Линклар

Тошкентдаги “Туркистон” саройида Ўзбекистон республикаси ички ишлар ходимларидан бир гуруҳига ҳукумат мукофотлари топширилди. Ички ишлар ходимлари касб байрами муносабати билан мукофот олганлар орасида йўл патрул хизмати зобитлари, терговчилар ва қамоқхона нозирлари бор.

Шунингдек, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш республика маркази бошлиғи Ўзбекистон президенти фармонига кўра "Содиқ хизматлари учун" медалига лойиқ топилди.

Айни пайтда милиционерларнинг касб байрами ўтаëтган сана арафасида Ўзбекистон Ички ишлар идораси терговчиларининг сўроқ пайтида қизларни зўрлагани, маҳбусларни қийнагани ва хорижга изнли чиқишнинг салбий томонлари халқаро ҳисоботлардан ўрин олди.

Шу билан бирга Ўзбекистонда “Милиция тўғрисидаги қонун”нинг йўқлиги, бу соҳа ходимларининг қуюшқондан чиқиб ҳаддан ошганига сабаб сифатида кўрилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг расмий нашри бўлган “Постда” газетасининг исми айтилишини истамаган ходими милиционерлар йилда бир мартаба тақдирланишини, бу одатий ҳол эканини айтади.

- Қандай ишлаган бўлса, шундай мукофотга тавсия қилган. Президентимиз байрам муносабати билан мукофотлаяпти. Бунинг нимаси ëмон, - дейди “Постда” газетасининг исми айтилишини истамаган ходими.


Райҳонани милициялар зўрлаганмиди?

"Журналистик тажрибамда аëллардан жабр кўрган биргина милиционерни биламан. Урганч бозоридаги Матëқуб исмли милиционернинг қўлини ëғ сотаëтган аëл қаттиқ тишлаб олган эди. Оғриқ жонидан ўтган Матëқуб бу қиз устидан шикоятчи бўлган эди. Аксарият холларда милиционерлар зўравонлигидан шикоят қилинади", дейди тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиев.

- Ўзбекистонда халқ билан милиция ўртасида шундай бир таранг вазият юзага келганки, агарда оддий фуқаро милициянинг яқинидан ўтаëтган бўлса, иложи бўлса, кўчанинг нариги томонига ўтиб кетади. Ўтаëтган одамнинг юрагида албатта қанақадир бир қўрқинч пайдо бўлади. Бир сесканиб олади. Бир вақтлар “Менинг милициям - менинг ҳимоячим” деган шиорлар мавжуд эди. Ҳозир бу шиорни ҳамма унутган бўлса керак. Ҳатто кўчадаги тартибни сақлайдиган милиционерлар эмас ГАИ ходимларини оладиган бўлсак, ҳар бир машина ҳайдовчиси катта маблағ пули бўлиб ўзига ишонган бўлмаса, ўтаëтган вақтида бир сесканиб ўтиб кетиб қолади, - дейди Камрон Алиев.

Милиция биносида зўрланган қизлар ҳақида ҳикоялар кўп, аммо бу ҳақда расман шикоят кечаëтган йилда юзага чиқди. Шу йил бошида тергов давомида милиция ходимлари зўрлик ишлатиб Райҳон ва Хосият Соатоваларнинг номусига теккани ҳақида ëздик. Опа-сингиллар яқинларига кўра, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани тергов ҳибсхонасининг 12 нафар ходими Райҳон Соатовани зўрлаб¸ номусига теккан. Райҳоннинг ўзи ҳам Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Азиз Умархонов унинг номусига текканини билдирди.

Бундай ҳолатлар Ғарбда содир бўлганида, Ички ишлар вазири истеъфога кетган бўлар эди, аммо Ўзбекистон Ички ишлар вазири куни кеча Туркистон саройида қилган маърузасида милиционерлар ëш авлод тарбиясига ҳисса қўшмоқда, деб таъкидлади. Худди Соатовалар қиссасидан ҳисса чиқмагандек.


"Милиция тўғрисидаги қонун" қачон қабул қилинади?

"Ўзбекистон ҳар бир соҳа назорат остига олинган ва қонунлар доирасига киритилган мамлакат ҳисобланади. Мисол учун айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон сенати ҳозир ўликни дафн қилиш маросимларини ҳам кўриб чиқмоқда. Шунга қарамасдан, Ўзбекистонда милиция тўғрисида қонун йўқ", дейди сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

- Айтиш керакки, шу ҳукуматимизнинг ўзи ҳар бир ташкилотдан, ҳар бир гуруҳдан лицензия сўрайди, уни рўйхатга олади. Агар лицензияси бўлмаса, рўйхатдан ўтмаса, буни ноқонуний, деб эътироф этади. Энди милицияга келадиган бўлсак, бизнинг милициямиз 1973 йилда чиққан кўрсатма асосида ишлаб келаяпти. Демак, милициянинг ўзи қонун доирасида ишлаëтган ташкилот эмас. Қонун доирасида ишламаëтган ташкилот бўлгандан кейин ноқонуний ташкилотнинг ғирт ўзи. Ноқонуний ташкилот бўлса, бу ташкилот тўғрисида қонун бўлмайдиган бўлса, милицияни йўқ қонуннинг қайси бандига биноан нотўғри иш қилди, дейишимиз мумкин?

Тартибот сақловчи ташкилот бўлгандан кейин биринчи навбатда шу ташкилотнинг ўзи қонун асосида ишлаши керак. Фуқаролар милиция ўзининг ваколатидан, салоҳиятидан, хизматидан четга чиқаëтган пайтда - ҳар бир қонуншунос борми, ҳимоячи борми, оддий фуқаро борми - билиши керакки, милициянинг оддий ходими фалон пайтда ўзининг хизмат чегарасидан чиқиб кетди, қонунни бузди ëки бўлмаса шу милиция ходимига буйруқ берган раҳбари буйруқни бериб хизмат доирасидан чиқиб кетди, дейиш мумкин. Бу катта ташкилот. Бир миллионга яқин ишлайдиган тартибот ходимлари бор. Буларнинг ҳаммаси қонундан ташқарида, қонунсиз равишда ишлаб турган одамлар. Қонунсиз ишлаб турган бу ходимлардан нимани талаб қилиш мумкин? Бизнинг жамиятимиз, шахсан мен нимани талаб қилишим мумкин? - дейди Тошпўлат Йўлдошев.


Миршаб, Милиция, Полиция

1992 йилда Ўзбекистонда янги атамалар урф бўлган пайтда Ислом Каримов олий кенгаш сесиясидан туриб “Милиция номини миршаб, деб ўзгартирсакмикин” деб ҳазил қилган эди.

Миршаб калимаси форсчадан таржима қилинса¸ "қоронғулик амири" деган маънони билдиради. Ўзбек милицияси мулозимлари бу калима маъносининг ҳақиқатга тўғри келганидан истиҳола қилишди шекилли, милиция калимаси ўзгаришсиз қолди. Ўзбек милициясининг миллат зеҳниятидаги қиëфаси ëмонлашди. Ўзбек милиционерлари ҳажв қилинган латифалар урчиди. Бунинг баробарида милиционер бўлишни орзу қиладиган авлод ҳам етишди. Сўровлар пайтида аксарият ëшлар космонавт ëки инженер эмас, балки милиционер бўлиш истагини баëн қилишди. Бугун Ўзбекистон улги олган милиция хизмати 1917 йилда болшевиклар тарафидан жорий қилинган эди. Бу калимани муомалага киритганлар вориси бўлган Россия милициядан воз кечиб, полиция тизимига ўтадиган бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG