Линклар

logo-print

Шпигел: Ўзбекистон - Меҳнат мажбурланган давлат

  • Абдулла Искандар

Ўзбек болалари пахта тераётгани акс этган расмлар кейинги пайтларда Ғарб матбуотида тез-тез пайдо бўлмоқда.

Ўзбек болалари пахта тераётгани акс этган расмлар кейинги пайтларда Ғарб матбуотида тез-тез пайдо бўлмоқда.

Германиядаги нуфузли Шпигел журнали ўзбек болаларига мажбуран тердирилган ўзбек паxтасини сотиб бойиëтган немис ширкатларини танқид қилувчи “Меҳнат мажбурланган давлат” сарлавҳали мақолани эълон қилди.


Журналнинг икки варағига жо бўлган мақолага уч нафар ўзбек боласининг эгилиб, пахта тераëтгани акс этган рангли суврат ҳам илова қилинди.

Мақола мана бу жумлалар билан бошланади. “Ҳар кузак ўзбек болалари пахта теримига олиб чиқилади. Бу болалар нафақат ўзбек ҳумуматини, балки немис ширкатларини ҳам бойитмоқда. Инсон ҳуқуқлар масаласи эса немис ширкатлари учун чикора”.

Мақолада ўзбек болаларини ўқиш ўрнига пахта тердираëтган бош айбдор сифатида Ўзбекистон ҳукумати кўрсатилади.

“Аслан коммунист кадр бўлган Ислом Каримов Марказий Осиëдаги Ўзбекистон Республикасини советча буйруқлар асосида бошқариладиган давлатга айлантирди ва Каримов яратган бу тизим болаларни пахта теришга мажбурламоқда. Сталин тарафидан оқ олтин деб таърифланган пахта бугунга келиб, ўзбек бошқарув элитаси чўнтагига ақча элтувчи пул чашмасига айланди.”

Мақола муаллифлари Нилс Клавитер ва Владимир Пилов ўзбек пахта плантациясида мажбуран пахта тердирилаëтган 11 яшар Назира исмли қизалоқ мисолида Бремен биржасида сотилиб, немис пахта жаллоблари топаётган пулларнинг ахлоқий мақомини савол остига қўяди.

“Кузнинг изғирин саҳарида Назира бутун синфи билан ўқишдан қолиб пахтага чиқади. Бу қизалоқ Андижон яқинидаги бир қишлоқда саҳардан шомгача пахта теришга маҳкум. Улар кунда камида 10 кило пахта теришади. "Эрталабдан бери уч килоча пахта тера олдим", дейди Назира. Назира ҳар кило терган пахтасига 60 сўмдан пул олади (бу 3 евроцентга тўғри келади). “Бир ой пахта териб олган пулимни онамга бердим, онам бу пулга иссиқ бош кийими олиб берди. Кунлар совиб боряпти, пахта ҳали бери тугамайди, бошингни иссиқ тут деб айтди онам”, деб гапиради Назира”.

Мақола муаллифлари пахта нормасини бажармаган болалар муаллимлар тарафидан калтакланган фактларини ҳам келтиришади.

Шпигел журналидаги мақолада Германиядаги ўзбек-немис форуми раҳбари, инсон ҳуқуқлари фаоли Умида Ниëзова фикрларига ҳам ўрин берилади.

Ўзбек-немис форуми 2009 йилги пахта мавсуми мониторингини олиб борган ва қул қилинган миллат деган ҳисоботни тақдим қилган.

Бу ҳисоботда Ўзбекистондаги мажбурий пахта терими тафсилотлари ўрин олган. Ҳисобот қулликка қарши халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ҳозирланган.

Мақолада қулликка қарши халқаро ташкилот вакили Жоанна Эварт Жеймснинг “Ўзбекистон болалар қул қилинган мамлакатдир”, дея бошланадиган фикрлари ҳам келтирилади.

Германиядаги конституциявий ва инсоний ҳуқуқлар европа маркази (ECCHR) вакиласи Мириам Сааге-Маас ҳам Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати ҳукумат тарафидан амалга оширилаëтган системали тизим дея таъкидлайди.

Шпигел журналида мақола чоп этилган куни Озодликка маълум бўлишича¸ Германиядаги конституциявий ва инсоний ҳуқуқлар европа маркази Германия ва Франциядаги ўзбек пахтасини сотиб олиш билан шуғулланадиган ширкатларни маҳкамага берган.

Бундан олдин C&A, Wal-Mart ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган эди.

Шпигел журналидаги мақола Ўзбекистон ТВ сидаги бир тасвир шарҳи билан якунланади.

“Бу тасвирда Бремен пахта биржаси жаллоблари Ўзбекистонда чаппар уриб рақс тушаëтган қизларни томоша қилиб ўзбекларнинг байрам таоми бўлган паловни паққос туширишмоқда. Улар орқасида турган улкан паннода эса Ислом Каримовнинг улкан сурати туширилган бўлиб, бу расмда Ўзбекистон президенти ўз халқига қўли билан келажакни кўрсатмоқда”.

Бу Ўзбекистон ТВсидаги тасвир эди, дея якунланади Шпигел журналидаги “Меҳнат мажбурланган давлат” мақоласи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG