Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:44

"Уронғич ҳокимни судга бериш керак"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

Озодликка қўнғироқ қилган қизириқлик Қаҳрамон ака, агар ҳокимлардан калтак еган фермерлар ўзларининг ҳақлигига ишонсалар, уларни судга беришлари кераклигини айтади.


“Нега фермер ҳокимни судга беролмайди?”


Эркин микрофонга илгари гапирган сариосиёлик отахон Ихлос бобо фермерлар ҳокимлар томонидан калтакланаётгани ҳақида гапирган эди. Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидан қўнғироқ қилган Қаҳрамон Тошқулов, фермерларнинг ўзлари ҳокимлар олдида муттаҳам эканлигини ва шунинг учун калтак еса ҳам индамай туришини айтади:

- Мана эшитаяпмиз, Тoшкент вилоятидан, Сирдарë вилоятидан, Қашқадарëдан, Сурхондарëдан жуда ҳам шундай гаплар кўп. Агар фермерларни ураëтган бўлса, бирорта фермер урган бирорта прокурорни, ички ишлар ходимини ëки ҳокимни судга берганми? Республика бўйича урди деган 10 тадир, 20 тадир. Агар мард бўлса шу фермерлар, орқаси тоза бўлса, ўзининг муттаҳамлиги бўлмаса, бирорта фермер “ҳоким мана қўл кўтарди” деб судга мурожаат қилмайди-да. Қила олмайди. Сабаби фермернинг ўзи муттаҳам бўлса керак. Мен шундай, деб ўйлайман.

Озодлик: Мана “судга бермайди, бера олмайди, ўзи муттаҳам”, деяпсиз. Ўша куни отахон ўзи гапирди. Прокурор олдида турган бўлса, милиция бошлиғи олдида турган бўлса...

- Республика президентига, республика прокурорига ëки Омбудсменга бирор марта ëздими? Қаранг-да, ўзлари пора бериб, шулар билан ер бериб, ер олиб, ер сотиб, мана шу муттаҳамликни қилаëтганини билади ҳоким бўлса ҳам. Фермерлар сони кўп. Шундан 20 тасини ургандир, 30 тасини ургандир. Фермерларнинг бирортаси ерини олиб қўйган бўлса, ҳокимни судга бериб судлашмайдими? Хўп енгилсин ҳам. Судда “сеники тўғри эмас” десин. Лекин ҳақиқатан бир марта судга бериш керак-да. Бир марта судлашиш керак-да кимдир. Мен шу тўғрида афсусланаман. "Фермерлар таëқ еб юрибди" деб дунëга овоза бўлаëтганига одам шундай афсусланиб кетасан, дейди қизириқлик Қаҳрамон Тошқулов.


“Сизлар ҳам Ўзбекистонни мақтанг”

зора бундан ҳаётимиз яхши бўлиб кетса, дейди киноя билан Бухоро вилоятидан қўнғироқ қилган Ибод Ҳакимов:

- Менинг Озодлик радиосига эътирозларим бор, ака.

Озодлик: Марҳамат.

- Фақат тўғри гапни айтаяпсизлар. Ҳамма гапни очиқча айтаяпсизлар. Ўзбекистонда Каримовнинг радио, телевидениелари бор-ку, шундаги гапларни сизлар ҳам айтсангизлар, бизларга енгиллик бўлармиди, демоқчи эдим.

Озодлик: Каримовнинг телевидениеси деб Ўзбекистон телеканалларини айтаяпсизми?

- Ҳа. Ўзбекистон телевидениеси, радиосини айтаяпман.

Озодлик: Нима учун улар айтган гапни биз айтишимиз керак экан?

- Энди уч-тўртта телеканал бир гап айтаяпти. Шунинг жабрини биз кўраяпмизми дейман-да. Шу пайтгача пахта планига рапорт берилгандан кейин ҳам пахта терилганини кўрганмисиз?

Озодлик: Бу Ўзбекистонда ҳар йил бўладиган воқеа-ку.

- Бу йил жуда авжига чиқаяпти-да. Бизнинг ҳукумат томонидан миллатга бўлаëтган жабрни кўриб, эшитиб турибсизлар. Бизнинг миллатдай расво миллат қолмади-ку. 8-10 миллион одам Россияда юрибди бадарға бўлиб. Яна қанча ахмоқчиликлар, катталарнинг саводсизликлари. Лекин буларнинг қўлида ҳукумат бор. “Ким нима деса деяверсин - Озодлик айтадими бошқасими, мен ўз билганимдан қолмайман” деб жўрттага қилаëтгандай қилаяпти. Бунга сизлар айбдор эмассизлар. Мабодо сизлар ҳам яхши гапириб кўрсангизлар, дейман Ўзбекистон телевидениесига ўхшаб, балки ижобий томонга ўзгариш бўлар. Булар ўзига келиб қолармиди, дейман. Пахталарни келиб кўрсангиз, тизза баравар. Бундан пахта бўлмайди-да. Мана ҳамма пахтада. Кўрак териб, пунктга топшираяпти. У ерда коллежчилар айираяпти.

Озодлик: Болалар кўрак чувияптими?

- Кўрак чувияпти.

Озодлик: Қаерда?

- Пахта қабул қиладиган пунктлар бор-ку. Мана шу ерда ҳозир коллежчи ўқувчилар кўрак чувиб ëтибди. Ҳамма ëқ шарманда, дейди бухоролик суҳбатдошимиз Ибод Ҳакимов.


“Наркология диспансери эмас, қул бозор!”

- дейди Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан қўнғироқ қилган Рустам Хуррамов. У ичкиликбозлик ташхиси билан Шарғун шаҳарчасидаги наркология диспансеридан қайтганига 3 кун бўлган экан. Рустамнинг Эркин микрофонга айтишича, бу диспансердаги беморлар диспансердан ташқарида, одамлар уйларида қул каби ишлатилади ва уларнинг “иш ҳақи”ни эса бош шифокор ва врачлар чўнтакка уради:

- Шарғун туманида наркология диспансери бор. Уч кун олдин мен шу ëқдан қайтдим. "Ароқ ичади" деб, мени ўша ëққа даволанишга юборган эди. Лекин у ер даволаниш эмас, у ер қул бозори экан.

Озодлик: Нега қул бозори?

- Чунки у ëққа тушган одамни ходимлар мажбур қилиб ишлатар экан.

Озодлик: Ким ишлатади?

- Одамлар.

Озодлик: Одамлар деганингиз ким?

- Шу ëқда кимнинг иши бўлса, келиб врачларга пул беришади. Кейин “шунинг ишини қилиб келасан” деб, мажбур чиқариб юборишади. Одамлар овқат учун чиқиб ишлаб келади. Бу ерда пул бериб сотиб олиб кетишар экан-да. Мен кўриб ҳайрон қолдим. У даволаниш болницаси эмас қул бозори экан. Главврач Шарипов деган одам экан.

Озодлик: Мана сиз “келиб мажбурлаб ишга олиб кетишади”, деяпсиз. Қанақа диспансер ўзи бу? Милиция томонидан қўриқланадими? Қочишнинг иложи йўқми ëки мажбурлаб ишлатса, кетишнинг иложи йўқми?

- Қочиб кетган одамлар ҳам бор. Қочиб кетганни ушлаб келишса, катта таëқ ейди. У ерда милиция ҳам бор, санитарлар ҳам бор.

Озодлик: Сизни бировнинг уйига ишлатгани олиб боради-а?

- Ҳа.

Озодлик: Милиция билан қўриқлаб олиб бормаса керак энди. Ë қўриқлаб олиб борадими?

- Қўриқлаб олиб бормайди. Чунки қийналган нималар у ëққа боришади. Овқатсиз қийнаб қўйишади-да. Худди бир қамоқхона у. Овқат учун мажбурликдан бориб, бировларнинг уйида ишлайди.

Озодлик: Диспансерда беморлар кўпчиликми? Неча киши бор?

- 96 киши эди.

Озодлик: Пулини ким олади? Сизларни қулдай ишлатган бўлса, пулини кимга беради?

- Биринчи бош врач олади. Масалан даволовчи врачлар ëки санитарлар 100 минг олса, 10 минггини главрачга бериб, “шунча одам олиб кетай”, деб айтишади. У ерда даволашмас, у ерда касал қилиб чиқариб юборишади. Одамлар олдин ичкиликка берилган бўлса, энди ўлимга ҳам берилади, дейди ичкиликбозлик ташхиси билан Шарғун шаҳарчасидаги наркология диспансеридан қайтганига 3 кун бўлган Рустам Хуррамов.


***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG