Линклар

logo-print

Дўстим А. 24 июлда тўртинчи – кенжа қизини эрга берди. Мени чақирмади. 22 июлда учинчи қизини турмушга чиқарганида ҳам, 20 июлда иккинчи қизини берганида ҳам чақиргани йўқ.


Сешанба куни 19 дан ўтган қизини, пайшанбада 18 га кирган қизини, шанбада 17 га кирмаган қизини "эгасига топширди".

Енгил тортди: Қарзидан Қутулди.

Чақирмади. Чақирсаям боролмасдим – иш кўп - тўйлашиб юриш учун келмадим Ўшга.

Аслида тўй қилмади. Шунинг учун чақирмади. Ҳар бир қизини, тўрттадан хотин келиб, олди-кетди.

Увомбўйидаги уйи июн қирғинида куйиб кул бўлган. Қизларини Жийдаликдаги ота эшикда чиқарди.

Дўстимнинг ҳаёти - "синов майдони": биринчи турмуши билан 9 йил яшади.

9 йил тирноққа зор бўлди.

Иккинчиси ҳар йили биттадан туғиб берди.

Умри қисқа экан, 2009 нинг августида чучвара тугиб ўтириб, супранинг устида омонатини топшириб қўйди.

Хотини тўнғич қизининг тўйини, тўнғичининг тўнғичини кўриб кетди, ҳар қалай.

"Шунисигаям шукур", дейди дўстим.

Кўргиликлари оз экан, июнда бутун маҳаллага қўшиб уйини ёндириб кетишди.

"Қизларим омон қолди, номуси омон қолди, шунисигаям шукур ", дейди дўстим.

Уйи куйиб, кўнглиям куйиндига айланди.

Энди бу култепада қизларимни кимга бераман, қандай бераман, деб куйиб юрди.

Қирғиндан кўп ўтмай ўшликнинг куйган, қурт еган пайтавасига яна пайтавахўр қурт тушди. Зачисткалар бошланди.

Ўсмирлар, йигитларнинг Ўшда қолиши хатарли бўлиб қолди.

Ўғлим кет.
Ўғлим кет.
Ўғлим кет.
Жонингни сақла!

Қони қайнаб, томири кўпчиб турган бўйдоқни Россияга жўнатиб, кўнгли тинч ўтиролмайди ота-она.

Ўғлининг нопокка илашиб қолишидан қўрқади.

Шу боис июлнинг бошидан Ўшда "уйла-уйла" бошланди.

Ўғли борлар қизи борларнинг эшигини қоқди.

Қизи борлар совчиларни қайтармади.

Мана қизим, деди.
Олинг, деди.
Қоғозга ўралган оқ қанддай пок катта қилганман, ҳалол топширай, қаерда бўлишсаям бошлари тошдан бўлсин, деди.

Кечагина – урушгача тўю ҳашамни умри мазмунига айлантириб олган ўшлик ўзгарди.

Умр мазмуни бошқа нарсаларда эканини бирдан тушунди...

Шу кунда Россияга сочилиб кетган ўшлик.

Россия харитасини ёзиб, бир ҳовуч нўхатни сочинг – ҳар нўхат тушган жойдан ўшликни топасиз.

Лекин ёлғиз эмас ўшлик. Ёнида ёри бор.

Ўзи ёш. Ёри ўзидан-да ёш.
Эндигина 17 га, эндигина 18 га, эндигина 19 га кирган қизчалар-келинчакчалар.

Тақдир бу маъсумаларнинг зиммасига оғир юк ортди. Уларнинг йўлдошлари - соқолига ҳали тиғ тегиб-тегмаган эрлари елкасига оғир юк ортди.

Парвардигоро, уларнинг юкларини енгиллат.

Дўстим қоидадан истисно – ўғилларини ёр-ёрсиз уйлантирганлар, попукдай қизларини жувондай узатганлар аксариятининг ўз бошига 20 йил аввал бугунги кун тушган, ўзлари ҳам ёр-ёрсиз уйланиб, жувондай узатилганди.

Парвардигоро, юртга тинчлик бер.

Токи невара қизлариниям, чевара қизлариниям қизларини узатгандай узатмасинлар. Банданг ожиз, гуноҳларидан ўт, умри мазмунини тўй-ҳашамда кўрса – кўрсин.

Парвардигоро, қирғин даҳшатини унуттир.

Олисларда саргардон юрган келинчакларнинг юраклари остида шу кунда Ўзинг жон пайдо қилдинг - кўнгилларига хотиржамлик бер, токи фарзандлари хўрлик ҳиссини, хорлик ҳиссини, қўрқув ҳиссини билмай туғилсинлар.

Парвардигоро, қирғин даҳшатини унуттирма.

Токи туғилажак фарзандлар яхшини ёмондан, ҳақни ботилдан, дўстни душмандан ажратадиган бўлсинлар. Ўз уйини,
ўз ерини ғанимдан ҳимоя қила оладиган бўлиб ўссинлар.

Парвардигоро, туғилажак фарзандлар дилига Ўш сўзини биринчи қилиб сол.

Токи тилига биринчи бўлиб шу сўз чиқсин.

Аслида абадий қилгансан бу сўзни.

Қорни очиб йиғлай-йиғлай чарчаган жижининг, Онасини эмиб бўлиб, бояги алами эсига тушиб кетганида беихтиёр бўғзидан чиқадиган хўрсиниғида бор бу сўз: Ўшшш...

Ўлим тўшагида ётган кексанинг энг охирги нафаси билан қайтиб чиқади бу сўз: Ўшшш...

Ўзингга осон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG