Линклар

Ўзбекнинг "суперкелинчаги" ҳам корейсга эрга тегди

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбек қизларининг Кореяга келин бўлиб тушаётганига Ўзбекистонда оммабоп бўлиб қолган корейс сериаллари ҳам ҳисса қўшаётгани айтилмоқда.

Ўзбек қизларининг Кореяга келин бўлиб тушаётганига Ўзбекистонда оммабоп бўлиб қолган корейс сериаллари ҳам ҳисса қўшаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон телеканалларида эртаю-кеч корейс сериаллари айлантирилаётган бир пайтда, ўзбек қизлари орасида кореялик куёвларга иштиёқмандлар сони ортмоқда. Сўнгги йилларда Жанубий Кореяга келин бўлиб тушган ўзбек қизлари сони анчайин кўпайиб қолди.


Наманганлик Нафиса узоқ Кореяга келин бўлиб тушган ўзбек қизларирдан бири.

- Ҳа, мен эрга текканман.

Озодлик: Неча йил бўлди?

- Икки йил бўлди.

Озодлик: Қанақа энди ҳаëт? Ўрганиб қолдингизми?

- Ҳа, яхши. Бир чиройли яшаяпман.

Озодлик: Қандай теккансиз?

- Кореягами?

Озодлик: Ҳа.

- Шундоқ расмимни жўнатганман. Расмимни кўриб борган.

Озодлик: Сизни Кореядан келиб олиб кетганми?

- Ҳа.

Озодлик: Қалин бердими?

- Унисини билмадим. Бизга беришмаган.

Озодлик: Эрингиз мусулмончиликни қабул қилдими?

- Ҳа, қабул қилди.

Озодлик: Фарзандларингиз борми?

- Ҳа, битта бор.

Озодлик: Исмини нима қўйдингизлар?

- Маржонахон, дейди наманганлик Нафиса.

Эридан ажралиб икки фарзанди билан қолган ўзбекистонлик Малоҳат ҳам ҳозир Кореяда яшайди. Унинг айтишича, ўзбек қизлари орасида корейсга турмушга чиқиб, Жанубий Кореядаги маҳаллий ҳаётга кўникиб кетаётганлари жуда оз.

- Яхши яшаëтган қизлар ҳам бор. Ўзбек йигитларимизнинг гапларига кириб, ишониб қўйиб, корейс турмушларидан чиқиб кетаëтган қизларимиз ҳам оз эмас, жуда кўп. Адашиб, ëмон йўлларда юришибди. Тўғрисини айтганда, 100 фоиздан 60 фоизи кўчада ҳозир, дейди Малоҳат.

Корейсга турмушга чиқиб Жанубий Кореяда сарсон бўлиб юрган, келганига пушаймон бўлиб қолган ўзбек қизлари ҳам анча. Сеулда ишлаётган Равшан ака ўзи гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб берди.

- Сеулда вокзалда биттаси олдимдан ўтиб кетаëтган эди. Ўзбекка ўхшади. Саломлашдик. Икки-уч минут гаплашдик. Мен “Нимага келдингиз? Ўзимизда яхши ҳаëт кечирса бўларди”, дедим. Қўлида икки яшар ўғли бор экан. Тошкент шевасида “сураман бўттан”, деди. Энди бизга осонмас. Бу ерда яшаймиз, ишлаймиз. Ўзбек аëлларининг бу ерда юришлиги бизга ҳам оғир ботади. Нима қиламиз энди? Қўлимиздан нима келарди, дейди Равшан ака.

Сеулдаги заводлардан бирида ишлаётган Муродилла аканинг айтишича, ўзбек қизлари корейс сериалларидаги ялтироқ ҳаётга учиб, кореялик эркакларга эрга тегмоқда, бу ерга келиб эса улар буни аксини кўрмоқда.

- Жуда кўпда бунақалар.

Озодлик: Корейс эркаклари ўзбек аëлларини нимаси билан жалб этаяпти?

- Бизда энди кинолар кўпайиб кетаяптию. Корейс кинолари кўп қўйилаяптию. Қизлар кўриб энди шунақа деб ўйлаяптида. Ҳаëт зўр экан дейди. Келгандан кейин аттанг қилишаяпти жуда кўпи. Қайтиб кетишдан ҳам жуда кўпи эрининг олдидан қочиб кетган.

Озодлик: Кинода нимани кўрадию у ëққа бориб нимани кўради?

- Киноларда ҳаëт зўрга ўхшайди. Кинода энди зўр жойларини оладию. Корейс киноларини кўргандирсизлар. Чиройли жойлар, тўқ яшайди, деб ўйлайдида Ўзбекистондагилар. Бу ерда умуман ҳаëт бошқачада. Келгандан кейин нечтаси ажрашиб кетиб, қочиб кетганлари бўлган. Шунақалар жуда кўп бўлади бу ерда.

Озодлик: Кинодаги билан у ëқдагининг нима фарқи бор?

- Ҳаëтининг фарқи борда. Ўзимизнинг ўзбекчилик бошқача, корейснинг ҳаëти бошқача. Булар энди ҳалиги чўқинадиган миллатда. Нима дейди, кўпи динни қабул қилаяпти, кўпи қабул қилмаяпти. Қабул қилаëтганлари оз. Кўпиники билмаган ҳолда бўлаяпти. “Ака, иш топиб беринг. Ишлаймиз”, деб жуда кўпи телефон қилишади. Ҳалиги эридан қочиб кетганлар, бошқаларда. Пул учун текканлар, ҳаëтда қийналганлар жуда кўпда ўзимизда, шунга пул учун текканлар бор. Ҳар хил воқеалар бўлаяпти бу ерда. Булар энди бошида олаëтганда ота-онасига 10 мингми, 20 мингми доллар берадида.

Озодлик: Қалин пулими?

- Ҳа. Бир хиллари 30 минг, 40 минг беради. Шунга ишониб келиб олгандан кейин жуда кўпчилиги қочиб чиқиб кетаяпти, дейди Муродилла ака.

Сўнгги етти йил ичида ўзбек канали орқали 20дан зиёд корейс сериали қўйилди. Улардан энг кўп кўрилгани “Қиш сонатаси” филмидир.

Ўз навбатида Жанубий Кореяда эркаклар учун маҳаллий корейс қизига уйланиш анча қимматга тушиши боис улар келинни чет эллардан қидиришади. Kорейс қизларидан фарқли талаблар анча камтарин бўлган ўзбек қизлари билан турмуш қуришади.

- Бу ерда қимматку. Корейсни олиш қиммат. Уйланиш қимматда буларга. Машинани аëлининг номига ўтказади, 100 минг долларга олган уйини хотинининг номига ўтказади.

Озодлик: Ўзбекни олса, ўтказмаса ҳам бўлаверадими?

- Ўзбекни олгандан кейин ўтказмайдида булар. Хотин киши устун туради бу ерда. Эркак киши сал пастроқ туради бу ерда. Шунинг учун кўпи чет элликларга уйланаяптида. Филиппин, вьетнам жуда кўп бу ерда. Шунинг учун кўпчилик корейс йигитлар чет элликларга уйланаяпти, дейди Муродилла ака.

Жанубий Кореяда эркакларга маҳаллий қизга уйланиш анча қимматга тушишини сеуллик Юнг Аи ҳам тасдиқлайди.

- Бу ерда уйланиш масаласи анча қиммат. Эркак бирон маҳаллий қизга уйланиши учун албатта уйи бўлиши керак. Келин томон уйни ясатишни зиммасига олади. Бу харажатларни кўтаролмайдиган эркакларимиз чет элликка уйланиб қўяқолади,- дейди Юнг Аи.

Кореяда яшаётган сурхондарёлик Собиржон аканинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонга махсус бориб келинлик бўлиб қайтаётган корейслар кўпайиб қолган.

- Унинг саноғига етолмайман мен. Жуда кўп. Айниқса Наманган вилоятидан кўп. Ўртадаги аëлми, эркакми наманганлик бўлса керак. Ўшанинг ҳисобидан қиз кўпайиб кетган. 16-17-18-21 ëш атрофидаги қизлар.

Озодлик: Ҳаммаси никоҳ билан келишаяптими?

- Никоҳ ўқияпти Ўзбекистонда.

Озодлик: Корейслар бориб олиб келаяптими?

- Ҳа. Корейслар боради. Давлат нимасидан ҳам ўтади, домла ҳам никоҳ ўқийди дейди.

Озодлик: Кореяда қиз қуриб қолибдими? Ë эркакларига бизнинг қизлар ëқаяптими?

- Гап ëқишдамас. Кореяда қизга уйланиш учун дом олиб бериш керак. Унинг номига қанчадир миллион сўм пул қўйиш керак. Шунинг учун уйланади. Бўлмаса уйлана олмайди Кореяда. 40-50 ëшга кирганлари ҳам юрибди.

Озодлик: Шунақа қонун борми?

- Қонун эмас. Анъана бу. Машинаси, уйи бўлса, кейин аëлининг банкдаги счëтига пул қўяди, кейин уйланади. Масалан, Ўзбекистонга бориб бир ойлигига келин олиб келаяпти. 10 минг доллар билан борсин. 10 минг доллар билан иккита ҳам олиб келади иложи бўлса. Кореяда энг кам иш ҳақи 1000 доллардан ошади. Мен ўзим Кореянинг пули билан 2 миллион 700 минг оламан. Бир ой тўхтамасдан ишласам оламан, дейди сурхондарëлик Собиржон ака.

Кореяда яшаётган Малоҳат корейслар унга ҳам турмушга чиқишни таклиф қилишгани, аммо у бунга рози бўлмаганини айтади.

- Иложи борича, менинг фикримча, қизларни шу ерга эрга бермаса, яхши бўларди.

Озодлик: Нимага?

- Кўп қизлар кофир билан ўзининг ўртасидаги нималар тўғри келмасдан қизларимизнинг кўпи касал ҳам бўлиб қолишаяпти. Никоҳ шартномаси тузиладику. Кўп қизларимиз касал, кўп қизларимиз ëмон йўлларга кириб кетишган. Караокеларда, мотелларда ишлаб юришибди. “Ўзбек қизларини уятга қўймагин. Яхши ном қолдиргин”, деб таниган қизларимизга насиҳат қиламиз. Яхши яшайдиганлари ҳам бор. Иложсизликдан қайтиб кетишга ор қилаëтган қизлар ҳам бор.

Озодлик: Буларнинг турмушга чиқиши қандай бўлади?

- Қизларимиз мана сериалларни кўриб қизиқишаяпти биринчидан. Иккинчидан, моддий томондан, учинчидан, кечирасизу бизнинг ўзбекларнинг яхши қизи корейсга тегмайди. Яхши қизлар ўзимизнинг йигитлардан ҳам ортмайди. Кўчада юрган современний, ота-онасининг гапига қулоқ солмайдиган қизлар кўп.

Озодлик: Сиз Кореяга қандай келиб қолгансиз?

- Давлат томонидан контракт бўйича.

Озодлик: Сизга ҳам корейс эркаклари томонидан турмушга чиқиш таклифи бўлганми?

- Бўлган. Мен турмушимдан ажраганман. Лекин мен исломий тарафни ўйлаганман. Иккита фарзандим бор. Фарзандимнинг таълими учун моддий томондан рози бўлганман. Лекин исломий томондан келажакда Оллоҳ олдида уялиб, етти пуштимга зиëни етишлигидан қўрққаним, Оллоҳдан қўрққаним учун бу йўлга кирмадим.

Озодлик: Ҳозир иккита фарзандингиз билан Кореяда яшаяпсизми?

- Йўқ, Кореяда битта ўзим. Фарзандларим Ўзбекистонда.

Озодлик: Ўзбекистондан корейс эркакларига теккан дугоналарингиз борми?

- Билганим битта актриса қизимиз бор. "Супер келинчак"да ўйнаган. Адиз Ражабов билан "Супер келинчак"да ўйнаган актриса борку. Мана шу қизимиз ҳам Кореяга турмушга чиқди. Нима учун? Менинг эшитишимча, онаси рак бўлган. Операцияга пул йўқлиги учун корейсга турмушга чиққан.

Озодлик: Ҳозир қаерда у қиз?

- Кореяда. Лекин эшитишимча, кетаман деган гаплари ҳам бор. Чунки онаси барибир ўтди. Энг асосийси моддий томонлар. Яхши қиз ҳеч қачон чет элга тегмайди. Бу ерда ҳам корейсларнинг яхшиси чет эллик қизларни олмайди.

Озодлик: Ўзингиз у қизни Кореяда кўрдингизми?

- Кўрмадим, лекин кўрган қизлар гапириб беришди, дейди Малоҳат.

Сўнгги йилларда ўзбек қизларини Жанубий Кореяга узатаётган яширин совчилар сони ҳам ортди. Ўзбекистонлик таҳлилчи Суҳроб Исмоиловга кўра, фуқароларни алдаб, хорижга олиб кетаётганлар кўпайган. Улар бемалол, очиқ-ошкор иш қилмоқда.

- Турли хил тижорат мақсадларида юритиладиган кичик-кичик газеталар кўпайиб кетган. Мана шу газеталарда кўпинча эълонлар саҳифаси ҳам бор. Эълонлар газета ўзини хўжалик тарафдан сақлаб туриши учун энг катта даромад манбаи ҳисобланади. Мана шу эълонларни диққат билан кузатганимизда, бу ерда номаълум шахслар тарафидан фақат телефон рақамлари ëки хонадонларнинг адреслари кўрсатилган ҳолатда “Бизга мурожаат қилинглар. Биз сизларни чет эллик кўркам, бой-бадавлат эркаклар билан таништирамиз”, деган эълонлар борлигини кузатиб қоламиз баъзиларида, дейди Суҳроб Исмоилов.

Тошкентдаги Эксперт гуруҳи вакили Суҳроб Исмоловнинг сўзларини Кореяда ишлаётган қашқадарёлик Собиржон ака ҳам тасдиқлайди.

- Олти йилдан бери мана шу ерда яшаяпман мен. Ўшаларнинг турмуши, ҳаëти жуда қийин аҳволда. Наманган, Андижон, Тошкент вилоятларидан жуда ҳам кўп қизлар бу ерга турмушга чиқиб келган. Жуда аянчли аҳволда. Бир хил қизларимиз айтаяптики, қул сифатида қарамайди. Шунчалик эксплуатация қилиб, меҳнат қилдирадида. Оилавий турмуш қилса, ҳам майли эди. Ўзбекистонда никоҳ ўқитаяпти, дейди. У қанақа домла у? Қанақа домла буни никоҳлайди? Урф-одатини билмаса, динини билмаса. Мана шунга жуда ачинаман, дейди қашқадарëлик Собиржон ака.

Жанубий Кореяга келин бўлиб тушган ўзбекистонликлар сони ҳақида аниқ рақамни келтириш қийин. Ўз исмини айтишни истамаган Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимларидан бири, “бу ҳақда аниқ рақамни айтолмайманку, лекин Кореяга кетаётганлар оз эмас”,- деб жавоб қилди.

Хорижликка турмушга чиқасиз, хорижда тарбиячилик қиласиз, пулдор хонадонларда хўжалик бекаси бўласиз, дейилган таклифларнинг аксари алдов эканини бугун ўзбекистонликлар анча тушуниб қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG