Линклар

Қирғизистонда сайловнинг якуний натижалари чиқарилди


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев шу йилнинг 10 октябр куни бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича янги парламент беш сиёсий партия вакилларидан иборат бўлишини айтди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев шу йилнинг 10 октябр куни бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича янги парламент беш сиёсий партия вакилларидан иборат бўлишини айтди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси шу йилнинг 10 октябр куни ўтказилган парламент сайловининг якуний натижаларини эълон қилди. Унга кўра, янги парламент таркибига беш фоизлик тўсиқдан ўта олган беш партия вакиллари киради.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариевнинг 1 ноябр куни маълум қилишича, уч ҳафта муқаддам ўтган сайловларда 8,7% овоз йиққан Ата-Журт партияси, 7,8% овоз тўплаган Қирғизистон социал-демократик партияси, 7,57% жамғарган Ар-Намис партияси, 6,93% овоз қозонган Республика партияси ва 5,49% овоз йиғолган Ата-Мекен партияси янги парламентга киради.

1 миллион 679 минг 710 сайловчи иштирок этган парламент сайловларида мазкур партиялар учун 1 миллион 101 минг 958 киши овоз бергани айтилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, МСК маълумотларига кўра, битта ўрин учун квота 9 182,98 овозни ташкил қилган.

Шу тариқа янги парламентдаги 120 ўриннинг 28 тасини Ата-Журт партияси, 26 ўринни Қирғизистон социал-демократик партияси, 25 ўринни Ар-Намис партияси, 23 ўринни Республика партияси, 18 ўринни эса Ата-Мекен партияси вакиллари эгаллайдиган бўлиб турибди.

Уч ҳафта аввал Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловларида 29 сиёсий партия иштирок этганди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайловининг якуний натижаларини эълон қилиб турган бир пайтда Бутун Қирғизистон партияси вакиллари 10 октябрда ўтказилган сайловларнинг ноқонуний бўлгани даъвоси билан чиқдилар.

Бутун Қирғизистон лидери Адахан Мадумаров ноқонуний сайлов ўтказган Муваққат ҳукумат ҳам истеъфога кетиши лозимлигини айтди.

- Парламентга ўтган партиялар сайловлар ноқонуний ўтганини тан олишлари керак. Уларнинг ҳамма қонунлари ҳам, моҳиятан, ноқонуний. Мен улар келажакда қабул қиладиган қонунларни назарда тутаяпман. Чунки парламент легитим эмас, - дея қайд этди Мадумаров.

У умумхалқ референдумини ўтказиб, халқдан “сайловлар қонуний ўтдими ёки йўқ?” деб сўраш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бутун Қирғизистон партияси вакиллари парламент сайловининг дастлабки натижаларидан норози бўлиб, турли жойларда, жумладан, мамлакат жанубий пойтахти ҳисобланмиш Ўш шаҳрида бир неча бор норозилик намойишлари ўтказгандилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG