Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:13

Жалолободда Азимжон Асқаров шикоят аризаси бўйича маҳкама бошланди


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ўзини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи инстанция суди қароридан норози эканини айтмоқда.
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ўзини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган биринчи инстанция суди қароридан норози эканини айтмоқда.

Жалолобод вилоятининг Новкен туман суди томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг шикоят аризаси бўйича 25 октябрда Тошкўмирда бошланган маҳкама 3 ноябр кунига қолдирилди.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг шикоят аризаси кўриб чиқиш маҳкамада адвокатлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Жалолобод вилоятининг Новкен туманидан Тошкўмир шаҳрига ўтказилган.

Шу йилнинг 25 октябр куни Азимжон Асқаровнинг шикоят аризаси юзасидан бошланган маҳкамада Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани ҳокими Қубат Ортиқов гувоҳ сифатида кўрсатма берди.

У Азимжон Асқаровни 11 июн куни қирғиз-ўзбек чегарасига қочган бозорқўрғонликларни ўз уйига қайтариш учун борганида ўзини гаровга олишга ва Ўзбекистонга олиб ўтишга уринганликда айблади:

- “Одамларга айтинг, сизни гапингизга киришади, сиз доимо ўзбек фуқароларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб юрасиз, қайтишсин” десам, “Сиз кафолат берасизми?”, деди. Мен: “мен эмас, иккаламиз кафолат беришими керак”, дедим. Мен: “Чегарадан ўтишга уринсанглар, отади”, десам, “ушланглар, отса, сени отади”, деб менга бошқа гапларни гапиришни бошлади, - деди Қубат Ортиқов Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Бироқ маҳкама жараёнида ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳокимнинг бу иддаоларини рад этди:

- “Мен гарант бўлмайман”, дедингиз, “Унда мен ҳам кафил бўлолмайман”, деб машинага ўтириб кетдим-ку. Буларни ҳаммасида бўлган воқеаларнинг видеоси бор. Булар видеога тортиб олишган. Лекин мен ўша ерда йўқ бўлганим учун менга кўрсатишмаяпти. Мен ўша ерда бўлганимда аппаратураларим билан бўлардим. Бу нарсалар тергов учун фойда бўларди. Мен у ердаги ишларни видеога тортиб олган бўлардим, деди Азимжон Асқаров.

Асқаров Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби хатти-ҳаракатларда айбланиб қамоққа олинган эди.

2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда судланган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берганлар.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров, Расулов, Абдураимов, Қўчқоровни бир умрга, Шукуржон Мирзалиев, Минура Мамадалиевани 20 йилга, Санжарбек Муллахуновни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Бироқ барча маҳкамаларда судланувчилар ўзларига қўйилаётган айбловларга иқрор эмасликларини айтиб келишади.

25 октябр куни бўлиб ўтган маҳкамада эса Новкен туман суди томонидан 20 йилга озодликдан махрум қилинган Минура Мамадалиева тергов бир қатор камчиликлар билан ўтказилганини айтди:

- Ўтган Новкен туман судида гапирай десам, менга сўз беришмади. Мен гапиролмадим. Мени терговда гувоҳ бола билан юзлаштиришганда, у бола: “мен келсам, прицепни ўша Минура эжа қўйдириб қўйибди”, деди. Бироқ судда бошқа кўрсатма бераяпти. Маҳмуджон мени кўрмаган, мен уни кўрмаганман, - деди Минура Мамадалиева.

Томонлар даъволари тингланганидан кейин судья мазкур иш бўйича маҳкама жараёни 3 ноябр куни давом этишини эълон қилди.

Расмий маълумотларга кўра, шу йилнинг 11-15 июн кунлари Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалар юзасидан 4 мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда бу воқеаларга алоқадорликда айбланиб, 268 одам қўлга олинган, мингдан ортиқ одамга қидирув эълон қилинган.

Ҳозирда июн воқеалари юзасидан бўлиб ўтган суд маҳкамаларининг кўп қисми биринчи инстанцияларда ўз ниҳоясига етиб, эндиликда судланувчиларнинг шикоят аризалари кўриб чиқилмоқда.

Ўш ва Жалолободда ўтказилаётган маҳкамаларида судланувчилар ва адвокатлар жабрланувчилар томонидан калтаклангани сабабли суд мажлислари адвокатлар ва ҳуқуқ фаоллари талаби билан бошқа ҳудудларга кўчирилган.
XS
SM
MD
LG