Линклар

logo-print

Тожикистон ҳукумати соқоллилардан ҳадиксирамоқда


Тожикистонда ҳам соқол қўйганлар таъқибга учрамоқда.

Тожикистонда ҳам соқол қўйганлар таъқибга учрамоқда.

Тожикистонда соқол қўйганларни тутиш кампанияси авжига чиқмоқда. Ана шундай ғайриоддий тадбир қурбони бўлганлардан бир нечатаси Озодлик мухбирига мурожат қилди. Улардан айримлари уйдан чиқишга қўрқиб қолганларини айтмоқдан. Мавзуни Гулнора Равшан давом этиради.


Соқол қўйган эркакларни кўчада ушлаб, сўроқ-савол қилиш кампанияси шу йил сентябрида Рашт водийсида рўй берган қонли воқеадан сўнг бошланиб кетганини айтган суҳбатдошларимиздан бири Алишер мана бир ҳафтадирки уйидан ташқарига чиқишга юраги бетламайди.

Лекин Алишер ўзининг “уй қамоғига” маҳкум бўлишига сабаб бўлган соқолини қиртишлаш ниятида эмас.

- Чунки соқол қўйиш пайғамбаримиздан бизгача етиб келган суннат. Пайғамбаримиз Муҳаммад салоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида қайсики имом суннатга кўпроқ амал қилса, жамоат намозларида у олдинга ўтиши кераклиги айтилган, дейди Сино туманидаги маҳалла масжидларининг бирида имомлик қиладиган Алишер.

Бошқа бир масжид имоми Маъруфи Одина ҳам бундан бир неча кун аввал Душанбе шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан сўроққа тутилгани, сўроқ мавзуси унинг соқоли бўлганини айтади.

- Мени идорасига олиб борган милиционерлар “Нега соқол қўйгансан. Бунинг маъноси нима”, деб тергади. Ваҳоланки, улар ўзлари соқол суннат эканини яхши билишади. Улар бизни жуда жиддий текширишларини айтишди. Милиционерлар Рашт водийсида содир бўлган воқеаларда асосан соқол қўйганлар айбдор эканини айтишди. Менимча бу воқеаларда ҳамма соқол қўйганларни бирдай айблаш нотўғридир. Биз мамлакатимизда тинчлик бўлиши тарафдоримиз, дейди милиционерлар ғалвиридан ўтган Ваҳдат туманидаги масжид имоми.

Тахминан саккиз соат ички ишлар бошқармаси идорасида ушлаб турилган имом Маъруфи Одина, ўзи тергов қилинаётган пайтда соқол қўйган яна ўнга яқин киши шу идорага олиб келинганини айтади.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идора масъуллари эса шаҳар кўчаларида фуқароларни тутиш ва сўроқ савол қилишга оид ҳолатлар фақат соқол қўйгани билан боғлиқ эканига оид иддаоларни рад этмоқда.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев Озодлик билан суҳбатда соқол қўйганларни таъқиб қилишга оид ҳеч қандай буйруқ бўлмаганини, ҳуқуқ-тартибот ходимлари фақат шубҳали кишиларнигина тўхтатиб, унинг тақиқланган ташкилотларга аъзолиги эҳтимолларини текшираётганини таъкидлади.

- Масалан, тақиқланган Салафия гуруҳига аъзоликда шубҳаланаётган кишилар текиширилмоқда. Уларни ҳар томонлама текшириш борасида буйруқ бўлган. Лекин шуни айтиш лозимки, сўроққа тутилган кишиларга нисбатан ҳеч бир ноқонуний ҳатти ҳаракатлар бўлган эмас, дея таъкидлади вазирлик расмийси Асадулло Маҳмадуллоев.

Бироқ милиция идорасида тергов қилинган Маъруфи Одина сўроқ пайтида ундан Салафияга алоқадорлиги ҳақида саволлар берилмаганини айтди.

Аснода ички ишлар вазирлиги расмийси Асадуллоев шу кунгача соқол қўйган неча киши ҳуқуқ-тартибот идоралари текширувидан ўтгани ва улардан неча киши жиноий жавобгарликка тортилгани борасида маълумот беришдан бош тортди.

Шу ўринда айтиш лозимки, Тожикистонда содир бўлган ва бўлаётган ҳар қандай воқеа, ҳодисалар ортидан, одатда, дастлаб ҳижобли аёллар ёки соқол қўйган эркакларни овлаш тадбирларни ўтказилади. Масжидлар эшикларига қулф солинади, ўсмирларга диний таълим бераётган муллалар ҳибсга олинади.

Биргина Хатлон вилоятида ўтган бир ҳафта давомида икки юзга яқин болага диний таълим берган йигирмага яқин мулла маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бу борада куни кеча Хатлон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдураҳмон Бузмаков оммавий ахборот воситаларига маълум қилган эди.

Мустақил таҳлилчилар сўнги вақтлар мамлакатда диндорларга нисбатан босим кучаяётганидан гапиришмоқда.

- Расмийларнинг мамлакатда исломийлашув жараёни тезлашаётганидан чўчиб, олиб бораётган бундай сиёсати акс-самара бериши мумкин. Бу босимлар туфайли диндорларнинг янада радикаллашувига олиб келиши табиий, дейди мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон дин қўмитасининг исми сир қолишини сўраган ходими, жорий йил охирига қадар мамлакатда соқол қўйиш тўғрисида янги қонун қабул қилинишини билдирди.

Манбага кўра, янги қонунга кўра, тожикистонликлар узунлиги уч сантиметрдан ошмайдиган соқол қўйишлари лозим бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG