Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:54

Қирғиз расмийлари Навоийнинг ҳайкалини таъмирлашни ваъда қилди


Июн воқеаларидан сўнг ҳам қуюшқонига солинмаган миллатчилар Ўшдаги Навоий ҳайкалини шу аҳволга келтирганди.
Июн воқеаларидан сўнг ҳам қуюшқонига солинмаган миллатчилар Ўшдаги Навоий ҳайкалини шу аҳволга келтирганди.

Қирғизистон Маданият вазирлиги ва Ўш шаҳар мэрияси расмийлари Ўшдаги Алишер Навоий ҳайкали июн воқеларидан сўнг қаттиқ зарар кўрганидан бехабар эканликларини айтишмоқда. Озодлик радиосининг бу масалага аралашуви билан Навоий ҳайкали ҳукумат маблағига таъмирланадиган бўлиб турибди.


Бугунги лавҳамизнинг ёзилишига Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган қисқагина маълумот сабаб бўлди.

“Қирғизистон президенти Роза Ўтунбоева Маданият вазирлиги заҳира жамғармасидан Жалолобод вилояти Тўғиз тўра тумани Казарман қишлоғи маданият уйи таъмири якунланиши учун 5 миллион сўм миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида кўрсатма берди”.

Мазкур хабар бир қатор саволларни пайдо қилди. Ўш воқеаси пайтида шаҳар марказидаги Алишер Навоий ҳайкали ҳам ҳужумчилар нишонига айланди. Навоий ҳайкалининг қўллари синдирилди. Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек Академик театрининг томоша зали ёндирилди, жиҳозлари вайрон этилди.

Мана шу ёдгорлик ва маданият муассасаларини қайта тиклаш учун ҳам бирон бир ҳаракат қилинаяптими?

Саволимизга жавоб олиш учун Ўш шаҳар мэриясига сим қоқдик. Мэрия расмийси Александр Ким Алишер Навоий ҳайкали юзасидан берган саволимизга қўпол тарзда жавоб берди. Мэрия расмийсига кўра, Навоий ёдгорлигига ҳеч қандай зарар етмаган, қўллари ҳам синдирилмаган.

Александр Ким: Сиз Бишкекда ўтириб олиб савол бераяпсиз. Ўзингиз келиб бу ҳайкални кўрганмиз?

Озодлик: Кўрганман... иккита қўли синдирилган ҳолатда турибди-ку.

Александр Ким: Наҳотки иккита қўли йўқ бўлса? Аввал келиб кўринг, кейин сиз билан гаплашаман.

Ўш шаҳар мэрияси расмийси билан суҳбатимиз шу тарзда якунланди.

Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек Академик драма театри директори Бахтиёр Тўхтаматов эса Алишер Навоий ёдгорлиги ҳақиқатан ҳам қўлсиз қолганини тасдиқлади.

- Мен мэрия билан гаплашдим. Бу масала юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқалаяпти. Бу масала ҳал этилади. Агар мэрия чора кўрмаса, кейин ўзимиз, кенг жамоатчилик ҳайкални таъмирлаймиз. Лекин бу ишни ҳукумат амалга ошириши лозим. Биз шунга ҳаракат қиламиз,-деди Бахтиёр Тўхтаматов.

Суҳбатдошимиз айтганидай, Навоий ҳайкалини таъмирлаш Қирғизистон ҳукуматининг вазифаси. Негаки, Навоий ҳайкали Қирғизистон тарихий ёдгорликлари сарасига киради ва қонун билан ҳимояланади. Бироқ тарихий ёдгорликлар ва обидаларни ҳимоя қилишга мутассади бўлган Қирғизистон маданият вазирлиги расмийлари Ўшда Навоий ҳайкали июн воқеаларида жиддий шикастланганидан бехабар эканликларини ва шунинг учун мазкур ҳайкални таъмирлаш учун чора кўрмаётганликларини айтишди:

- Биз сўнгги марта маълумот олганимизда ҳам бундай ахборот йўқ эди. Биз шикастланган ёдгорликлар ва обидалар борасида аниқ маълумот талаб қилганмиз. Аммо, очиғини айтсам, Навоий ҳайкали борасида бизга ҳеч қандай маълумот берилмаган,-деди Маданият вазирлигининг ўз номини айтишни истамаган расмийси.

Орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг Маданият вазирлигининг тарихий обидалар бўлими раҳбари Бактигул Белекова Озодлик радиосига бошқа маълумотни билдирди:

- Мендан аввалроқ сиз назорат бўлими бошлиғи билан гаплашган экансиз. У сизнинг қўнғироғингиздан кейин тегишли бўлимларга кўрсатма берди. Бу масала бугун-эрта ўрганилади ва ҳайкални қайта тиклаш ишига киришилади. Бундан аввал ҳеч ким ва ҳеч қандай ташкилот Навоий ҳайкали шикастлангани ҳақида бизга маълумот бермаган эди,-деди Бактигул Белекова.

Айни пайтда Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек академик драма театрига июн воқеалари пайтида номаълум одамлар ўт қўйиб юборган эдилар. Оқибатда 1918 йилда ташкил этилган ва 92 йилдан бери фаолият юритиб келаётган ўзбек театрининг томоша зали, саҳна жиҳозлари ёниб кул бўлган эди. Мазкур театр директорининг айтишича, Қирғизистон ҳукумати бу кекса санъат даргоҳини қайта тиклаш учун маблағ ажратган, Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш давлат дирекцияси эса театрни таъмирлаш билан шуғулланмоқда.

- Театрда 20 кундан бери таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Ҳозир усталар томоша зали ва саҳнани таъмирлашаяпти. Йил охиригача таъмир ишлари якунланади, деган умидимиз бор, -деди Бахтиёр Тўхтаматов.

Унинг айтишича, театрни қайта таъмирлаш ва жихозлаш лойиҳаси 20, 5 миллион сўм, яъни 470 минг доллар маблағни талаб қилади.

Б. Тўхтаматов:
Ҳозирча 3 миллион сўм маблағ ажратилди. Сметамиз бўйича таъмирлаш ишларига 7,5 миллион сўм керак бўлади. театрни қайта жиҳозлаш, саҳна ускуналари учун яна 13 миллион сўм маблағ ажратилиши кутилаяпти.

Озодлик:
Мана шу маблағнинг ҳаммаси берилади, деган ишонч борми?

Б. Тўхтаматов:
Таъмирлаш ишлари жуда жадаллик билан олиб борилаётгани, ҳукумат расмийларининг театримизни таъмирланиши ишидан тез-тез хабар олиб турганидан келиб чиқадиган бўлсак, бу иш албатта ниҳоясига етказилади, деган умид бор.

Бахтиёр Тўхтаматовнинг айтишича, театрда таъмирлаш ишлари кетаётганига қарамай, санъаткорлар янги асарни саҳналаштиришган. Бир неча кундан сўнг Насрулло Қобилнинг “Тузоқ” драмаси асосида саҳналаштирилган бу спектакл кичкинагина томоша залига айлантирилган репетиция залида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
XS
SM
MD
LG