Линклар

logo-print

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қатор ахборот агентликларининг Тожикистон расмийларига таянган ҳолда юк вагонлари транзитига оид тарқатаётган хабарларини “ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган”лиги хусусида баёнот тарқатди.

Вазирлик сайтида 1 ноябр куни ёйинланган матбуот варақчасида тожик расмийлари “объектив фактлар ва оддий мантиққа зид равишда” Тожикистонга тегишли юклар Ўзбекистон ҳудудида ушлаб қолинаётгани, бу гўё “Тожикистон барқарорлиги ва иқтисодий хавфсизлиги учун салбий оқибатлар” асосий сабаби бўлиб қолаётгани хусусида билдираётганлари қайд этилиб, бу баёнотлар ҳақиқатга мувофиқ келмаслиги таъкидланади.

Хусусан, унда Ўзбекистон божхона хизмати расмий маълумотларига кўра, Тожикистонга ўтказилаётган юк ҳажми қисқармагани, аксинча муттасил ўсиб бораётгани урғуланади.

2010 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга темир йўл транспорти билан ўтказилган юк ҳажми 57 192 вагонни ташкил қилди, бу эса 2009 йилнинг шу даврига нисбатан 1780 вагонга кўпдир, дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот варақчасида.

Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат корхонаси статистикаси бўйича ҳам жорий йил 9 ойи ичида Тожикистонга ўтказилаётган транзит юклари ҳажмининг ўсиш суръати 102 фоизни ташкил қилгани қайд этилади.

“Тожикистон томонидан бўлаётган эътирозларнинг асоссизлиги ва ўйлаб қилинмагани” таъкидланган Ўзбекистон ТИВ баёнотида бу Ўзбекистон ҳудудида бунча кўп вагонни сиғдира оладиган темир йўллар йўқлиги туфайли ҳам амалга ошириб бўлмас ишлиги айтилади.

“Бу республика темир йўлларини фалажлаб қўйиши, Ўзбекистоннинг ўз иқтисоди учун ҳам ёмон оқибатлар келтириб чиқариши мумкин”, дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.

Ўзбекистон томони мавжуд икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар доирасида Тожикистонга кетаётган ва келаётган юк транзити бўйича зиммасига олган мажбуриятларини тўла ҳажмда бажараётганини қайд этган ўзбек дипломатлари юк вагонлари тутиб қолинаётгани билан боғлиқ айрим муаммолар техник сабабларга кўра юзага келаётганини таъкидлайди. Шунингдек, баёнотда Ўзбекистон томони юзага келган муаммоларни конструктив равишда кўриб чиқиш, музокаралар чоғида ҳар иккала томон учун мақбул қарорга келишга тайёр экан урғуланади ҳамда Тожикистон расмийларининг асоссиз айбловлари икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларининг ривожланишига хизмат қилмаслиги таъкидланади.

Тожик расмийлари вақти-вақти билан Ўзбекистон темир йўлларида Тожикистонга тегишли юк вагонлари ушлаб қолинаётгани ҳақида баёнот бериб турадилар. Жумладан, шундай баёнотларнинг сўнггиларидан бири ўтган ойда Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий тилидан янграганди.

Ўшанда Тожикистон ташқи ишлар вазири юк вагонлари транзити масаласида икки республика ўртасида ҳамон муаммолар мавжудлигини, Тожикистоннинг бу борадаги барча уринишлари ижобий натижа бермаётганини таъкидлаганди.

- Биз бу масалани ҳал қилиш учун минтақавий ва халқаро ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганмиз, аммо натижаси бўлмаяпти. Эндиликда бу масала юзасидан иккитомонлама музокара олиб боришдан бошқа чора қолмаяпти, - деганди Ҳамрохон Зарифий Тожикистон транзит юкларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб қолинаётгани масаласига тўхталар экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG