Линклар

Ўшда яна 5 ўзбек умрбод қамоққа ҳукм қилинди


Ўш воқеалари пайтида Наримон қишлоғидан 60 дан ортиқ ўзбек йигитлари олиб кетилган эди.

Ўш воқеалари пайтида Наримон қишлоғидан 60 дан ортиқ ўзбек йигитлари олиб кетилган эди.

29 октябр куни Ўш қирғинида иштирок этганликда айбланган этник ўзбекларнинг 10 нафарига нисбатан ҳукм ўқилди. Судланувчилар 13 июн куни Наримон қишлоғига борган Қорасув туман милицияси бошлиғи Одилбек Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шомурзаевни ваҳшийларча ўлдирганликда айбдор деб топилди.


Қорасув туман суди 13 июн куни Наримон қишлоғида Қорасув милицияси бошлиғи Одилбек Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шомурзаевни ўлдирганликда айбланаётган 10 кишидан беш нафари: Азиз Тоширов, Мирзохид Солиев, Фахриддин Ашуров, Шохбоз Абдуллажонов, Хасанбай Толиповни бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд ҳукми билан судланувчи Баходир Жўрабоев 25 йилга, Абдулазиз Азимов 8 йилга, Улуғбек Расулов 5 йилга, Муродил Қўчқоров 4 йилга кесилди. Судланувчилар қотилликнинг олдини олмаганликда айбландилар. Судланувчи Дилшод Ахроровга устидан ҳукм эса унинг руҳий саломатлиги аниқланганидан кейин чиқариладиган бўлди.

- Бу якуний ҳукм эмас. Мазкур ҳукм юзасидан 10 кун ичида вилолят судига апелляция бериш мумкин. Суд жараёни шу билан ёпилди,- деб эълон қилди судя Бақит Усупбеков.

Давлат қораловчиси суд ҳукмидан қониқиш хосил қилганини яширмади. Айни пайтда жабрланувчи тараф ҳукм ўта юмшоқ бўлиб қолганини иддао қилмоқда.

- Улар ўлимга ҳукм қилиниши керак эди. Биз бу ҳукмдан норозимиз,- деди Наримон қишлоғида ўлдирилгани айтилаётган Уран Шомурзаевнинг қариндоши Санобар Сатилова.

Судланувчиларнинг адвокатлари эса суд ҳукми адолатсиз бўлганини айтмоқдалар. Адвокат Тоир Асанов мазкур суд жараёни 1937 йиллардаги Сталинча судлов тизимини ёдга солади, дейди.

- Суднинг ҳукми фақат судланувчиларнинг кўрсатмаларига таянган ҳолда чиқарилди. Судда бундан бошқа ҳеч қандай асосли далиллар келтирилгани йўқ. Судда барча айбланувчилар ўзларининг айбсиз эканликларини, улар қийноқлар остида терговчилар тузган ҳужжатларга имзо чекишганини билдирдилар. Бирооқ суд бу кўрсатмаларни эътиборга олгани йўқ. Шунинг учун ҳам ҳукмни адолатсиз, деб ҳисоблаш мумкин,- дейди адвокат.

Исми сир қолишини истаган яна бир адвокат эса ўтказилган суд жараёнига нисбатан “Адолатли” деган сўзни қўллаш шаккоклик бўлар эди, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, тергов томонидан судга айбланувчиларнинг гуноҳини исботлай оладиган ҳеч қандай далиллар ва исботлар берилмаган. Терговнинг бундай номукаммал ўтказилгани туфайли судланувчиларнинг айбдор эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиб бўлмайди.

- Шунинг учун қайта тергов ўтказилмагунига қадар, тергов жараёнидаги қийноқлар тўхтатилмагунига қадар суднинг қора курсисида ҳақиқий айбдорлар ўтирганига ишониш қийин,- дейди исми сир тутишимизни сўраган адвокат.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўш воқеаси юзасидан айбланувчилар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилган ҳолатда олиб борилаётган тергов ва суд жараёнларидан маҳбусларнинг яқинларининг ҳам сабр косаси тўлиб бораяпти:

- Агар халқаро комиссия Ўшга келса, одамлар уларни шикоятларга кўмиб ташлашади. Тушунаяпсизми, одамлдар бунга тоқат қилолмай қолди, ҳамманинг сабр косаси тўлиб тошди,- дейди адвокат.

13 июн куни Наримон қишлоғига аҳолини тинчитиш учун боргани айтилаётган Қорасув туман милицияси бошлиғи Одилбек Султонов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шомурзаев номаълум шахслар томонидан ўлдирилган эди.

Мазкур воқеа ортидан Қирғизистон ҳуқуқ тартибот тузилмалари Наримон қишлоғида тозалаш амалиётини ўтказган, мазкур амалиёт натижасида бир неча киши ўлдирилган, ўнлаб одамлар калтакланган ва юзга яқин одам қамоққа олинган эди.

Қорасув туман расмийларидан бири ўз номини айтмаслик шарти билан, айни пайтда қамоқларда олтмишдан ортиқроқ наримонлик сақланаётганини айтди.

- Қамоқда 64 наримонлик қолган эди. Ҳозир улардан 4 нафари суддан оқланиб чиқди. Ҳозир яна олтмиштачаси қамоқда қолди,- деди Қорасув тумани расмийси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG