Линклар

logo-print

АҚШга бомба жўнатганлар қидирилмоқда


Потловчи почта жўнатмалари Дубай ва Британиядаги аэропортларда ушлаб қолинди.

Потловчи почта жўнатмалари Дубай ва Британиядаги аэропортларда ушлаб қолинди.

Яман пойтахтида портловчи мослама жойлаштирилган иккита жўнатмани АҚШга юборганликда гумонланган аёл сўроқ қилиниб, қўйиб юборилди.

29 октябр куни АҚШга жўнатилган икки жўнатма ичидан портловчи мослама топилган эди.

Яман хавфсизлик хизмати Қўшма Штатларга почта орқали портловчи модда солинган жўнатмани юборганликда гумон қилинган аёлни озод қилди.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги тиббиёт олийгоҳида таҳсил оладиган 22 ёшли Ҳанан ал-Самовий юк жўнатмаларини ташувчи компанияда қолдирилмиш телефон рақамлари орқали топилган.

Ҳанан ал-Самовий сўроқ қилингач, шаҳарни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборилди. Унинг 45 ёшли онаси ҳам қўлга олиниб, сўроқ қилинганидан кейин қўйиб юборилди.

Эслатиб ўтамиз, 29 октябр куни АҚШга жўнатилган икки жўнатма ичидан UPS ва FedEx тезкор почта хизматлари портловчи мосаламаларни топган эди. Бу жўнатмалар Дубай ва Британиядаги аэропортларда тутиб қолинди.

Хабарларга кўра, бу жўнатмалар АҚШнинг Чикаго штатидаги икки синагог манзилига йўлланган.

Ҳозирда Яман расмийлари бу жўнатмаларни жўнатишга алоқадор ва уни уюштирган жиноятчиларни топиш учун кенг кўламли амалиёт бошлаганини айтмоқда. Асосий гумонланганлар орасида Ал-Қоида гуруҳи уюштирган кўпчилик портлашларнинг ташкилотчиси саналган 28 ёшли Ҳассан ал-Асирий борлиги айтилмоқда.

Аслида Саудия Арабистонида туғилган бу террорчи ҳозирда Яманда яшириниб юргани тахмин қилинади.

UPS ва FedEx курьерлик хизматларининг Ямандаги маҳаллий бюролари эса вақтинча ёпилди. Ҳар икки фирма барча жўнатмалар тўхтатилгани ва терговларда ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Яман ва АҚШ расмийлари амалга ошмай қолган террор фитнаси ортида Ал-Қоида тармоғи турганини гумон қилмоқда.

Хусусан, АҚШ президенти Барак Обама фитнани Ал-Қоиданинг Яманда жойлашган тармоғи уюштирган бўлиши мумкинлигига оид тахминларни илгари сурди. Маълумотларга кўра, ушбу тармоқ мамлакатнинг Шабва вилоятига ўрнашган.

Британия бош вазири Дэвид Камерон Британиядаги аэропортдан топилган мосламани самолётда портлатиш режалаштирилганини айтди.

- Ямандан Америкага жўнатилган ва ўз йўлида Германияда тўхтаб ўтган, кейин Британияда аниқланган бу жўнатма террорчиликка қарши курашда бирга ҳаракат қилишимиз ва қатъий бўлишимиз зарур эканини кўрсатиб турибди. Мен АҚШ президенти Барак Обама билан суҳбатлашдим ва бу курашда ҳамкорлик зарурлигини урғуладим. Шунингдек, Яман президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ билан ҳам суҳбатлашдим ва Ямандаги Ал-Қоида отлиқ дардни томири билан суғуриб олиш учун бор имкониятимизни сарфлашимиз кераклигини таъкидладим. Биз Британияга тўғридан-тўғри ёхуд бошқа давлатлар орқали Ямандан жўнатилган жўнатмаларни қабул қилишни тўхтатдик ва биз кейинги ҳаракатларимизда эҳтиёт чораларини кўрамиз, деди Британия бош вазири.

Яман раҳбарияти АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликлари жўнатмаларни юборишга алоқадорликда гумон қилинган шахсларни аниқлашда ёрдам берганини маълум қилди.

Яман президенти Али Абдулла Солиҳ ўз давлати Ал-Қоидага қарши ҳамкорлари билан курашни давом эттириши, аммо террорчи тармоғи ортидан ов баҳона бошқа давлатларнинг Яман ички ишларига аралашишини истамаслигини таъкидлади.

Британия билан бирга Франция ҳукумати ҳам Ямандан келувчи барча турдаги эгасиз юкларга таъқиқ жорий этди. АҚШ ҳукумати эса Ямандан келадиган барча турдаги почта жўнатмаларини қабул қилишни тўхтатди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG