Линклар

logo-print

Немис матбуоти Берлин-Тошкент ҳамкорлигини танқид қилмоқда

  • Абдулла Искандар

Шпигел журналининг Ўзбекистон ҳақидаги мақоласида пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланаëтгани танқидга учради.

Шпигел журналининг Ўзбекистон ҳақидаги мақоласида пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланаëтгани танқидга учради.

Кейинги бир ой ичида немис матбуотида Ўзбекистондаги ҳукумат сиëсатини танқид қилувчи 20га яқин мақола чиқди. Шунингдек¸ Германиянинг асосий телеканалларидан бири ARD ҳам Ўзбекистондаги сиëсий вазият таҳлил қилинган иккита телелавҳани эфирга узатди.



Ўзбекистонда 2010 йилги пахта мавсумида ҳам болалар қул каби ишлатилаëтгани немис матбуоти танқидига нишон бўлди.

Шунингдек¸ Германия харбий академиясида ўзбек ҳарбийлари тайëргарлик кўраëтгани ҳам ARD каналида танқид қилинди.

"Нега демократик Германия Ўзбекистон каби мустабид бошқараëтган ўлкага аскар таëрлаб бериши керак? Бу аскарлар 2005 йил 13 май куни оддий аҳолига ўқ узган ўзбек армияси солдатларику!"¸ деган савол янграйди ARD каналидаги лавҳада.

2005 йил 13 май куни ўқ ялаб ўтган дўпписини ARD каналида кўрсатган андижонлик Нурулло ака Мақсудов назарида бундай чиқишлар Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга муносабатига оз бўлсада таъсир қилади.

- Албатта, буларнинг ўрни бор. Бизни телевизорда кўрсатиб интервью олган одам ҳам “Ўзбекистоннинг зобитларини бир қанчадан бери Германия ўқитаяпти, ўргатаяпти. Ўзбекистонга санкция қўйилган даврда ҳам бу нарса тўхтамаган” деган гапларни айтди. Ўзбекистондаги сиëсат, Ўзбекистондаги умумий ҳолат яъни инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг поймол қилинишию зулм-зўравонлар кундан кунга кучаяëтганини далил сифатида ўзимизнинг ҳаëтимиздан, Ўзбекистон ҳаëтидан мисоллар айтиб, уларга интервью берган эдик. Германия давлатида Ўзбекистондаги тузумни, ҳозирда инсонларга бўлган муносабатлари тўғрисида чиқишлар, интервьюлар бўлаëтган бўлса, буларнинг¸ албатта¸ фойдаси бўлади деб биламан. Чунки барибир дунë сиëсатида катта давлатларга Ўрта Осиëдаги ҳамма давлатлар ҳам барибир эргашади. Бунақа чиқишлар, интервьюлар кўпроқ бўлиши керак, дейди Нурулло ака Мақсудов.

Германиядаги "Der Spiegel" - Шпигел журналига, ARTЕ ва ARD каналларига интервью берган Берлиндаги немис-ўзбек форуми раҳбари Умида Ниëзовага кўра, немис матбуоти Германия ҳукуматининг Ўзбекистонга нисбатан сиëсатини қоралайди.

- Энди умуман Германия матбуоти Ўзбекистон ҳақида унча кўп маълумот бермас эди. Лекин охирги бир ойнинг ичида 10тадан ортиқ мақолалар чиқди, телевидениеда программа берилди. Матбуотда чиққан мақолаларнинг деярли ҳаммаси Германия позициясини танқид қилиб келади. Германиянинг Ўзбекистонга нисбатан юмшоқ позициясини у ерда ҳарбий база борлиги ва газ заҳиралари борлиги билан изоҳлашади. Масалан, Германиянинг энг нуфузли АРД телевизион канали охирги пайтда иккита программа эфирга берди. Бу программада Ўзбекистонни авторитар давлат, президентини эса диктатор деб аташади. Шуни айтиш лозимки, Германия мулозимлари Ўзбекистон мавзуида матбуотда интервью беришни хоҳлашмайди. Масалан, душанба куни чиққан Шпигел мақоласида ва АРД программасида немис мулозимлари интервью беришдан бош тортишган. Болалар меҳнати ҳақида чиқаëтган мақолалар, албатта, ҳозирги пахта мавсуми билан боғлиқ. Бошқа бир мавзу бу Берлиндаги юридик центр Германияда ишлайдиган Штатландер фирмасини маҳкамага берган. Бу фирманинг Тошкентда офиси бор эдио. Улар Ўзбекистоннинг пахтасини сотиб олиб, Европага сотиб келган. Бу маҳкама энди бошланди.

Озодлик: Нега кўп ҳолларда Ўзбекистон ҳақида умуман гапирмайдиган немис матбуотида бунақа қизиқиш ҳосил бўлди?

- Кейинги ойларда масалан болалар меҳнати ҳақидаги мавзу жуда кўп чоп этилди. Чунки бу ҳозирги пайт билан боғлиқ. Чунки ҳозир Ўзбекистонда пахта мавсуми ва ҳозирги пайтда болалар ишлаб келаяпти, дейди Умида Ниëзова.

Суҳбатдошимизга кўра¸ бу мақолалар немис журналистларининг Ўзбекистонга сафарларидан кейин эълон қилинмоқда.

Бир неча журналистлар Ўзбекистонга бориб келишди. Масалан, Шпигел журнали журналисти Ўзбекистонга бориб келди. Келажак бир ойнинг ичида янада кўпроқ мақолалар кутсак бўлади, дейди Умида Ниëзова.

Шпигел журналида душанба куни чиққан мақола “Ўзбек диктаторини қандай тинчлантириш мумкин" деган сарлавҳа ва "Ипак йўли ҳукмдоридан ким қўрқади” деган тагсарлавҳага эга.

Мақолада Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аянч вазиятига қарамасдан ўзбек ҳукмдорига мулозамат қилаëтган немис дипломатияси танқид қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG