Линклар

Жалолободда президент Бакиевнинг жияни судланмоқда


13-14 май воқеаларини ўрганган мустақил комиссия Жалолободдаги тартибсизликлар бошида Санжар Бакиев тургани ҳақида билдирган эди.

13-14 май воқеаларини ўрганган мустақил комиссия Жалолободдаги тартибсизликлар бошида Санжар Бакиев тургани ҳақида билдирган эди.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида 13-14 май воқеалари айбдори сифатида қамоққа олинган Санжар Бакиевга нисбатан суд жараёни бошланди. Маълумотларга кўра, президент Бакиевнинг жияни бўлмиш Санжар Бакиев бир қатор оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

27 ёшли Санжар Бакиев 13-14 май кунлари Жалолобод шаҳрида содир этилган тартибсизликлар ташкилотчиси сифатида қидирувга берилган эди. У 25 июн куни тоғ яйловларидан бирида қўлга олинган. Унинг ёнидан Калашников автомати, ўқ-дори ва бошқа қуроллар топилган.

Қирғизистон Бош прокуратураси берган маълумотда айтилишича, Санжар Бакиев “ноқонуний қуролли гуруҳ ташкил этиш”, “қотиллик”, “ҳукумат расмийларига нисбатан зўравонлик қилиш” каби моддалар билан айбланмоқда.

- Санжар Бакиев 7 апрелдан сўнг Жалолободда юз берган тартибсизликларни уюштирган. Бундан ташқари, май воқеаларидан сўнг содир бўлган миллатлараро низода ҳам Бакиевнинг уюштирувчи сифатида ҳиссаси бор, деган маълумотларга эгамиз, - деди Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мелис Шералиев.

Бироқ Санжар Бакиевга нисбатан бўлиб ўтаётган суд жараёнида унга нисбатан миллатлараро низони уюштирганлик айби қўйилмаган. Бу борада алоҳида жиноят иши очилгани ёки очилмагани ҳақида ҳам маълумотлар берилмаяпти.

Санжар Бакиев билан бир вақтнинг ўзида Жалолободдаги 13-14 май воқеаларини уюштирганликда айбланган 4 киши судланмоқда. Судланувчиларнинг барчаси қирғиз миллатига мансуб.

Бироқ суд жараёнида айрим судланувчилар терговда берган кўрсатмаларидан бош тортдилар. Судланувчи Бектурсин Келдибеков тергов давомида Санжар ва Қурмонбек Бакиевнинг айни пайтда қамоқда ўтирган укаси Аҳмад Бакиев аҳолига ўқотар қурол ва пул тарқатгани ҳақида кўрсатма берган экан. Лекин у суд жараёнида бу кўрсатмаларни босим ва қийноқлар остида берганини айтган.

Санжар Бакиевнинг адвокати Бубуайша Арстанбекова ҳам судланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини айтди:

- Қўлга олинган кунидан бошлаб айбланувчилар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилган. Уларнинг бошларига қоп кийгизилган, электрошокерлар билан қийнашган. Қийноқлар остида айбланувчилар тергов ҳужжатларига имзо чекишган, - дейди адвокат.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари Санжар Бакиев ва у билан судланаётган 4 кишига нисбатан қийноқлар қўлланилганини рад этишмоқда.

Айтиб ўтиш лозимки, 13-14 май воқеаларини ўрганган мустақил комиссия ҳам тартибсизликлар бошида Санжар Бакиев тургани ҳақида билдирган эди. Комиссия хулосасига кўра, Санжар Бакиев Жалолободда аҳолига ўқотар қурол ва пул тарқатган. 13-14 май воқеаларида 2 одам ўлган ва 60 дан ортиқ одам яраланган эди.

Қирғизистон республика ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти, парламентнинг собиқ депутати Қодиржон Ботиров бундан аввалроқ Озодлик радиосига берган суҳбатида 13-14 май кунлари Муваққат ҳукумат ўзбек лидерларига ёрдам сўраб мурожаат қилгани ҳақида гапирган эди.

Шундан сўнг бакиевчилар Жалолободдан қувиб чиқарилган, 19 май куни эса бир неча минг кишилик оломон ўзбекларни низо чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айблаб, Қодиржон Ботиров асос солган лицей, тиббий марказ ва университетга ўт қўйишган эди.

Таҳлилчиларга кўра, Жалолободдаги 13-14 май воқеалари ортидан содир этилган фитначилик ҳаракатлари Қирғизистон жанубида миллатлараро муносабатларнинг мураккаблашувига сабаб бўлган ва оқибатда июн ойида миллатлараро низо юзага келган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG