Линклар

logo-print

Ўшда келинчакни ўғирлашди ва калтаклашди


Ўш кўчаларида келинчакларнинг юриши хавфли бўлиб қолди.

Ўш кўчаларида келинчакларнинг юриши хавфли бўлиб қолди.

30 октябр куни эрталаб Ўшда 3 ойлик келинчак ўғирланиб кетилган. Бир неча соатдан сўнг келинчак қаттиқ калтакланган ҳолатда уйига қайтиб келган. Ўш шаҳар суд тиббий экспертизаси ҳам келинчакнинг калтакланганини тасдиқловчи хулоса чиқариб берди.

30 октябр куни эрталаб Ўш шаҳри марказидаги Қурмонжон Додҳо кўчасида ҳовли олдини супуриб турган жойидан 18 ёшли келинчак ўғирланиб кетилган. Келинчакнинг исми шарифини яқинлари илтимосига кўра сир тутамиз. Бўлган воқеани унинг қайнонаси “Озодлик”ка гапириб берди:

- Саҳар туриб кўча супургани чиққан экан. Бугун жуда эрта, беш-беш яримларда чиқиб олибди. Мен ўзим кунда етти-етти яримда, ёруғ тушганда чиқарар эдим. Бугун “эртароқ супуриб қўяверай” деб, мен ҳам ухлаб ётганман, ҳали хеч ким турмаган эди-кўчага чиқибди. Кўчага чиқса, ён бошимиздаги эркак қўшни турган экан. Улар новвой эди, саҳар нон қилишар эди. Рўпарада иккита бола шарфларни ўраб, очкиларни тақиб турган экан. Кейин бу қиз шошилиб супурибди.Шуни орасида қўшнимиз “ёш келинни ёнида турмай” деб, уйига кириб кетибди. Каттароқ киши эди, - дея воқеа тафсилотларини ўғирланган келинчакнинг қайнонаси гапириб берди.

Унга кўра, қўшни эркак кириб кетганидан сўнг, кузатиб турган икки йигит ахлатни супуриб олаётган қизни биқинидан келиб, оғзини беркитган.

-“Ўзимни билмайман.Кўзимни очиб қарасам, Текстилда, ХБКда ерда асфалтда ўтирган эканман. Рўмолларим ерда, ёнимда ётган экан.Туриб ўрадим” деди, -дея келинининг гапларини айтиб берди қайнона.

Унинг сўзига кўра, келинчак ўша атрофда яшаётган холасиникига кетган. Йўлда кетаётган келинчакни нотаниш кимсалар бошига урган. Холасиникига келганидан сўнггина, у қайнонасига хабар берган. Қайнонаси бориб, келинини олиб келган. Ёш келинини кўрган қайнона уни шундай тасвирлади:

- Энди ўзини тута олмасдан тинимсиз йиғлаётган эди. ”Нима бўлди?”десам, “Хеч нарсани билмайман, орқамдан келиб димлашганини биламан, ундан у ёғини билмайман” деяпти. Қонаган, кўкарган ерлари йўқ. Ҳозир судмедэкспертизадан ўтказиб, текшираяпти,-деди ўғирланиб, калтакланган келинчакнинг қайнонаси.

Ўзбек хонадонларида келинчаклар саҳарда, кўчада одам кўпаймасдан кўча супуриши одатга кириб қолган. Аммо айни пайтда нотинч Ўшда бу одатлар ўрнини эхтиёткорлик эгаллаган, дейди ўшлик қайнона.

-“Ёруғ чиққанда ҳам, машина келаётган бўлса, уйга кириб туринглар.Замон қалтис. У ер бу ерда ўғирлаб кетаяпти.У ерга ташлаб кетибди” деган гапларни мен ҳам эшитганман деб келинларимга айтар эдим- дейди ўшлик қайнона.

Биз Ўшнинг Қурмонжон Додҳо кўчасида ўғирланган ўшлик келинчакнинг ҳовлисига қўнғироқ қилганимизда, маҳалла оқсоқоллари йиғилган эди. Оқсоқоллардан бири Камолиддин ҳожи Юнусов гапиради:

- Ўзбек адвокат болалар бор экан. Ҳозир шулар акт ёзаяпти. Маҳаллада кўрган оқсоқоллар “қўл қўйиб берамиз” дедик,-деди ўшлик Камолиддин ҳожи Юнусов.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов 30 октябр куни эрталаб кўчани супураётган келинчак ўғирлангани ва Ўш шаҳрининг ХБК мавзеси атрофига ташлаб кетилганини тасдиқлади.

- Мазкур факт жиноятлар қайд этув дафтарига “одам ўғирлаш” дея киритилган. Бу факт юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу биринчи факт эмас. Бундай ҳолатлар ҳам ўзбеклар, ҳам қирғизлар орасида бўлмоқда,- деди Ўш шаҳар Ички ишлар боқшармасининг матбуот котиби Замир Сидиқов.

Унга кўра, мазкур ҳолатлар миллий низога сабаб бўлиши мумкинлиги боис бу ҳақда маълумот тарқатиш керак эмас.

30 октябр куни Ўшда ўғирлаб кетилиб, калтакланган келинчакнинг қайнонасининг айтишича, Ўшдаги суд тиббий экспертизаси келинчакнинг калтакланганлиги борасида хулосасини чиқариб берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG