Линклар

Индонезияда табиий офатлар қурбонлари сони ошмоқда


Юзлаб одамларнинг ёстиғини қуритган цунамидан кейин отилган вулқон Мерапи тоғи этагидаги қишлоқларни кул билан қоплади.

Юзлаб одамларнинг ёстиғини қуритган цунамидан кейин отилган вулқон Мерапи тоғи этагидаги қишлоқларни кул билан қоплади.

Индонезияда рўй берган цунами ва вулқон офатлари қурбонларининг сони ошиб бормоқда. Расмийлар табиий офатлар оқибатида 343 киши ҳалок бўлгани ва 400га яқин одам бедарак йўқлоганини маълум қилди.


Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Юдҳойоно пайшанба куни цунамидан зарар кўрган Пагай оролига бориб, олиб борилаётган қутқарув ишларини кузатди.

Қутқарувчилар ва омон қолганлар Суматранинг чекка Ментави оролларидаги вайронага айланган қишлоқларда қидирув ишларини давом эттиряпти. Расмий маълумотларга кўра, оролга ёпирилган цунами қурбонлари сони 343 кишига етди.

Президент Юдҳойоно Вьетнам пойтахти Ҳанойда ўтказилаётган Осиё давлатлари етакчилари саммитидан қайтгач офатдан зарар кўрган оролларга йўл олди. Суматра ғарбидаги Паданг қишлоғини бориб кўрган президент ҳукумат одамлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган қутқарув ишларини охиргача давом эттиражагини ваъда қилди.

- Биринчидан, мен ўз яқинларини йўқотган юртдошларим ҳолидан хабар оламан, иккинчидан, барча фавқулодда қутқарув ишлари тегишли тарзда олиб борилаётганини таъминлаш устида иш олиб бораман. Бугун эрталаб, ҳаводан инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш операциясини амалга оширганимиз ҳақида хабарингиз бўлса керак.

Ментави оролларида 25 октябр куни рўй берган 7,5 баллик зизлиадан кейин у ерда қурбонлар сони ошишда давом этмоқда. Зизлиа оқибатида кўтарилган цунами қишлоқларни бутунлай ювиб кетган бу минтақада расмийларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 343 кишига етган. Табиий офатдан минглаб одамлар уй-жойидан маҳрум бўлди.

Цунами оқибатида Паданг оролларида дам олаётган австралиялик ва янги-зеландиялик сайёҳлар инган икки қайиқ тўқнашиб кетди. Қайиқлардан бирининг капитан ёрдамчиси Ауанг ўзи гувоҳи бўлган воқеани Рейтерс агентлигига гапириб берди.

- Биз соҳилдан 50 метрларча нарироққа лангар ташлагандик. Бирданига уч-тўрт метрлик улкан тўлқин кўтарилди ва денгиздаги бошқа қайиқни олиб келиб, бизга урди. Нариги қайиқда ёнғин чиқди.

Ёнғин чиққан қайиқдан ўзларини денгизга ташлаган сайёҳлардан бири австралиялик Роб Марино Индонезиядан ногиронлар аравачасида қайтди. У ўз шериклари билан офатдан қандай омон қолганини эслайди.

- Қайиқдаги портлашданк кейин ўзимизни денгизга отдик. Кейин сув бизни соҳига қараб олиб кетди ва дарахтларга олиб бориб урди. Шундан кейин биз чўкиб кетмаслик учун, жон талвасасида дарахтларга илмашиб чиқдик. Бу воқеа капалагимизни учириб юборди.

25 октябр кунги зилзила эпицентри Ментави оролларидан бири Жанубий Пагайдан 78 километр узоқликда денгиз тубида бўлган. Маҳаллий Балиқчили идорасининг расмийсига кўра, кўтарилган тўфон соҳил яқинидаги Бету Монга қишлоғини ер билан яксон қилган.

Унинг айтишича, минтақадаги биноларнинг 80 фоизи вайрон бўлган ва ҳозирда аҳоли озиқ-овқат етишмовчилигидан ҳам азият чекмоқда.

Цунами офатида зарар кўрган Ментавидан 1300 километрча шарқроқда жойлашган Ява оролларида эса сешанба куни Мерапи тоғида отилган вулқон 33 кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлди.

Вулқон отилган Мерапи тоғи яқинидаги минтақага ҳам одамлар яқинлаша олмаяпти. Пайшанба куни вулқон шиддати бироз пасайган бўлса-да, расмийлар минтақадаги аҳоли пунктларида фавқулодда вазиятни кучда қолдириб, аҳолини ўз қишлоқларига яқинлашмасликдан огоҳлантирмоқда.

Отилган вулқон Мерапи тоғи этакларига яқин қишлоқларни кул билан қоплади. Ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ва вақтинчалик бошпаналарда яшаётган одамлар нафас олиш, кўз ва тери ачишиши ва бош айланиши каби муаммолардан азият чекмоқда. Маҳаллий шифокор Мисваингрум вулқон кукуни нафас йўллари касалликлари, грипп ва кўз касалликларини келтириб чиқараётганини айтади. Касалликларга чалинаётганларнинг аксари болалар, дейди у.

- Эвакуация қилинган аҳоли орасида нафас олиш йўллари касалликларнинг авж олаётганини кўриш мумкин. Биз уларга нафас йўлларига чанг кирмасин учун дока ниқоб тақиб олишни тавсия қиляпмиз.

Индонезия Тинч океанининг “оловли ҳалқа”, деб аталувчи сейсмик зонасида жойлашган.

2004 йилнинг декабрида Суматра ороллари яқинида денгиз тубида рўй берган 9 балллик зилзиладан кейин кўтарилган цунами 226 мингдан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритган эди. Бу тарихда маълум бўлган энг талафотли цунами бўлган эди.
XS
SM
MD
LG