Линклар

Пенсионер ҳақига хиёнат қилинмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик пенсионерларнинг аксари оладиган нафақаларидан қониқмаслигини айтади.

Ўзбекистонлик пенсионерларнинг аксари оладиган нафақаларидан қониқмаслигини айтади.

Франция парламентининг қуйи палатаси, касаба уюшмаларининг норозиликларга қарамай, пенсия соҳасидаги ислоҳот тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу қонунга кўра, пенсия ёшини 60дан 62 ёшга кўтариш назарда тутилган. Бу хабар мухбиримизни Ўзбекистондаги пенсия тизимига бир назар ташлашга ундади.


Ўзбекистонликлар неча ёшдан пенсияга чиқа олади? Уларнинг олаётган пенсиялари кун кечиришга етарли бўляптими ёки йўқ?

Собиқ иттифоқ парчалангандан кейин Ўзбекистон пенсияга чиқиш ёши ўзгармай қолаётган Марказий Осиёдаги ягона давлат бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда аёллар 55 ёшдан, эркаклар 60 ёшдан нафақага чиқишлари мумкин.

Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда пенсия ёши эркаклар учун 63 ёш ва аёллар учун 58 ёш қилиб белгиланган.

Ўзбекистон Молия вазирлигига қарашли бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи Наврўзбек Хўжаев Озодлик билан суҳбатда, агар талаб этилган иш стажи бўлса, ўзбекистонлик аёллар 54 ёшдан ҳам пенсияга чиқишлари мумкин дейди:

- Аëлларнинг талаб этилган стажи 20 йил. Ана шу етса, 54 ëшдан чиқади. Агар стажлари етмаса, 55 ëшдан чиқади. Эркакларимиз 60 ëшдан. Энди имтиëзлилар бор. Оғир ишлар бор мана. 10-15 йил қисқартирилгани бор. Шахтёрлар бор, пайвандчилар бор. Улар 50-55 ëшдан ҳам чиқишади,- дейди пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи.

Наврўзбек Хўжаевга кўра, айни пайтда Ўзбекистондаги энг кам пенсия миқдори 86 минг сўмни (расмий курсда 53 АҚШ доллар, қора бозор курсида 38 доллар) ташкил қилади. Пенсиялар иш стажига қараб энг кам иш ҳақининг 8 баравари даражасида белгиланади:

- 8 минимал иш ҳақи белгиланганади. Ундан юқори кўтармаймиз. Бу қонунда кўрсатилган. Иш ҳақларининг охирги 10 йили олинаяпти. Шуни базага киритиб, энг юқори 5 йиллик иш ҳақини компьютер программаси ажратиб беради. Ўртача бир ойлик иш ҳақи 1 миллион келса ҳам, биз 8 минимал иш ҳақи, яъни 361 минг 720 сўмдан ўртача иш ҳақи чиқарамиз. Пенсиянинг таянч миқдори сифатида шунинг 55 фоизи олинади. 55 фоизни олиб, қолган ортиқча стажларнинг ҳар бир йилига бир фоиздан қўшиб берилади. Масалан, иш стажи 40 йил бўлса, 25 йилини талабга қўйиб, қолган 15 йилига 15 фоиз қўшиб берамиз. Яъни 70 фоизни ташкил қилади. 361 минг ўртача иш ҳақи белгиланган. Ўртача иш ҳақининг боя айтганимдай 70 фоизи пенсия қилиб тайинланади

Бундан келиб чиқиб, дейди Наврўзбек Хўжаев, ҳозир энг катта пенсия 270-285 минг сўм атрофида ва шунингдек, унвонларга ҳам белгиланган тартибда пенсияга қўшиб берилади:

- Фақат унвонларга қўшимчалар бор. Қайси йўналишда унвон билан тақдирланган бўлса, унга энг кам иш ҳақининг 100 фоизигача, яъни 30 фоизлик бор, 60 фоизлик бор, энди турига қараб. Халқ таълими ходими, халқ артистлари, спорт ходимлари ва ҳоказо, фоизларини белгилаб қўйган. Мана шундай шахсларнинг пенсияларига энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 100 фоизигача қўшилади,- дейди бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи Наврўзбек Хўжаев.

Самарқандлик пенсионер Холиқназар Ғаниев Ўзбекистондаги пенсия таъминотини ўртача деб баҳолайди:

- Қўшниларга нисбатан ўртача бўлиши мумкин, лекин Россияга нисбатан жуда орқада. Масалан мен максимал пенсия оламан. 260 минг сўм ойига. Бу менинг ўзимга. Хотиним ҳам шунинг ярмича олади. Икковимизнинг пенсиямиз ўзимизга етади десак ҳам бўлади. Жуда ошиб-тошиб бўлмаса ҳам, ўлмас овқат, кийим-кечак билан таъминлашга етади. Лекин бу максимал пенсия. Пенсионерларнинг асосий қисми жуда кам олади. 100 минг атрофида олишади. Уларга жуда қийин.

Лекин, дейди Холиқназар Ғаниев, пенсияларнинг пластик карточкаларга ўтказила бошлагани пенсияга кўз тикиб ўтирган қарияларнинг ҳаётини янада оғирлаштириб юборди:

- Бир неча ой кечиктириб беради пенсияни. Масалан, ҳозир октябр бўладиган бўлса, шу ойларда биз августники олардик. Шундан безор бўлиб пластикка ўтишга рози бўлган эдик. Биз “шу муаммо ҳал бўлса керак, пул йўқ деб айтишмаса керак”, деб ўйлаган эдик. Аксинча бўлиб чиқди. “Олдин нақд пул билан тарқатиладиганларни тарқатиб бўламиз. Кейин сизларга пул берамиз”, дейди. Ҳар ой камида бир ой кечикиб оламиз. Шунақа қўшимча муаммолар ҳам бор.

Озодлик:
Неча фоизини пластикка ўтказаяпти?

- Баъзиларни 100 фоиз. Кўнган одамларни 100 фоиз. Кўнмаганларни авраб, ихтиëрий-мажбурий равишда ярмини ўтказиб бераяпти. Шунақа аҳвол,- дейди самарқандлик пенсионер Холиқназар Ғаниев.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати ўзини муҳофаза қиладиган милиция ходимларини хафа қилиб қўймади. Милициядан пенсияга чиққанларнинг пенсиялари бошқа фуқароларга нисбатан ўртача икки баравар кўп. Узоқ йиллар ички ишлар органида ишлаб, пенсияга чиққан самарқандлик Ўктам ака пенсиясидан нолимаслигини айтади:

- Пенсиямиз 400дан зиëдроқда. 200 долларга бормайди. Аниқроғи 470 минг сўм,- дейди Ўктам ака.

Унинг айтишича, милиция ходимларининг пенсия таъминоти тўғридан тўғри ички ишлар вазирлигидан бўлади. Уларнинг пенсиялари кечиктирилмайди ҳам, пластик карточкаларга ўтказилмайди ҳам:

- Фақат бизникилар ўз вақтида бераяпти. Қолганларникини, мана Халқ банкидан олаëтганларникини октябр ойини бергани йўқ,- дейди Ўктам ака.

Пенсионер Ўзбекистон президентининг ойлик иш ҳақлари ва пенсияларни ошириш ҳақида чиқарган фармонларида кўзда тутилган оширмалар пенсионерларга нисбатан тўлиқ тадбиқ этилмаётганини айтади.

Тошкентлик 80 ёшли пенсионер Абдували ота Абдурашидов фикрича, пенсия таъминоти Ижтимоий таъминот вазирлиги тасарруфидан Молия вазирлигига ўтказилганидан бери пенсионерлар ҳақига хиёнат қилиниоқда:

- Молия вазирлиги пенсионерга хиëнат қилди. Яъни ўзлари айтаяптики, бу ўртадаги тафовутни, пенсиялар ўртасидаги тафовутни камайтириш учун янги коэффицент ишлаб чиқди, деди. Бу ишлаб чиққан коэффиценти пенсиялар тафовутини камайтирмади, аксинча ўртадаги тафовутни йўқотмасдан яна энг кам миқдорда пенсия оладиганларнинг пенсиясини президент фармонида кўрсатилган 12 фоиз ўрнига, бор-йўғи олти-етти фоизга оширди. Фармонда 20 фоиз дейилишига қарамасдан 14-15 фоиз оширди. Бу 80 ëшларга борган қарияларга бўлаëтган жабр. Бу адолатсизлик, бу хиëнат,- дейди тошкентлик Абдували ота Абдурашидов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG