Линклар

logo-print

Тожикистоннинг Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида вилоятда 300 га яқин қурол-аслаҳа мусодара қилинган. Республика бўйича эса аҳолидан 4 мингга яқин қурол-аслаҳа мусодара этилган.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларида айтилишича, мусодара қилинган қурол-аслаҳа сони аввалги йилларга нисбатан ошган.

- Ҳар йили вилоятда қурол-аслаҳа мусодарасига қаратилган махсус тадбирлар ўтказилади. Бу, биринчи навбатда, давлат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлардир. Мусодара қилинган қуроллар орасида 45 та Калашников автомати, 36 та тўппонча, 70 дан ортиқ граната ва портловчи моддалар, 40 та қирқма милтиқ ва 480 та ов милтиғи бор, - деди Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси вакили Наим Муртазоев.

Таҳлилчилар фикрича, фуқаролар орасида қурол-аслаҳа кўпайганлиги одамлар ўз хавфсизлигини ҳукуматга ишонмаслигидан, ўзини-ўзи ҳимоя қилмоқчи бўлганидан даракдир.

- Бу мамлакатда вужудга келган вазиятнинг жиддийлигидан даракдир. Коррупция ривожланган мамлакатда жиноий тизимлар ҳам кўпгина ноқонуний ишларни бемалол амалга оширади. Тожикистонда жиноятчилик билан боғлиқ вазият чидаб бўлмайдиган даражага етди. Бугунги кунда мамлакатда журналистларни, депутатларни, оддий одамларни ҳеч ким ҳимоя қилишга қодир эмас. Тўғрироғи, ҳимоя остидагилар ҳаммага маълум - бу хукумат раҳбарларидир, дейди таҳлилчи Мирқосим Саидов.

Унинг фикрича, аслида одамлар қўлида республикадаги фуқаролар уруши давридан қолган юзлаб қурол-аслаҳа сақланмоқда, улар бу қуролларни ҳар эҳтимолга қарши ушлаб турибдилар.

Бироқ Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари бу иддаоларда асос йўқлигини қайд этмоқдалар. Уларнинг айтишларича, минтақада жиноятчилик кўлами озайган ва кўплаб тожикистонликлар ўз ихтиёри билан қуролларни топширмоқда.

- Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг жойлардаги тизимлари фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус чора-тадбирлар кўрмоқда. Бу тадбирлар натижасида жиноятчилик кўлами камайган. Айниқса оғир жиноятлар сони камайганлиги кузатилмоқда, дейди Наим Муртазоев.

Бироқ республика Бош прокуратураси маълумотлари бунинг аксини кўрсатмоқда. Мазкур маълумотларда айтилишича, жорий йил 9 ойи мобайнида республикада 10 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Бу бошқа йилларга нисбатан 7 фоизга кўп.

“Бу жиноятларнинг асосий қисмини қотиллик ташкил этади. Содир этилган қотилликларда куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар вакилларининг ҳам қўли бор. Йил бошидан буён республикада содир этилган 57 жиноятда милиция вакиллари иштирок этганлиги аниқланган. Жиноятларни аниқлаш ва тасдиқлаш эса 80 фоизни ташкил этган”, дейилади Бош прокуратура маълумотларида.

Таҳлилчи Содиқ Ҳожиев ҳам ички ишлар вакилларининг кўплаб қурол-аслаҳа мусодара қилгани ва айни пайтда республикада жиноятчилик кўлами озайгани ҳақидаги маълумотлари бир-бирига тамоман зид эканлигини айтади.

- Милиция вакиллари юзлаб қуроллар мусодара қилганлиги бу яхши хабар, албатта. Бироқ Ички ишлар вазирлиги бу маълумот билан Тожикистон жиноятчилик энг кўпайган, жиноий гуруҳлар кўп бўлган бир юртга айланиб қолганлигини кўрсатаётганлиги ҳақида ўйлашмадими? Бошқа томондан, бу шу куннинг асл воқелигидир, дейди Содиқ Ҳожиев.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, ички ишлар маълумотларида республикада сўнгги уч ой давомида содир бўлган қонли воқеалар акс этмаган, жумладан, шу муддат ичида мусодара қилинган қурол-аслаҳалар ҳам. Унинг айтишича, Тожикистондаги жиноий гуруҳлар аллақачон Халқаро жиноий синдикатлар билан бирикиб кетган. Шунинг учун ҳам қатор шов-шувли жиноятлар (Миллий ҳавфсизлик қўмитаси изоляторидан қочган махбуслар шулар жумласидан), буюртма қотилликлар ҳанузгача фош этилмаяпти. Матбуотда эълон қилинаётган бундай маълумотлар эса, таҳлилчи фикрича. милиция вакилларининг ўз нуфузини кўтариш учун амалга ошираётган навбатдаги уруниши, холос.
XS
SM
MD
LG