Линклар

"Стратегия-31": Россия мухолифати "кичик ғалаба"ни нишонлади


"Стратегия-31" тарафдорлари узун ойларнинг ўттиз биринчи куни намойиш ўтказишга келишиб олганлар.

"Стратегия-31" тарафдорлари узун ойларнинг ўттиз биринчи куни намойиш ўтказишга келишиб олганлар.

31 октябр куни Россиянинг 70 га яқин шаҳрида эркин йиғилишлар ўтказишни таъминлаш талаби билан минглаб одам намойишга чиқди. Москвадаги Триумфалная майдонида Россия мухолифат фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг бирлашган митинги бўлиб ўтди. “Стратегия-31” намойиши биринчи маротаба Москва расмийлари билан келишув асосида ўтказилди.

Россия мухолифат кучларининг “Стратегия-31” деб номланган норозилик акцияси биринчи маротаба бундай оммавий тус олди: намойишлар мамлакатнинг 70 га яқин шаҳрида ўтказилди.

“Стратегия-31” тарафдорларини қўллаб-қувватлаш акциялари, шунингдек, жаҳоннинг бошқа йирик шаҳарлари - Ню Йорк, Лондон, Хелсинки, Берлин, Киев, Торонто ва бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилди.

Ушбу норозилик намойиши бир йилдан ортиқроқ тарихга эга бўлса-да, Москва ҳукумати одатига зид равишда, бу сафар мухолифатчиларнинг пойтахт марказидаги Триумфалная майдонида 800 кишилик йиғилиш ўтказишига рухсат берди.

Мухолифат тарафдорлари Россия Конституциясининг 31-моддасида белгиланган “эркин йиғилишлар, намойишлар, юришлар ва пикетлар” уюштириш ҳуқуқини таъминлаш талаби билан 31 кунлик ойларнинг сўнгги куни Москванинг Триумфалная майдонида йиғилиб келмоқда.

Россия пойтахтида соат 18 да бошланган ва милициянинг махсус бўлинмалари томонидан қўриқланган йиғилишда, расмий ахборот агентликлари хабарларига кўра, 800 киши, “Коммерсант” газетасининг маълумотига кўра эса, 2,5 мингдан зиёд одам иштирок этди.

Норозилик акцияси ташкилотчиси - Москва Хелсинки гуруҳи раиси Людмила Алексеева бу намойишни “кичик ғалаба”, деб атади ва митингнинг барча қатнашчиларига майдонга йиғилганлари учун ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

- Президент ўз лавозимига киришиш олдидан Конституцияга амал қилишга қасамёд қилади. Лекин бу ҳуқуқни кураш орқали қўлга киритишга тўғри келяпти. Ва биз бу ҳуқуқни қўлга киритдик! Раҳмат сизларга! - деди 83 ёшли ҳуқуқ фаоли Людмила Алексеева.

Мухолифатнинг анъанага айланган намойишини 400 дан ортиқ журналист ёритиб борди. Бу ҳақда маълумот берган Москва Ички ишлар бошқармаси расмий вакили Виктор Бирюков намойиш нисбатан жуда тинч ва осойишта ўтганини таъкидлади.

Лекин мухолифат вакилларининг умумий намойишига бирлашиш даъватини “Ўзга Россия” мухолифат коалицияси етакчиси Эдуард Лимонов рад етди. У Людмила Алексеевани Москва расмийлари билан тил бириктирганликда ва мухолифат етакчиларини "мухолифатчилик ғояларига сотқинлик"да айблади.

- Триумфалная майдонига йиғилувчиларга нисбатан, мухолифатга нисбатан мен буни “разиллик” сўзи билан таърифлашдан бошқа чорам йўқ! – деди “Стратегий-31” намойишига қўшилмаган Эдурд Лимонов.

Шу сабабли Триумфалная майдонида Москва расмийлари томонидан рухсат берилган 800 кишилик митингдан ташқари лимоновчиларнинг яна бир норозилик акцияси ҳам ўтказилди. Чайковский концерт зали ёнида “Россия – Путинсиз!”, “Эркимизни қайтариб беринг!” шиорлари остида бошланган лимоновчилар намойиши тезда милиция ходимлари томонидан тарқатилиб юборилди. Шунда Садовое айланасида йўл ҳаракатини тўсишга тушган “Ўзга Россия” намояндаларидан 27 киши милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Триумфалная майдонидаги намойишда эса Людмила Алексеевадан ташқари “Сўл жабҳа” мухолифат ҳаракати лидери Сергей Удалцов, Химки ўрмони ҳимояси ҳаракати етакчиси Евгения Чирикова, сиёсатчи Борис Немцов, “Инсон ҳуқуқлари учун” умумроссия ҳаракати раҳбари Лев Пономарев, Россия омбудсмани Владимир Лукин ва бошқа бир қатор жамоат арбоблари иштирок этди.

Майдонда сўзга чиққан мухолифатчи Борис Немцов намойишга қўшилмаган “Ўзга Россия” аъзоларига қарата мухолифат орасида парокандаликка йўл қўймасликка чақирди. У мухолифатчиларнинг бир ярим йиллик кураши зое кетмаганлигини гапирди.

- Мен бир ярим йил давомида бутун мамлакат фуқароларининг намойишга чиқиш ва ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқи учун курашган барчаларингизни, барча фуқаролик жамияти фаолларини табриклайман! Бу ҳақиқатан ажойибдир! – деди Россиянинг собиқ бош вазири Борис Немцов.

Лекин кузатувчилар Россияда эркин намойишлар ўтказишга рухсат берилиши ортидан мухолифат ҳаракатининг кучсизланиб бориши мумкинлигини башорат қилмоқдалар.

Айни пайтда Санкт-Петербургда рухсат этилмаган бошқа намойишда 300 га яқин одам иштирок этди. У ерда 113 киши ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, Москвада қўлга олинган барча намойишчилар ҳозирга келиб қўйиб юборилган.
XS
SM
MD
LG