Линклар

logo-print

Исфарадаги отишмада ЎИҲ фаоллари ўлдирилгани айтилмоқда


Исфара тумани сўнгги пайтда тожик махсус хизматлари тез-тез амалиёт ўтказадиган ҳудудга айланиб қолди.

Исфара тумани сўнгги пайтда тожик махсус хизматлари тез-тез амалиёт ўтказадиган ҳудудга айланиб қолди.

Тожикистон куч ишлатар тизимлари 28 октябр куни Сўғд вилоятининг Исфара туманида уч террорчи йўқ қилингани ва биттаси қўлга олингани хақида маълумот тарқатди. Бундан олдин мазкур туманда ўтказилган амалиёт пайтида ЎИҲ аъзоси экани айтилаётган икки одам ўлдирилган эди.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотида айтилишича, Исфара тумани Чоркўҳ қишлоғида террорчилик амалиётини амалга оширишга тайёргарлик кўраётган уч киши жисмонан йўқ қилинган.

- Куч ишлатар тизимлари вакиллари томонидан ўтказилган тезкор қидирув ишлари натижасида Қақир мавзесидаги уйлардан бирида террорчилар борлиги аниқланган. Уларга таслим бўлиш таклиф қилинган. Бироқ жангарилар куч ишлатар тизимлари вакилларига қарата ўт очишган. Бир неча соат давом этган отишмадан сўнг куч ишлатар тизимлари вакиллари уч террорчини ўлдирган. Ўлдирилган исфараликлар Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари эканлиги тасдиқланган. Бир киши қўлга олинган, - деди Исфара Ички ишлар бўлими вакили Хасанов.

Милиция вакилининг айтишича, ўлдирилганлардан бири Сўхроб Ваҳобов ЎИХнинг фаол аъзоси бўлган. Шунингдек, террорчилар яширинган жойдан Калашников автоматлари ва бошқа кўплаб ўқ-дорилар топилган.

Чоркўҳ қишлоқ жамоаси раиси Неъмат Олимовнинг сўзларига кўра, қуролли тўқнашув Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Тош тумшуқ ва Кўктош қишлоқларига яқин жойда бўлиб ўтган.

- Бу амалиётда милиция ва миллий хавфсизлик хизмати вакиллари билан биз ҳам қатнашдик. Чоркўҳ қишлоғининг Қақир мавзесида гарантомёт ва пулемётдан отилаётган ўқ овозлари бир неча соат давомида эшитилди. Жангарилар яширинган уй қуршовга олинди. Мазкур мавзеда саккиз йилдан буён қидирувда бўлган Домулло Зайнуллобиддин деган шахс қўлга олинди. Яна уч киши нобуд қилинди. Ўлдирилганларни биз мошинага юкладик. Қолган жангариларни зарарсизлантириш амалиёти давом этмоқда - деди Неъмат Олимов.

Унинг сўзларига кўра, жангариларнинг бири Қирғизистон фуқароси эканлигини куч ишлатар тизими вакиллари айтишган. Жангариларнинг икки нафари эса қочиб, қишлоқ яқинидаги тоғда яширинган. Бир неча соат давом этган отишма натижасида атрофдаги бир нечта турар жойга қаттиқ шикаст етказилган. “Чунки куч ишлатар тизимлари вакиллари террорчиларга қарши гранатомёт ва пулемётлар ишлатган”, дейди қўшимча қилиб Неъмат Олимов.

Таҳлилчилар сўнгги пайтларда Тожикистон куч ишлатар тизимлари томонидан қўлга олинган ёки нобуд қилинган жангариларнинг барчаси ЎИҲ аъзолари сифатида аталаётганига диққат қаратмоқдалар. Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йилларда биргина Исфара туманида 20 дан ортиқ тожикистонлик ЎИҲ аъзолигида гумонланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги уч ой мобайнида Тожикистонда жиноятчилик билан боғлиқ бир қатор шов-шувли воқеалар содир бўлди. Август ойи охирида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторидан 25 маҳбус қочди ва куч ишлатар тизимларининг тўрт вакили ҳалок бўлди.

3 сентябр куни Хўжандда Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида кучли портлаш содир этилди. Портлашда уч нафар милиция ходими ҳалок бўлди, 20 яқини турли жароҳатлар олди.

19 сентябр куни Рашт водийсида қочқин маҳбусларга қарши амалиёт бошланган куни ҳукумат кучлари пистирмага дуч келди ва 20 дан ортиқ аскарлар ҳалок бўлди.

Шу кунга қадар Рашт водийсида ҳукумат кучларининг 60 дан ортиқ ҳарбийлари ҳалок бўлгани ва 10 дан ортиқ жангари ўлдирилгани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG