Линклар

logo-print

Тожикистонлик журналистлар вазирликка 5 метр сим кўтариб боришди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирлигига 5 метр сим кўтариб келган журналистлар милиция ёрдамида хайдаб чиқарилди.

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирлигига 5 метр сим кўтариб келган журналистлар милиция ёрдамида хайдаб чиқарилди.

Тожикистондаги “tojnews.tj” интернет сайти ходимлари мазкур сайтга кириш йўллари ёпиб қўйилгани важидан мамлакат Транспорт ва коммуникация вазирлигига 5 метр кабел кўтариб боришди. Вазир ўринбосари журналистларни милиция кўмагида бинодан ҳайдаб чиқарди.


“Тojnews.tj” интернет сайти бош муҳаррири Фазлиддин Асозода транспорт ва коммуникация вазирлигига атаб бир неча метрлик кабел олиб борди.

Асозода жаноблари мазкур вазирлик масъуллари “tojnews.tj” интернет сайтининг очилмаётганига бир неча метр кабел яроқсиз ҳолатга келиб қолгани асосий сабаб бўлаётгани ҳақида изоҳ берганликларини айтди.

- Шу сабабдан биз вазирлик учун кабел олиб келдик. Агар ҳақиқатдан ҳам муаммо кабелда бўлса, зора муаммо тезроқ ҳал қилиниб, “tojnews.tj” интернет сайти ўз фаолиятини давом эттирса, - дейди сайтнинг техник сабабларга кўра ёпиб қўйилганига шубҳаланаётган Фазлиддин Асозода.

Аммо Транспорт ва коммуникация вазирлиги масъулларига интернет журналистларининг бундай ташаббуси ёқмади.

Вазир муовинларидан бири Жумахон Зуҳуров эътирозчилар ва уларни қувватлаш учун вазирликка борган бир гуруҳ журналистларни милиция кўмагида вазирлик биносидан қувиб чиқарди.

Вазирлик расмийси журналистларга бино ичкарисида суратга тушириш ва интервю олишга рухсат ҳам бермади.

Зуҳуров “tojnews.tj” масъули Фазлиддин Асозодага сайт билан боғлиқ муаммо юзасидан вазирлик масъулларидан бири Раҳмонали Хасановга мурожаат қилишни таъкидлаб, кабинетига кириб кетди.

Бироқ Хасанов жаноблари эса журналистларни қабул қилишдан бош тортгач, “tojnews.tj” ходимлари ўзлари билан олиб келган кабелни вазирлик эшигига илиб кетишга мажбур бўлдилар.

Кейинчалик Озодлик мухбири билан телефон орқали суҳбатлашган вазир муовини Жумахон Зуҳуров 15 нафардан иборат “tojnews.tj” ходимларининг вазирликка бостириб кириши ғазабини келтирганини маълум қилган.

-15 киши шу 5 метр кабел билан вазирнинг қабулига кириши шартми? Кабелни тузатиш вазирнинг зиммасида эмас-ку. Бунинг учун алоҳида мутахасисларимиз бор, - дейди норози оҳангда давлат мулозими Зуҳуров.

“Тojnews.tj” интернет сайти масъулларининг айтишларича, мазкур сайт сентябр ойи охирларида ёпиб қўйилган экан.

Шу ўринда айтиш жоизки, Рашт водийсида ҳукумат кучларининг жангариларга қарши махсус амалиётлари бошлаб юборилганидан сўнг тожик жамиятида катта аудиторияга эга бўлган “Фарғона.ру”, “centrasai.ru”, “tjknews.com”, “avesta.tj” ва “tojnews.tj” интернет сайтларига тўсиқ қўйилди.

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирининг бошқа бир муовини Бек Зуҳуров интернет провайдерлари анжуманининг бу муаммо билан боғлиқ расмий мактубига жавоб қайтарар экан, “Фарғона.ру”, “centrasai.ru”, “tjknews.com” сайтларига хавфсизлик нуқтаи назаридан тўсиқ қўйилганини, “avesta.tj” ва “tojnews.tj” интернет сайтларининг тўсилиши эса техник сабаблар туфайли эканини билдирган.

Эслатсак, “tojnews.tj мустақил интернет сайти Тожикистон ахборот майдонига ўтган йил кириб келган эди. Унда хабарлар асосан тожик тилида битилади.

Айни пайтда сентябр ойи охирларидан буён очилмаётган номи тилга олинган сайтлар тожикистонликлар учун ёпиқлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG