бераяпти, ўзимизга йўқ. Мана, қиш келаяпти. Кўмир йўқ. Бир тоннаси 200 минг туради. Мана, ғўзапояни энди ўраяпти. Ғўзапоянинг бир тележкаси 150 минг. Қаерга борсангиз, ҳеч ким жавоб бермайди. Пенсияни ҳам, уч ой бўлди, мана бермаяпти.

Озодлик: Нима учун бермаяпти?

- Йўқ. Даже пластик карточкага ҳам вақтида бера олмайди. Пластикка ўтдим, у ҳам йўқ. Шароит жуда оғир-да. Ҳукумат қарамайди. Қишлоқда халқ қандай яшаяпти, нима бор, нима йўқ, нима етмайди, нима етади – умуман биттаси ҳам келиб сўрамайди, - дейди қизириқлик Лола опа.


Президент ваъдаси бажарилмаяпти

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган, асли Сурхондарёнинг Шеробод туманидан бўлган Анвар ака мардикорлик жонига текканини, Ўзбекистонда вазият ўнгланишини кутиб чарчаганини айтади.

- Ўзбекистонимизга қачон қуëш чиқар экан? Қачонгача мардикорлик қилиб юрамиз?

Озодлик: Қачондан бери у ëқдасиз?

- Олти ой бўлди. Тўртта фарзандим бор. Ўзбекистонда боқиш, битта жойда ишлаш шароитим йўқ. келувдик яхши, ишлаяпмиз. Тўрт-беш сўм ишлаяпмиз, лекин бола-чақадан узоқлигимиз алам қилади-да.

Озодлик: Соғинасиз.

- Албатта. Айниқса аëлларимизни соғинганда, кўзлардан ëш оққанда кечалари. Онажонларимизни соғинамиз. Ўзимизда шароит яхши бўлганда, ўрис мамлакатида қураëтган уйни ўзимизда қурган бўлармидик... Қачон биз озодликка чиқар эканмиз, шароит яхши бўлар экан? Кечаси билан ўйланиб чиқамиз. Ҳамма нарса қиммат. Тўртта бола-чақани боқишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Президентимиз: “20 йилдан кейин ўзимизни тиклаб оламиз”, деган эди. 20 йилдан уже ўтаяпти. Тикланиш ўрнига баттар бўлиб кетаяпмиз. Кеча бир хилларимиз телефонда гаплашди. Ўзбекистонликларнинг уйида нони йўқ, деган хабарларни эшитаяпмиз, - дейди сурхондарëлик Анвар ака.


Бойсунда яшаш оғир

Сурхондарёнинг Бойсун туманидан қўнғироқ қилган Интизор исмли аёл фақат ёлғиз қизига оладиган нафақа пули ҳисобига тирикчилик қилади. Интизорга кўра, Бойсун аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ниҳоятда аянчли аҳволда.

- Совуқ тушди. Газ йўқ. Сувдан қийналамиз. Шунчалик қийин аҳволда яшаяпмиз. Жуда ҳам қийналаяпмиз. Нима қилишимизни билмаймиз. Нима қилсам бўлади? Бир жойга иш сўраб борсак, “ўқимагансан”, дейди. Ўқиганмиз, коллежни битирганмиз. Энди бўлса, на иш бор бизга, на иш билан таъминлайди. Одамни қийнаб қўйди-да тўғриси ҳаëт. Жуда чарчаб кетдик шунақа қийинчилик билан яшаб. Билмадим, энди нима қилсак экан... Чарчадик тўғриси. Одамзод дунëга бир марта келади. Тўғри одамзод чидаши керак, сабр қилиши керак, лекин сабр ҳам ортиқ бўлиб кетди-да.

