Линклар

АҚШга Ямандан жўнатилган портловчи моддалар тўхтатиб қолинди


АҚШга учоқда жўнатилган шубҳали почта жўнатмалари Дубай ва Британияда тўхтатиб қолинди.

АҚШга учоқда жўнатилган шубҳали почта жўнатмалари Дубай ва Британияда тўхтатиб қолинди.

Жума куни Ямандан АҚШга юборилган иккита почта жўнатмасида портловчи моддалар топилди. Қўшма Штатлар ва Британия ҳукуматлари бу ҳодисани террор таҳдиди сифатида баҳолашди.

АҚШ президенти Барак Обама бу юзадан Оқ уйда қилган чиқишида хавфсизлик ходимларининг пухта ҳаракатлари билан террор таҳдиди олди олинганини айтди.

- Ўтган тунда ва бугун эрталаб, бизнинг мохир разведкачиларимиз ҳамда ҳуқуқ - тартибот тузилмаларимиз иттифоқичиларимиз ва дўстларимиз билан ҳамкорликда иккита шубҳали почта жўнатмасини аниқлашди. Бу жўнатмалар Чикагодаги яҳудий жамоасига етказилиши керак бўлган, - деди Обама.

Жума куни Ямандан UPS ҳамда FedEX почта ҳизматлари орқали юк ташувчи учқичда юборилган бу жўнатмалар Дубай ҳамда Британиянинг Ист-Мидлендс аэропортида тўхтатиб қолинди.

Ҳар икки рейс транзит билан АҚШга учаётган бўлган. АҚШ Федерал қидирув бюросининг Чикагодаги вакили Росс Райс Ямандан жўнатилган ҳар икки почта жўнатмаси бир манзилдан эканини айтди.

Британияда тўхтатиб қолинган жўнатмада портловчи модда принтер картрижи ичида бўлган. Бу PETN (пентаэритриттетранитрат) моддаси экани айтилмоқда.

АҚШ расмийларига кўра, нигериялик Умар Фарук Абдулмуталлаб айнан ана шундай кучли портловчи модда билан ўтган йил декабр ойида Амстремдамдан Детройт йўналишидаги учқични портлатмоқчи бўлган.

- Ал Қоида Араб ярим оролида эканини биламиз. Яманда жойлашган бу террор гуруҳи мамлакатимизга, фуқароларимизга ва иттифоқчиларимизга қарши ҳужум қилиш режасидан қайтмаган, - деди Барак Обама.

Айни пайтда Яман ҳуқуқ тартибот идоралари почта жўнатмалари қандай юборилганини ўрганмоқда ва ҳодиса юзасидан олиб борилажак терговда АҚШ ҳамда Британия билан ҳамкорлик қилажагини айтмоқда.

Почта жўнатмаларида портловчи моддалар топилиши ортидан АҚШ ва Британия аэропортларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бир қанча учқич синчиковлик билан текширилди.

UPS ва FedEX почта хизматлари эса Ямандан жўнатмалар юборилишини вақтинча тўхтатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG