Линклар

Истанбулнинг марказий Тақсим майдонида худкуш шахс амалга оширгани айтилаётган ҳужум оқибатида камида 32 киши жароҳатланди.

Туркия Бош вазири Ражап Тоййиб Эрдўғон мазкур ҳужумни қоралади.

- Туркиядаги тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётга путур етказиб, мамлакатда можаро келтириб чиқаришга уринаётганларга қарши курашамиз. Бу каби ҳужумлар Туркиянинг тинчлик, биродарлик ва тараққиёт мақсадларига раҳна сололмайди, - деди Эрдўғон.

Хабарларга кўра, портлаш якшанба куни эрталаб Истанбулнинг сайёҳлар билан гавжум майдонига яқин жойда рўй берган. Бу ерга ўтган жума Республика Куни нишонланганидан кейин намойишлар ўтказилиши эҳтимоллари боис полиция кучлари ташланган эди.

Истанбул шаҳар ҳокими Ҳусайн Авни Мутлу ҳужум оқибатида 15 полиция зобити ва 17 фуқаро жароҳатланганини маълум қилди. Улардан тўққиз нафари касалхонага ётқизилди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олганича йўқ. Лекин ўтмишда худкуш ҳужумларни Туркиядан ажралиб чиқишни мақсад қилган курд айирмачилари амалга оширган.
XS
SM
MD
LG