Ҳозир Бойсунда иш йўқ. Ишсизлик авж олаяпти. Қаерга бориб додимизни айтишни билмаймиз. Нима қилишни билмаймиз. Қийналиб, чарчаб кетдик. Бизда совуқ эрта тушади. На газ бор, на свет бор. Газ деб ҳар йил пул йиғади, лекин газдан дарак йўқ. Йўлларимиз бир аҳволда. Қишда қийналамиз. Мана бизда уже қор ëғиш арафасида турибмиз. Бойсун жуда чиройли жой. Арчалар билан ўралган, тоғлар билан ўралган жуда чиройли роҳатбахш жой. Бойсунни эртак мамлакат қилса бўлади. Халқни иш билан таъминласин, фабрика очсин, завод очсин. Одамлар ибтидоий нимада яшаб қолаëтгандай бўлаяпти-да. Бозоримиз шунчалик қиммат, шакар йўқ ҳозир. Бойсуннинг бозорида шакар топа олмайсиз.

Озодлик: Ҳеч қаерда ишламасангиз, фақат нафақа пулига кун кечириш қанақа? Нимага етказаяпсиз шугина пулни?

- Нима қилайлик? Иложимиз йўқ-да. Бу ойдан у ойга аранг уланиб туради. Рўзғоримизда бир кун қозон қайнаса, бир кун қайнамайди. Овқат ҳам гўштсиз. Гўштнинг килоси 12 минг. Бизга ўхшаган бечоралар қаердан олади? Ëш болаларнинг илиги тўлиши керак, оқсилга бой овқатлар ейиши керак. Бизнинг қўлимиздан келмайди, иложимиз йўқ. Қийналдик. Бирор киши: “Мана, синглим, сизлар ҳам инсонсизлар, сизлар ҳам яшанглар”, деса экан. Қани энди шундай бир шароит бўлса бизга ҳам, - дейди бойсунлик суҳбатдошимиз Интизор.


“Қип-қизил коррупция”

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи Набижон Жўрабоев тумандаги табиий газ муаммосини тилга олади.

- Ғаллаорол туманида бечора халқ пахта планини бажарди, пилла планини бажарди, ғалла планини бажарди, лекин район бўйича газ масаласи жуда ҳам оғир. Ҳар ойда 3-4-5 кунлаб район бўйича ўчиришади. Қип-қизил коррупциянинг ўзию бу. Чунки районнинг ўзи давлатдан ҳозир 3 миллиардга яқин қарз. Лекин бирорта халқ қарзмас-ку. Пенсиясидан ушлайди, бечора болаларнинг пособиесидан ушлайди мажбуран, кейин жуда ëмон нарсаки, газни сўрамай ўчиради, сўрамай ëқади. Мана, ўтган йил бир нечта уйлар ëниб кетди. Мен айтмоқчиманки, наҳотки ўзининг виждонини жиғилдонга айлантириб, халқнинг ҳақини еб, яна халқнинг ғамини емаган раҳбарларни нима деб ўйлаш мумкин? Трансгазнинг бошлиғи қамалди. Битта одамнинг қамалгани билан иш битмайди-да. Ҳар битта област, ҳар битта район жавоб бериши керак халқ учун. Халқ ҳозир азоб чекиб ëтибди. Газ йўқ, дейди ғаллаороллик Набижон Жўрабоев.


Халқ қарғиши яхшиликка олиб бормайди

Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам туманида яшовчи Бахтиёр ака Озодлик мухлисларидан бири эканини айтиб, Ўзбекистон билан Қозоғистондаги вазиятни таққослайди.

- Вазият оз-моз фарқ қилади. Бизда унчалик эмасу, лекин бизда ҳам коррупция, бошқаси бор. Коррупция қаерда кучайса, ўша ернинг давлати заифлашиб боради. Барибир бир кун емирилади у. Коррупцияга қарши кураш эълон қилингани билан наоборот коррупция кучаяяпти. Шахсга сиғиниш кучаймоқда. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш ҳол бўлаяпти-да энди. Бўлмаса, мактаб болаларини пахтага жалб этиш, оқибатларини билиб туриб, унга чек қўймаслик ва бошқаларининг ҳаммаси яхшиликка олиб бормайди-ку. Қонундан четга чиқиш, жиноятларни таъқиб қилиш, халқнинг орасида гап бор-ку "халқнинг қарғишига қолган кўкармайди" деган. Кўпчилик томонидан норозилик бўлиб қарғиш ëғилаверса, албатта бунинг оқибати яхши бўлмайди, - дейди Бахтиëр.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG