Линклар

Тожикистонлик саккиз нафар аёл қарийиб 40 кундирки, Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида қолмоқда. Ўзбек томонининг иддаосига кўра, тожикистонлик аёллар Ўзбекистон ҳудудига қалбаки телеграмма билан ўтган.

Қирқ кундан буён Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторида тутиб турилган аёллар Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Панжакент шаҳри турғунларидир..

Самарқандлик милиционерлар томонидан ҳибсга олинган бу аёлларнинг яқинлари, аёллар шу йил сентябр ойи ўрталарида Ўзбекистоннинг Жартепа текширув пунктидан чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтганликда айбланмоқдалар.

Аёллар чегара олди ҳудудларидан бўлгани учун Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари ўртасида 2000 йил бошида имзоланган шартномага мувофиқ визасиз, фақат телеграмма билан Самарқандга борганлар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган мазкур шартномага мувофиқ, чегара олди ҳудудларида яшовчи фуқаролар икки давлат ҳудудида беш кеча кундуз давомида визасиз юриш ҳуқуқига эгадирлар.

- Синглим Нозанин духтурга текширтиргани борган эди. Постдан ҳужжатлари ва телеграмма билан ўтган. У билан бирга яна ёш болали беш аёл ҳам бор эди. Қонун - қоида бўйича бирор ҳужжати ноқонуний бўлса, чегарадан умуман ўтказмаслиги керак. Буларнинг ҳужжатлари тўғри эканки постдан ўтказишган. Мана анча кундан буён улардан хат - хабар йўқ. Ҳар кун кўзимиз йўлда, - дейди Самарқандда тутиб турилган аёллардан бири Нозаниннинг опаси Ҳанифа Каримова.

Аёл синглиси ва унинг билан бирга Самарқандга борган яқинларининг “телеграмалари қалбаки” баҳонасида самарқандлик ҳуқуқ - тартибот идора ходимлари томонидан ҳибсга олингани ҳақида у ёқдаги қариндошлари хабар берганини айтди.

- Синглим Шарифа духтурлар йўлланмаси билан ўзбекистонлик шифокорлар кўригидан ўтиш мақсадида сентябр ойи ўрталарида Самарқандга кетган эди. Уни чегарадан ўтгандан кейин Самарқанд шаҳар милиционерлари ушлаб кетибди. Мана қарийб 40 кундирки синглимни депортация ҳам қилишмайди ё бўлмаса тақдири нима кечаётгани ҳақида бирор хабар ҳам беришмайди, - дейди хавотир оҳангида номини айтмаган бу йигит.

Тожикистон давлат чегараларини қўриқлаш бошқармасининг Зарафшон водийсидаги масъуллари ҳам панжакентлик аёлларнинг Самарқанд Ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторида қолаётганига оид хабарларни тасдиқлади.

Тожикистон чегараларни қўриқлаш бошқармасининг бу ҳудуддаги масъулларидан бири Суҳроб Шарипов Озодлик мухбири билан суҳбатда ҳақиқатдан бу саккиз нафар аёл чегаралардан қонуний йўл билан Ўзбекистон ҳудудига ўтганини тасдиқлаган.

- Бироқ Ўзбекистон ҳуқуқ – тартибот ходимлари бу аёларни асоссиз сабаблар билан ҳибсга олган. Бундай воқеалар иш тажрибамизда кўп кузатилади. Қонун ва икки ўртада қабул қилинган шартномаларга кўра, уч кеча кундуз давомида улар фуқароларимиз ҳибсга олингани ва сабаблари борасида бизга расмий хабар бериши лозим. Аммо улар бу тартибларга амал қилишмайди. Аксинча фуқароларимизга нисбатан жиноий иш очиб, ҳатто уларнинг ишини судга оширади, - деди Суҳроб Шарипов .

Тожик расмийси ўзбекистонлик чегарачилар ва ҳуқуқ - тартибот ходимларининг икки ёқлама шартномаларни қўпол тарзда бузаётганлари ҳақида Ўзбекистон томонига кўп марта расмий мурожаат қилинганини, шу кунгача ўзбек томондан бирорта жавоб олмиаганини қистириб ўтди.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасига ҳам сим қоқдик. Аммо афсуски бу борадаги уринишларимиз ҳеч қандай натижа бермади.

Айни пайтда Тожикистон давлат чегараларини қўриқлаш бошқармасининг Зарафшон водийсидаги идораси расмийлари Ўзбекистон томони жорий йил 1 ноябридан эътиборан Жартепа назорат -ўтказиш постини батамом ёпиб қўйиши борасида расман огоҳлантирганини билдирди.

- Бу эса, - дейди тожик чегарачиси Суҳроб Шарипов, - яқинлари ҳолидан хабар олишни истаган ҳар иккала республика фуқароларига ҳам анча мушкилликлар туғдириши табиий.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG