Линклар

“Қирғизистонда келажак қолмади”


Маълумотларга кўра, июн воқеаларидан кейин ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг кўпи Россиядан бошпана топганлар.

Маълумотларга кўра, июн воқеаларидан кейин ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг кўпи Россиядан бошпана топганлар.

Қирғизистон Статистика қўмитаси маълумотига кўра, июн воқеасидан сўнг Ўшдан бошқа мамлакатларга чиқиб кетганлар сони 1500 киши атрофида. Бироқ Ўш шаҳар кенгаши депутатлари бу рақамни “ўта кулгули”, деб атадилар. Ўшлик депутатларга кўра, шаҳарни тарк этганлар сони ўн мингларни ташкил қилади.

Қирғизистон Миграция хизмати эса Ўшдан кетганлар сони 40 мингга яқин, деган тахминий рақамни билдиради.

Ўш воқеаларидан сўнг миграция жараёнини кузатган бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова бу рақамни ҳақиқатга яқинроқ, деб билади. Унинг айтишича, июл ойидаёқ Ўшни тарк этганлар сони 20 мингга яқинлаб қолган.

- Ўшдан ўн саккиз минг олти юз одам чиқиб кетган бўлса, улардан ўн минг олти юзи ўзбеклардир. Бу фақатгина самолёт билан чиқиб кетганлар сони. Бундан ташқари, одамлар поезд ва автомашиналарда ҳам Ўшдан чиқиб кетишган. Уларнинг қанча эканини ҳеч ким ҳисоблаган эмас, - дейди Азиза Абдурасулова.

Ўш мавзеларидан бирида яшовчи маҳалла фаоли Манзура опанинг айтишича, июн воқеаларидан сўнг шаҳардан бошқа мамлакатларга асосан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан ноқонуний тарзда таъқиб қилинганлар чиқиб кетган.

- Уриб-суриб, қилмаган жиноятларини бўйнига қўйдиришаяпти. Майли, айби бўлса қонун олдида жазосини олиши керак. Аммо ҳеч қандай айби йўқ, бегуноҳ йигитларни ҳам таъқиб қилишди. Биринчи кунлари ҳар куни ўнта, йигирматалаб болаларни қамоққа олишди. Шундан кейин ота-оналари уларни бошқа ёқларга қочириб юборишга мажбур бўлишди. Маҳалламизда ҳозир эркак қолмаган, - дейди Манзура опа.

Ўшлик Мақсуджон ҳам мана шундай таъқиблардан қочиб, оиласи билан Россиянинг Ленинград вилоятидан бошпана топди.

- Ўш воқеалари пайтида менинг дўконларимга ўт қўйилди. Тирикчилик қилиб турган машиналарим бор эди. Машиналаримни ҳам тортиб олишди. Қирғиннинг иккинчи куни оиламни Ўзбекистонга кўчираётган эдим. Йўлимизни ниқобли одамлар тўсиб, бола-чақамни машиналардан тушириб, машиналарни ҳайдаб кетишди. Ниқобли одамлар орасида орасида аёллар ҳам бор эди. Жонимиз омон қолганига шукур қилиб, қолавердик. Ундан кейин милиционерлар мени таъқиб қила бошлади пул ундириш мақсадида. Шундан кейин Ўшдан чиқиб кетишга мажбур бўлдим, дейди Мақсуджон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у яшаётган Ленинград вилоятида Ўш воқеаларидан сўнг бошпана топган ўшликлар кўпчиликни ташкил қилади.

- Мен ўзим 2-3 минг ўшликни кўрдим. Бу биргина Ленинградда кўрганларим. Бошқа шаҳарларда қанча эканини билмайман. Уларнинг кўпчилиги милициянинг таъқибидан қочганлар экан. Бундан ташқари, Ўшдан қочган қирғизлар ҳам кўп. Мен ўшлик қирғиз йигит-қизлар билан битта навбатда туриб, Россия фуқаролиги учун ҳужжат топширдим. Ўшанда қирғиз йигитлардан: “Нега бундай қилаяпсизлар, ахир сизлар қирғизларсизлар, мамлакатнинг номи ҳам Қирғизистон-ку?” деб сўрадим. Қирғиз йигитлар: “Энди кейинги 10-15 йил ичида бу мамлакатда ривожланиш ҳам, тинчлик ҳам бўлмайди. Қирғизистонда келажак қолмади”, деб жавоб беришди, - дейди Мақсуджон.

Айни пайтда Мақсуджон Ленинграддан бошпана топган ўшликлар қишлоқ хўжалик ишларида ишлаётганликларни ҳам айтиб ўтди.

Кейинги суҳбатдошимиз Салтанатхон ҳам Ўшни тарк этаётганларнинг кўпчилиги Россияга кетаётганини, бунга июн воқеаларидан сўнг ишсизликнинг кўпайгани ва хавфсиз ишлаш имкониятининг йўқлиги сабаб бўлаётганини айтади:

- Қозонга, Уфага, Алметевскга кетишаяпти. Бироқ Қозонга кетаётганлар сони кўпроқ. Бизнинг кўчамизда 50 та хўжалик бўлса, ҳар бир ҳужаликдан 2-3 тадан одам Россияга кетган. Ўғилларимиз, келинларимиз, қизларимизнинг ҳаммасини Россияга жўнатганмиз. Масалан, бизнинг уйимиздан 4 та оила бола-чақаси билан ҳозир Россияда. Қирғизистонда келажакнинг йўқлиги, ишсизлик, умуман тинч ишлаш имкониятининг йўқлиги шунга мажбур қилаяпти, - дейди Салтанатхон.

Айни пайтда Ўшдан чиқиб кетаётганларнинг асосий қисми Россиядан бошпана топаётганлигини расмийлар ҳам тасдиқламоқда. Бироқ ўшлик ўзбекларнинг бир қисми Туркия, Украина, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кореядан бошпана излаётгани ҳам айтилмоқда.

Чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлган ўзбеклардан қанчаси қочқинлик сўрагани ёки қочқин мақомини олгани ҳақида расмий маълумотлар йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG