Линклар

logo-print

Валюта "қора бозор"ида ўйин қоидалари ўзгармоқда

  • Замира Шукур

Мустақил таҳлилчилар фикрича¸ валюта алмаштиришнинг давлат ва қора бозор курси мавжудлигидан айрим иқтисодий гуруҳлар йилига юзлаб миллион доллар фойда кўрмоқда.

Мустақил таҳлилчилар фикрича¸ валюта алмаштиришнинг давлат ва қора бозор курси мавжудлигидан айрим иқтисодий гуруҳлар йилига юзлаб миллион доллар фойда кўрмоқда.

Ўзбекистон парламенти хориж валютасини бозорда алмаштириб оламан¸ дегувчилар учун жиддий огоҳлантирув йўллади - уларни қармоққа туширишга ëрдам берувчи "ҳамкор"лар жазога тортилмайди. Молиявий таҳлилчилар эса¸ ўзбек депутатларига бундай ҳаракат билан "қора бозор"ни тугатиб бўлмаслиги оддий ҳақиқат эканини эслатмоқдалар.


Парламент қуйи палатаси депутатлари 25 октябр куни биринчи ўқишда муҳокама қилган қонун лойиҳаси “Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 177-моддасига қўшимча киритиш ҳақида” деб номланади. Таклиф этилаëтган қўшимча эса¸ ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланаëтганларни фош қилишда ëрдам берганлар¸ аниқроғи бундай савдода ë сотувчи¸ ë харидор ролини ўйнаб¸ иккинчи томонни қўлга тушириб берганларни жазодан озод қилишни кўзда тутади.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 177-моддасига қўшимча киритиш ҳақидаги” қонун лойиҳаси муаллифларига кўра¸ Жиноят Кодексига киритиладиган бундай қўшимча ўзбекистонликларни мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга¸ оддий халқ тили билан айтганда эса¸ уларни чақимчилик ва жосуслик қилишга рағбатлантирмай қолмайди.

Афтидан¸ Ўзбекистон парламентида ўтирганлар¸ мамлакатда сақланиб қолаëтган валюта қора бозорига қарши курашнинг бундан ақллироқ йўлини топмаган кўринади. Зотан Ўзбекистон¸ постсовет ҳудудларида ўз аҳолисини валюта алмаштириш учун қора бозорга мурожаат қилишга мажбурлаëтган¸ аниқроғи шундай бозор учун эҳтиëжни ўзи яратаëтган ягона давлат бўлиб қолмоқда.

У ëки бу давлатда валюта алмаштиришнинг бир неча курси мавжудлиги у ердаги ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятининг сустлиги эмас¸ балки иқтисодий сиëсатнинг нотўғри йўлга қўйилгани маҳсулидир¸ дейди халқаро валюта бозори бўйича Россиядаги етакчи ахборот агентлиги ҳисобланмиш Росбизнесконсалтинг қошидаги аналитика бўлими директори Александр Яковлев.

- Бундай давлатларда¸ масалан¸ ўз маҳсулотини хорижга сотувчи экспортчилар учун манфаатли бир курс¸ хусусий шахслар учун бошқа курс¸ божхона тўловлари учун яна бир курс жорий қилинади. Бундай курслар иқтисоднинг ривожланмаганидан¸ мамлакатда ҳақиқий маънодаги бозорнинг йўқлиги¸ эркин бозор муносабатларининг йўқлигидан туғилади. Айни пайтда¸ бир-бирида кескин фарқ қилувчи бундай курсларнинг мавжудлиги ташқи савдо ва мамлакатга валюта кириш каналларининг айрим гуруҳлар монополиясига айлангани ифодасидир¸ дейди Александр Яковлев.

Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Валюта-иқтисод бошқармаси раҳбарининг собиқ муовини Сапарбой Жубаев¸ Ўзбекистон валюта бозоридаги турли курсларнинг мавжудлиги¸ мамлакат иқтисодида давлат ролининг ҳаддан ташқари кучли экани оқибатидир¸ дейди.

Ҳозирда Астанадаги Евроосиë Миллий университетининг Молия-иқтисод факултети декани бўлиб ишлаëтган Сапарбой Жубаев валюта алмаштиришнинг ҳам давлат¸ ҳам “қора бозор” курсининг давлат номидан иш кўрувчи муайян иқтисодий гуруҳлар назоратида қолаëтгани Ўзбекистон иқтисодий потенциалига катта зарба бераëтганини айтади.

- Масалан¸ Ўзбекистондаги бирор ишлаб чиқариш корхонаси ҳозир чет элга экспорт қилса, бир долларига банкдан 1650 сўмгина олади. Бозордаги курс бўладиган бўлса, 2200 сўм. Шунинг учун у ҳозир экспорт қилишга қизиқмайди. “Мен экспорт қилсам, ўзимдан кетган сарф-харажатимни қоплай олмай қолишим мумкин” деб ўйлаб, экспорт қилишни тўхтатиб қўйди. Фақат давлат мажбурлаган экспортни қилади¸ холос. Бу нарса бизнинг иқтисодиëтимизнинг очиқ бўлишига, бошқа давлатлар билан экспорт кенг бўлишига имконият бермайди.

Айни пайтда¸ деб давом этади бу мутахассис¸ манфаатли асосда валюта алмаштиришига рухсат этилган Ўзбекистондаги саноқли корхоналар ҳам ҳукумат ва халққа боқиманда бўлиб қолмоқда¸ ҳам рақобатбардошликдан тобора йироқлашмоқда.

- Давлат ҳамма экономиканинг реформатори бўлгандан кейин¸ биринчи ўринда¸ энергетикага, химияга, нефт-газ саноатига, автомобил соҳасини ривожлантириш учун конвертацияга рухсат берилаяпти. Улар 1650дан доллар сотиб олиб, ўзига керак эҳтиëт қисмларини олаяпти. Уларни балки давлатнинг қўллаб-қувватлаши керакдир. Лекин 20 йилдан бери қўллаб-қувватлайвериш уларнинг ўзларини ҳаракатидан воз кечтириб, давлатга ўзининг ҳамма юкини ортиб қўйгандек кўрилади. Бундай корхоналар ҳеч қачон ўзини ривожлантиришга ҳаракат қилмайди. Ўзларимиз яхши технология ўйлаб топайлик, арзонроққа ҳаракат қилайлик¸ демайди¸ деб изоҳлайди Ўзбекистонда валюта алмаштириш жараëнининг давлат томонидан бошқарилаëтгани зиëнлари ҳақида гапира туриб Сапарбой Жубаев.

Мутахассислар¸ ўзлари айтаëтган бу гапларни Ўзбекистон иқтисодий сиëсатини белгилаëтганлар яхши билишини тан оладилар. Бироқ¸ валюта бозорида ҳам давлат¸ ҳам қора бозор курсининг мавжудлиги улар иккаласини ҳам бошқараëтган ҳокимиятдагилар ва уларга яқин бизнес тизимлари манфаатига хизмат қилади ва шу боис¸ Тошкент ягона бозор курсига элтувчи жиддий ислоҳотлар ўрнига¸ айнан жамоатчиликни қўрқитувчи¸ ҳуқуқ идоралари учун эса¸ янги “емхоналар” туғдирувчи қонунларни қабул қилиш билан чекланмоқда¸ дейди Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар.

- Бир мисол келтирай. Масалан¸ давлат курси бўйича конвертацияси бор бир савдогаримиз 1650 сўмдан бир бутилка ëғ олди¸ дейлик. 1650 сўмга шу ëғ Ўзбекистонга кириб келди дейлик. Лекин валютага қўли етмайдиганлар уни чет элдан 2200 сўмдан олиб келадию. Демак бозорда ëю нархи ками 2200. Қўли етган одам ҳам “Ҳа, бозорда 2200 сўм экан” дейдида, масалан¸ ками 2100 сўмдан сотади. 1600дан 500 фарқи чўнтагига қолади. Шуни қилаëтган одамлар ҳам кўп. Ўзбекистон иқтисодиëти жуда кучли¸ дейлик умумий савдо айланмаси 40-50 миллиард бўладиган бўлса, экспортлик потенциалимиз 15 миллиард бўладиган бўлса, бу фарқ кимларгадир миллиардлаб ақча келтираяпти. Айни шу одамлар касрига эса¸ Ўзбекистон иқтисоди ва оддий халқ қолмоқда¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистонда валюта алмаштиришнинг давлат ва қора бозор курсларини ўзлари ўрнатиб¸ бунинг учун яна тирикчилиги бозорга қолган савдогар ва харидорларни жазолаëтганлар ким? Ким бу курслар сақланиб қолишидан манфаатдор?

- Бундан ушбу курсларни ўзига манфаатли тарзда бошқараëтган давлат манфаат кўради. Бундан¸ давлатга яқин бўлган иқтисодни монополлаштирган гуруҳ лоббичилари манфаат кўради. Аммо бундан на Ўзбекистон иқтисоди ва на тирикчилигини шундоқ ҳам бозор нархида ўтказаëтган оддий халққа манфаат йўқ¸ дейди халқаро валюта бозори бўйича Россиядаги етакчи ахборот агентлиги ҳисобланмиш Росбизнесконсалтинг қошидаги аналитика бўлими директори Александр Яковлев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG