Линклар

logo-print

Тожикистонда адашган қизлар учун марказ иш бошлади

  • Гулнора Равшан

"Чароғи ҳидоят"даги қизларнинг кўпчилиги марказга келгунгача бўлган турмушларини эслашни ҳам истамайди.

"Чароғи ҳидоят"даги қизларнинг кўпчилиги марказга келгунгача бўлган турмушларини эслашни ҳам истамайди.

Ҳаётида жинсий ва жисмоний зўровонлик қурбони бўлган тожикистонлик қизлар “Чароғи ҳидоят” таълим марказида даволаниш билан бир қаторда компютер, инглиз тили ва турли касб-ҳунарларни ўрганиши айтилмоқда.

Турмушда жуда эрта йўлидан адашган ва бунинг ортидан яқинларини тарк этган қизларни соғлом жамиятга қайтариш мақсади бўлган бундай марказ Тожикистондада илк бор ташкил қилинмоқда.

Душанбеда иш бошлаган мазкур таълим маркази Тожикистон ҳукумати, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Аёллар жамғармаси ҳамда Буюк Британия болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш Тожикистондаги идорасининг молиявий кўмагида ташкил топгани айтилмоқда.

“Чароғи ҳидоят”да йигирмадан ортиқ қиз учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

Айни пайтда 10 ёшдан 18 ёшгача бўлган саккиз нафар қиз мазкур марказда яшаб турибди.

Марказ раҳбари Сайли Қосимованинг айтишича, қизларнинг кўпи саводсиз, аксариятининг ота-онаси ажрашган ёки отаси қамоқдаю онаси бошқа ишлар билан машғул экан.

Марказ раҳбари фикрича, қизлар кўпинча ота-оналари ва яқинларининг эътиборсизлиги туфайли йўлидан адашиб, қўшмачилар қурбони бўлган ва кейинчалик ихтиёран танфурушлик бозорига кириб қолган.

- Марказимизда қизларга тиббий, ҳуқуқий ёрдамлар берилади. Шунингдек, қизларга компютер, инглиз ва рус тиллари, этика ва эстетикадан ҳам дарслар ўтилади. Бунинг бари текин, - дер экан Қосимова хоним бу лойиҳанинг асосий мақсади саводсиз ва жинсий қуллик қурбони бўлган, балоғатга етмаган қизларни мактабга, ўз уйларига қайтаришдан иборатлилигини таъкидлади.

Янги лойиҳага мувофиқ қизлар марказда олти ой яшаш ҳуқуқига эга.

Аммо марказ масъуллари қизлар ҳаётда ўз йўлини топиб кетгунларича қўлларидан келган ёрдамни аямасликларини айтаяптилар.

Қизларнинг ўзлари билан яқиндан танишиш ва уларнинг келажакдаги орзуларини билиш ҳақидаги истагимизни марказ раҳбарига айтганимизда, Сайли Қосимова уларни расмга олмаслик ва шартли исмлар қўйиш шарти билан таклифимизни қабул қилди.

Дастлабки суҳбатдошимиз - 15 ёшли Шабнам. У марказга республиканинг чекка қишлоқларидан келган экан. Шабнам марказдаги синфдошларидан фарқли ўлароқ ўқиш-ёзишдан хабари борлигини ва жуда кўп китоб, рўзнома ўқишини айтди.

- Менинг уйдан чиқиб кетишим ва ҳаётда алданишимга оиладаги бир воқеа сабаб бўлганди. Отам йўқ, укам ва онам билан бирга яшардик. Кунларнинг бирида онам бегона эркакни уйга бошлаб келди. Бир кун у мени зўрламоқчи бўлди. Лекин онам менинг бу борада айтганларимга ишонмади, аксинча ўша эркакни қувватлади. Шундан сўнг уйдан чиқиб кетдим. Энди ҳеч қачон уйга қайтмайман. Орзуим шу марказда билимимни мустаҳкамлаб, келажакда ҳуқуқшунос бўлиш, - дейди Шабнам.

У айнан ўша воқеа ҳаётини барбод қилгани ва энг яқин кишиси - онасидан кўнглини совитганини қўшимча қилди.

“Чароғи ҳидоят” марказида Шабнам билан бирга яна саккиз нафар қиз тарбияланмоқда. Қисмати бир-бирига ўхшаш қизларнинг кўзларида чексиз мунг. Улар ўз қисмати ҳақида ҳикоя бошлар экан, ўзларини йиғидан базўр тутиб турганини илғаш қийин эмас.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Ясмина. У Шабнам билан тенгдош. Лекин у ҳаётда Шабнамдан ҳам кўпроқ қийналганини айтади.

Ясмина онасининг вафотидан сўнг нашаванд холаси уларга тегишли уйни сотиб, уни синглиси билан бирга кўчага ҳайдаганини алам билан эсга олади.

У шундай бир марказ ташкил топгунча Душанбе кўчаларида тиланчилик қилганини айтди. Ҳозир Ясмина ўтган кунларини даҳшатли тушдай хотирлайди.

- Тунги соат бир-иккиларгача синглим билан кўча кезардик. Мастлар учраб қолса, яширинардик. Хусусан, қишда қийналар эдик. Бир кун синглимни бир нашаванд тутиб олди, зўрлади, кейин юз-қўлларини пичоқ билан тилди. Ҳозир синглим қаердалигини билмайман. У сўнги вақтлар ичкилик ва чекишга берилиб кетган эди, - дейди Ясмина.

Марказдан бошпана топган бошқа қизлар ўтмишдаги ҳаётларини эслаш ва бўлиб ўтган дахшатли воқеаларни кўз олдиларига келтиришни истамасликларини айтишди.

Уларнинг ҳаммаси ягона орзуси яхши билим олиш, ҳунар ўрганиш ва нормал ҳаётга қайтиш эканини қайта-қайта такрорлардилар.
XS
SM
MD
LG