Линклар

Ўшдаги судда ўзбек ҳуқуқ фаоли оқланди


Фаррухнинг тергов пайтида қийноққа солингани унинг адвокати ёрдамида ҳужжатлаштирилди.

Фаррухнинг тергов пайтида қийноққа солингани унинг адвокати ёрдамида ҳужжатлаштирилди.

26 октябр куни Ўшда таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапировнинг ўғли ҳуқуқ фаоли Фаррух Гапиров устидан суд махкамаси бўлиб ўтди. Махкамада биринчи маротаба қамоқхоналарда ўзбекларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар ҳолати судя томонидан тан олинди ва Фаррух Гапиров оқланди.


Ўшлик таниқли ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров ўғли Фаррух Гапировга нисбатан Ўш қамоқхонасида қийноқлар қўлланганини судда қандай қилиб исботлаб берганини Озодликка гапириб берди.

“Ўғлим шу йилнинг 16 июн куни ҳибсга олинган эди. Ўша куни уни излаб Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси, Миллий хавфсизлик хизматига бордим, лекин топа олмадим”, дея гап бошлади ҳуқуқ ҳимоячиси:

- Эртаси куни эрталаб менга адвокат Томина телефон қилиб, “Гапиров Фаррух ўғлизми”, деб сўради. “Ҳа”, десам “Менга учранг”, деди. Милицияхонанинг олдига бориб учрашсам, “ўғлиз умуман гапирмаяпти. Уриб пачоғини чиқариб юборишибди. Юролмаяпти ҳам”, деди. Мен эрталаб куришайлик дедим. Эртаси куни эрталаб, менда ручка бор эди видео камераси билан, ўша ручкани олиб бориб адвокатга ўғлим билан учрашгани қайтиб киришини сўрадим. “Ўғлимга айтинг, даданг кўчада турибди, қўрқмай менга ҳаммасини айт денг”, дедим. Мени телефонда ўғлим билан гаплаштиринг дегандим, мени гаплаштирди. Шундай қилиб сиёмка қилиб чиқди-да. Кейин Омбудсменга арз қилдик. Омбудсмен врачни киргизди. Врач 19 июн куни тўлиқ текшириб хулоса берди. 19 июн куни суратга ҳам олганмиз. Хаммасида, врач хулосаси, фото, видео суратлар далиллаб турибди, дейди Равшан Гапиров.

Равшан Гапиров Ўш воқеалари пайтида қирғиз-ўзбек чегараси олидидаги қишлоқлардан бирига кетиб қолган оиласини 16 июн куни Наримон қишлоғидаги уйига қайтариб жўнатиб юборган.

Ўша куни Фаррух Гапиров нон олиб келгани кўчага чиқади. Фаррух махаллада нон тополмай турганида таниши Мирахмад Маҳкамов ўз автомашинасида келиб қолади. Улар машинага ўтириб Ўш шаҳри Жийдалик қишлоғига нон олгани боришади. Ўш аэропорти йўлидаги блок постда уларни Ҳарбийлар тўсади ва машинани тинтув қилишади. Машинадан 32 дона қурол ўқлари топилади. Ҳарбийлар Фаррухнинг олдида шахсини тасдиқловчи хужжатлари бўлмагани сабабли Мирахмад Маҳкамов билан бирга ҳибсга олишади.

Шундай қилиб Фарух Гапиров ва Мирахмад Махкамов Қирғизистон жиноят кодексининг 233-моддаси, Оммавий тартибсизликлар иштирок этиш, 241-моддаси ноқонуний қурол олиб юришда айбланади.

Терговдан кейин суд маҳкамалари 7 марта бошқа кунга қолдирилган. 26 октябр куни бўлиб ўтган махкамада эса давлат қораловчиси Неъматжон Гудуков иккала йигитга 4 йилдан қамоқ жазоси берилишини сўради. Бироқ суд раиси Фаррух Гапировни озод қилиш унинг шериги, қурол ўқлари топилган автомашина эгаси Мирахмад Махкамовни эса 4 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқаради.

Гувоҳларга кўра, суд давомида Мирахмад Маҳкамов қурол ўқлари унга тегишли эканини тан олган.
Ҳозирда ҳуқуқ ҳимоячиси Фаррух Гапиров, прокуратура томонидан шикоят аризаси берилишига ажратилган 10 кунлик муддатни кутиб Ўш қамоқхонасида қолмоқда.

Фаррухнинг адвокати Татьяна Томинага кўра, улар Фаррух озод қилинмагунича уни калтаклаган ҳуқуқ тартибот органи ҳодимлари устидан шикоят қилиш ниятида эмас:

- Ҳозирча ариза ёзмоқчи эмасмиз. Негаки хозиргача суд тиббий экспертизаси ўтказилмаган. Ҳозир уни оқлашди. Биз кейин шикоят аризаси билан мурожаат қиламиз. Ҳозир ҳукм қонуний кучга киришига 10 кун бор. Шундан кейин биз ҳаракат қилишни бошлаймиз, деди адвокат Татьяна Томина.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG