Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:20

Саддам Ҳусайннинг "ўнг қўли" қатл этиладиган бўлди


74 ёшли Тариқ Азиз, адвокат Бади Иззат сўзларига кўра, ўзининг ўлимга ҳукм қилинганини эшитгач, карахт бўлиб қолган.
74 ёшли Тариқ Азиз, адвокат Бади Иззат сўзларига кўра, ўзининг ўлимга ҳукм қилинганини эшитгач, карахт бўлиб қолган.

Ироқ собиқ диктатори Саддам Ҳусайннинг "ўнг қўли" Тариқ Азиз ҳамда яна икки юқори лавозимли собиқ амалдор ўлим жазосига ҳукм қилинди. Тариқ Азиз Саддам Ҳусайн ҳукуматида бош вазир муовини, режимнинг ташқи дунёдаги "юзи" – ташқи ишлар вазири бўлган эди.


Мухолифатдаги диний партиялар, шу жумладан, шиалар партиялари лидерлари ва фаолларини қувғин қилганликда айбдор топилган Азиз дорга осиш йўли билан қатл қилинадиган бўлди.

Ҳукмни суд ҳайъати раиси Маҳмуд ал-Ҳассан ўқиб эшиттирди:

- 1969-йили қабул қилинган Ироқ Жиноят кодексининг 406-моддасига биноан Тариқ Азиз ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Ироқ суди, шунингдек, собиқ ички ишлар вазири Саадун Шакар ва Саддам Ҳусайннинг собиқ котиби Обид Хамудларни ҳам қатлга ҳукм қилди.

Суд матбуот котиби Муҳаммад Абдул-Соҳибга кўра, ўлимга маҳкумлар 1980-йилларда шиалар партиялари аъзоларига қарши амалиётларда ўйнаган роли учун жазоландилар.

Саддам Ҳусайн даврида Баас партияси ҳукмрон партия бўлиб бошқа сиёсий бирикмаларга рухсат берилмаган эди. Мухолифатдаги партиялар, исломий партиялар, шунингдек, амалдаги бош вазир Нури ал-Маликийнинг Шиа Даува партияси фаоллари ўлдирилган, қамоққа ташланган, мамлакатни тарк этишга мажбур қилинган.

Даува партияси асосчиси Муҳаммад Бақр ал-Садр 1980 йилнинг 5 апрелида ўлдирилган эди. Бу жиноят Тариқ Азиз зиммасига юклатилган айбловлардан бири бўлди.

Ироқ қонунларига кўра, ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар иши маҳкумлар арз қилмаган тақдирда ҳам апелляция судида қайта кўриб чиқилади. Апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдирган тақдирда, ҳукм 30 кун ичида ижро этилиши керак.

Ўлим жазоси, шунингдек, ижро этилишидан олдин президент кенгаши тасдиғидан ўтиши лозим.

Кечаги ҳукм ёши 74 га чиққан, диний эътиқодига кўра насроний, асл исми Михаил Юҳанна бўлган Тариқ Азиз устидан ўқилган учинчи ҳукмдир.

2009 йили Азиз 1992 йилда 42 савдогарни қатл қилдиргани учун 15 йилга, Ироқ шимолидан курдларни мажбуран кўчиртиргани учун яна 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Азизнинг 2003 йилдан бери Иорданияда яшаётган ўғли Зиёд отаси устидан ўқилган ҳукмни шарҳлар экан, уни "ўтмиш билан боғлиқ бўлган ҳар кимса ва ҳар нимарсадан олинаётган қасддир", деди.

Тариқ Азизнинг иорданиялик адвокати Бади Иззат Ориф ўз мижози устидан чиқарилган ҳукм билан WikiLeaks сайтида куни кеча эълон қилинган ҳужжатлар ўртасида боғлиқлик кўради.

Сайт 23 октябр куни АҚШ ҳарбийларига тегишли эканлиги айтилаётган, шу жумладан, Ироқ кучлари маҳбусларни қийноқларга солганидан ҳикоя қилувчи 400 мингдан зиёд ҳужжатни оммага ошкор қилди.

Азизнинг ўғли Зиёд ва адвокати Бади Иззат Орифларнинг фикрича, кечаги ҳукм жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун амалга оширилган ишдир.

Адвокат ҳукмнинг бу қадар шафқатсиз бўлишини кутмаганини айтар экан, "юридик тил билан айтганда ҳукм ҳаддан зиёд шафқатсиз ҳам адолатсиздир, биз бундай ҳукм чиқарилишини ҳеч кутмагандик", деди.

Унинг айтишича, ҳукмни эшитгач, Тариқ Азиз карахт бўлиб қолган.

Тариқ Азиз Ироққа АҚШ кучлари бостириб кирганидан кўп ўтмай, 2003 йили Америка ҳарбийларига ўзи таслим бўлган ва шу кунгача Саддам Ҳусайннинг тирик юрган яқин оз сонли сафдошларидан биридир.
XS
SM
MD
LG