Линклар

Олмаотадаги йиғинда мухолиф “Алға” партияси етакчиси Владимир Козловга тухум отишди.

Миллий матбуот марказида йиғилиш ўтказаётган Владимир Козлов ва “Алға” ҳамда Қозоғистон Коммунист партиясининг яна бир неча фаолига бир гуруҳ ёш йигитлар тухум билан ҳужум қилди.



Владимир Козлов яқиндагина президентлик сайловида қатнашиш ниятини билдирган эди. Унинг етакчилигидаги “Алға” партияси Қозоғистонда рўйхатга олинмаган.

Мухолифат етакчиларига ҳужум қилган ёшлар эса ўзларини 1986 йил декабр ойидаги қозоқ ёшлари намойишлари хотирасига тузилган “Желтўқсончилар” гуруҳи, деб атади. 1986 йилги намойишларда қозоқ ёшлари Қозоғистон Коммунистик партияси етакчилигига рус миллатига мансуб Генадий Колбиннинг қўйилишига норозилик билдирган эди.

Олмаотадаги анжуманни тўполонга айлантирган “Желтўқсончи”лар Владимир Козловнинг президентликка номзодини кўрсатиш ниятини қоралаб, буни 1986 йилдаги воқеликнинг такрорланишига олиб келиши мумкин, деган хавотир билан изоҳлади.

Ўтган ҳафта президентликка номзодини кўрсатиш ниятини маълум қилган Козлов ҳозир нафақат 70 ёшли Нурсултон Назарбоевни алмаштириш, балки мамлакатда янги сиёсий тузумни ўрнатиш вақти келганини ҳам таъкидлади.

Ўтган ойда президент Нурсултон Назарбоевнинг яна бир муддат президентликда қолиш ниятида экани маълум қилинган эди.

Қозоғистонда президентлик сайлови 2012 йилда бўлади.
XS
SM
MD
LG