Линклар

Тақирбош умрбод қамоқ жазосини олди


Бу икки тақирбош ўлдирганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлган.

Бу икки тақирбош ўлдирганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлган.

Москва шаҳар суди бир нечта қотиллик содир этган москвалик тақирбош Василий Кривецни умрбод қамоқ жазосига маҳкум этди. Унинг шериги ростовлик Дмитрий Уфимцев суд маслаҳатчилари қарори билан 22 йиллик қамоқ жазосини қаттиқ режимдаги колонияда ўтайдиган бўлди.


22 ёшда бўлган бу икки йигит 2007-2008 йиллар давомида 15 нафар Тожикистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия ва Россия фуқароларини ўлдирганликда айбдор деб топилди.

- Суд Кривец Василий Алексеевичниқуйидаги жабрланганлар: Отабоев, Баҳромтошев, Хошимов, Колодкин, Бикеров, Давлатбеков, Эрмаков, Исаев, Дикинов, Ширинбеков, Керимов, Худойкулов, Раҳмонов, Ким, Гараевга нисбатан содир этган жиноятлари учун Россия Федерация Жиноят Кодексининг юқорида келтирилган 5 моддаси бўйича айбдор, деб топди ва унга умрбод қамоқ жазосини тайинлади, деди Москва шаҳар суди ҳаками.



Айбдор, деб топилган икки тақирбошлар етакчилик қилган тўдалар иши билан шуғулланган Москва шаҳар судьяси Эдуард Чувашов жорий йил май ойида отиб кетилгани боис, 28 октябр куни ҳукм чиқарган судьянинг исми хавфсизлик чораси ўлароқ, ошкор қилинмади.

Суднинг қарорида, шунингдек, “Тим” лақабли Василий Кривецга жабр кўрганларнинг яқинларига 13,5 миллион рубл миқдорида товон пули тўлаши айтилган.

Неонацистлар ташкилоти раҳбарларидан яна бири 22 ёшли Дмитрий Уфимцевга давлат қораловчиси 23 йил қамоқ жазоси берилишини сўради, суд уни 22 йил қаттиқ режимдаги колонияда қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилди.

Тоғли-бадахшонлик Зураб Озодлик билан суҳбатда ўзининг дўсти Давлатбеков Дамирнинг қотилларига чиқарилган ҳукмдан қисман қониққанини айтди.

- Умрбод қамоқ жазосини олган Кривецга чиқарилган ҳукм билан қониқдим, лекин иккинчисига берилган муддатга норозилигимни айтмоқчиман, чунки маҳаллий қонунларга кўра иккита қотиллик учун умрбод қамоқ беришлари шарт эди. 22 йил олган Уфимцевнинг эса бешта қотилликда иштирок этгани исботланди. Дўстим Дамир оилада каттаси бўлиб 4 синглисини ўзи боқарди, отаси ёшлигида оламдан ўтиб кетган эди. 29 кириб энди уйланиш ниятида эди, дейди кўзига ёш олган тожикистонлик Зураб.

Унинг сўзларига кўра, тақирбошлар ўлдирган Давлатбеков Дамирнинг онаси суд томонидан тайинланган 1 миллион товон пуллини олмаслигини айтган.

Суд маҳкамаси ўтказилган бинони қуролланган милиция ходимлари қўриқлади. Ҳукм ўқилган суд залининг ўзида автомат кўтарган 9 нафар соқчи турди.

Москва шаҳар суди матбуот маркази раҳбари Анна Усачёва бундай хавфсизлик чораларини номаълум шахслар томонидан терговчилар ва суд аъзоларига бир неча бор тазйиқлар бўлгани билан изоҳлади.

- Ҳукм чиқарилишидан олдинроқ миллатчиларга қарашди қатор Интернет сайтларида судланаётганларни қўллаб қувватлаш учун Москва шаҳар суди биноси олдига йиғилишга даъватлар эълон қилинди. Бундай босим олдин ҳам уюштирилган эди. Чунки Кривец ва Уфимцев бошчилигида тузилган “Русская воля” тақирбошлар ташкилотининг яна 13 нафар аъзоси устидан Москва ҳарбий судида яна бир маҳкама давом этмоқда. Айбдор, деб топилган Уфимцев бошқа жиноий иш юзасидан ҳам кўрсатма беради. Шу сабабли суд залида видео ва фотога олиш таъқиқланди. Эҳтиёт чораси сифатида суд биноси айланасига ОМОН ходимлари томонидан қўриқланяпти, дея тушунтирди Москва шаҳар суди расмийси.

Усачёва хонимнинг сўзларига кўра, бундан икки йил олдин Планерная метросида олиб борилаётган тергов амалиётлари давомида Дмитрий Кривец милиция ходимини уриб, воқеа жойидан қочиб кетган. У бир йил давомида қидирувда бўлган.

- Кривецни яқиндагина яна қўлга олишди, дея қўшимча қилди Усачёва.

25 октябр куни суд маслаҳатчиларининг қарори билан Василий Кривец ва Дмитрий Уфимцев Россия жиноят Кодексининг қатор моддалари юзасидан айбдор, деб топилган эди. 28 октябр куни суд бу қарорни расман эълон қилди.

Айбдор, деб топилган тақирбошлар 10 кун ичида Россия Олий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишлари мумкин.

Москва шаҳар суди маслаҳатчилар коллегияси сўнгги бир йил давомида 40дан ортиқ тақирбошни миллий адоват асосида содир этилган қотилликларда айбдор, деб топди. Айни пайтда 19 нафар миллатчи оқланган.
XS
SM
MD
LG