Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:58

Қирғизистонда озиқ-овқат нархлари ошиб бораяпти


Маълумотларга кўра, шу кунда Қирғизистонда ун маҳсулотлари нархи 35-40 фоизга ошган.
Маълумотларга кўра, шу кунда Қирғизистонда ун маҳсулотлари нархи 35-40 фоизга ошган.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаеванинг эътироф этишича, мамлакатда 1 миллион 600 минг одам қашшоқликда яшамоқда. Қирғизистонда деярли ҳафта сайин нарх-наволарнинг кўтарилиб бораётгани қашшоқлар сонини янада кўпайтириши мумкин.

Сўнгги бир ҳафта ичида сўнгги бир неча ой ичида кўтарилиб борилаётган нархлар яна бир бор юқорига қараб сакраб олди.

Ўтаётган ҳафта Қирғизистонда ўсимлик мойи, ун ва нон маҳсулотлари ҳамда бошқа бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари нархи яна кўтарилди. 7 апрелдан бери кун сайин қимматлаб бораётган бензин нархи эса 1 долларга яқинлашиб қолди. Шу кунда 1 АҚШ доллари 46,6 қирғиз сўмига тенг.

Қирғиз молиячиларига кўра, айнан бензин нархининг кун сайин кўтарилиб бораётгани озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашига сабаб бўлмоқда. Нарх кўтарилиши оқибатида инфляция даражаси ҳам ўсмоқда.

- Ҳозирги кунда инфляция даражаси 12 фоизга етди. Аслида йил охиригача инфляция 7-8 фоиздан ошмайди, деб тахмин қилинган эди. Нархларнинг ошиб кетишига ёнилғи- мойлаш маҳсулотларининг қимматлаши сабаб бўлди. Бу нарса айниқса ун ва нон маҳсулотлари нархининг ошишига сезиларли таъсир кўрсатди, - деди Қирғизистон Миллий банки раиси Бақтигул Жээнбоева.

Айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистонга деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари хориж ўлкаларидан олиб келинади. Бу маҳсулотларни олиб келадиган транспорт воситалари учун керакли бўлган бензин нархи эса сўнгги бир неча ой ичида 40 фоизга кўтарилган. Бунинг натижасида Қирғизистон шимолида бир ҳафта олдин 5 литри 460 сўмдан сотилган ўсимлик мойи нархи 530 сўмга етган. Нон ва нон маҳсулотлари нархи 1 сўмдан 5 сўмгача, гўшт маҳсулотлари нархи эса 20 сўмгача қимматлаган.

Ўшлик савдогар Маҳфузахоннинг айтишича, Ўшда ҳам нарх-наво осмонда. Маҳфузахон парламент сайлови арафасида 1200 сўмдан сотилган “Тулпор” ширкати унлари бугунги кунда 1600-1700 сўмдан сотилаётганини айтади:

- “Тулпор” унлари 1200 сўмдан эди, бугунги кунда 1600-1700 сўмдан сотилаяпти. Қўй гўшти 220 сўм, мол гўшти 190 сўмдан, қимматламасидан олдин гўштнинг нархи 150-160 сўм эди, - дейди Маҳфузахон.

Суҳбатдошимиз озиқ-овқат маҳсулотларининг бошқа турлари ҳам анча қимматлаганини айтади. Маҳфузахон нарх-навонинг қимматлашини бензиндан эмас, Қирғизистонда барқарорликнинг, тинчликнинг йўқлигидан кўради. “Бир кун уруш бўлган жойдан 40 кун барака қочади”, дейди суҳбатдошимиз.

- Буларнинг барчаси урушнинг касофатидан. Бундан олдин ҳам нархлар қимматлар эди, лекин бунчалик кўтарилмас эди. Бу ҳаммаси урушнинг касофати, - дейди Маҳфузахон.

Қирғизистон ҳукумати ун ва нон баҳосининг кўтарилиб кетиши олдини олиш чора-тадбирларини бир ой олдин бошлаган эди. Бу тадбир доирасида Қирғизистон антимонополия қўмитаси ходимлари ун ва нон махсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкатларга бириктирилиб, нарх-навони назорат қилишлари зарур эди. Бироқ бу тадбирлар натижасиз қолди ва ун ҳамда нон нархи кўтарилди. Аммо антимонополия қўмитаси раҳбари Бобур Жээнбеков ун ва нон нархи аввалги ҳолига туширилишига ҳали ҳам умид қилаётганини айтади:

- Ун нархини пасайтириш масаласида бир қарорга келамиз, деган умид бор, мақсад бор. Бу ниятимизга етиш учун ҳаракат қилаяпмиз, - деди қирғиз расмийси.

Бироқ яхши ният ва умидлар нархларнинг пасайишига ҳозирча таъсир кўрсата олмаяпти.
XS
SM
MD
LG