Линклар

logo-print

Ўзбек-тожик чегарасидаги яна бир ўтиш пункти ëпилди

  • Садриддин Ашур

Ўзбек-тожик чегарасидаги кўплаб ўтиш пуктлари ўтиб бўлмас бетон девор билан ëпиқлигича қолмоқда.

Ўзбек-тожик чегарасидаги кўплаб ўтиш пуктлари ўтиб бўлмас бетон девор билан ëпиқлигича қолмоқда.

Душанбе даъвосига кўра¸ Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати қошидаги Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси 1 ноябрдан бошлаб, Тожикистоннинг Панжакент туманидаги Саразм ва Самарқанд вилоятининг Жартепа қишлоқлари ўртасидаги чегара назорат-ўтказув пунктининг бир томонлама ёпилиши ҳақида расмий билдириш юборган.


Бу хабарни Озодлик радиосининг тожик хизматига Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш давлат қўмитаси тасдиқлади.

Панжакент туманидаги тожик чегарачилари ва божхоначилари масъулларининг Озодликка айтишича, Саразм-Жартепа чегара ўтказув пункти халқаро ўтказув пункти бўлиб, уни бир томонлама ёпиб қўйиш халқаро қонунлар ва Тожикистон-Ўзбекистон ўртасидаги келишувга зиддир. Бу ҳақдаги келишув 2000 йилда ҳар икки давлат парламентлари томонидан тасдиқлаган.

Панжакентлик ўқитувчи Раҳимберди Бердиевнинг Озодликка айтишича, агар бу йўл ҳам ёпиб қўйилса, тоғли минтақада жойлашган панжакентликлар учун қишда жуда қийин бўлади:

- Панжакентда 300 мингдан кўп аҳоли яшайди. Душанбе ёки Хўжанд билан фақат довон орқали йўл бор. Шу пайтгача қиш пайтлари довонни қор босиб йўл беркилиб қолса, икки томонлама келишувга биноан, юк автомобиллари Панжакентдан Самарқанд орқали Хўжандга қатнарди. Агар шу чегара ҳам ёпилган бўлса, демак энди аҳвол оғир бўлади. Бу ҳолат Панжакент аҳолисини қамал ҳолатига ҳам солиб қўйиши мумкин¸ дейди Раҳимберди Бердиев.

Айни пайтда “Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қатор ахборот агентликларининг Тожикистон расмийларига таянган ҳолда юк вагонлари транзитига оид тарқатаётган хабарларини “ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган”лиги хусусида баёнот тарқатди.

Вазирлик сайтида 1 ноябр куни ёйинланган баëнотда ëзилишича¸ тожик расмийлари “объектив фактлар ва оддий мантиққа зид равишда” Тожикистонга тегишли юкларнинг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб қолинаётганини даъво қилмоқда. Душанбе томонидан Тожикистон барқарорлиги ва иқтисодий хавфсизлиги учун таҳдид” деб баҳоланаëтган бундай "йўлтўсарлик" ҳақидаги тожик расмийлари чиқишлари¸ Тошкент дипломатик идорасига кўра¸ ҳақиқатга мос келмайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги интернет саҳифасида Ўзбекистон божхона хизмати расмий маълумотларига таянилган ҳолда, Тожикистонга ўтказилаётган юк ҳажмининг қисқармагани, аксинча муттасил ўсиб бораётгани урғуланади.

"2010 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга темир йўл транспорти билан ўтказилган юк ҳажми 57 192 вагонни ташкил қилди, бу эса 2009 йилнинг шу даврига нисбатан 1780 вагонга кўпдир", дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот баëнномасида.

Ўзбекистон ҳукумати мавжуд икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар доирасида Тожикистонга кетаётган ва келаётган юк транзити бўйича зиммасига олган мажбуриятларини тўла ҳажмда бажараётганини қайд этган Ташқи ишлар вазирлиги¸ юк вагонлари ушлаб қолинаётгани билан боғлиқ айрим муаммолар техник сабабларга кўра юзага келаётганини таъкидлайди.

Шунингдек, баёнотда Ўзбекистон томонининг юзага келган муаммоларни конструктив равишда кўриб чиқиш, музокаралар чоғида ҳар иккала томон учун мақбул қарорга келишга тайёр экан урғуланади¸ ҳамда Тожикистон расмийларининг асоссиз айбловлари икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларининг ривожланишига хизмат қилмаслиги таъкидланади.

Тожик расмийлари Ўзбекистон темир йўлларида Тожикистонга тегишли юк вагонлари ушлаб қолинаётгани ҳақида кетма-кет баëнотлар бериб келмоқда. Жумладан, шундай баёнотлардан сўнггиси ўтган ой Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий тилидан янграган эди.

Ўшанда Тожикистон Ташқи ишлар вазири юк вагонлари транзити масаласида икки республика ўртасида ҳамон муаммолар мавжудлигини, Тожикистоннинг бу борадаги барча уринишлари ижобий натижа бермаётганини таъкидлаган эди.

- Биз бу масалани ҳал қилиш учун минтақавий ва халқаро ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилганмиз, аммо натижаси бўлмаяпти. Эндиликда бу масала юзасидан икки томонлама музокара олиб боришдан бошқа чора қолмаяпти, деган эди Ҳамрохон Зарифий Тожикистон транзит юкларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб қолинаётгани масаласига тўхтала туриб.

Йиллардан бери таранглигича қолаëтган Тошкент - Душанбе муносабатлари Тожикистон Роғун ГЭСини қуриш режасига киришганидан сўнг янада кескинлашди.

Душанбе ҳукумати ўзига қарашли юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида тўхтатиб турилиши, ўзбек-тожик чегара пунктларининг ёпилишини Тошкентнинг Роғун ГЭСи қурилишига қарши қўллаган чора-тадбирлари сифатида талқин этмоқда.

Ҳақиқатда ҳам шундайми?

Шу каби саволлар атрофида Тошкент ва Душанбеда билдирилаëтган фикрларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон телерадикомпанияси шарҳловчиси Нарзулло Оқилжонов ва Тожикистондаги “Халқ овози” ўзбек газетаси журналисти Мақсуд Жўраевларни суҳбатга тортдик.

Нарзулла Оқилжонов: Биринчидан, сизнинг чегаралар ëпилди¸ деган гапингизга мен қўшилмайман. Аниқ бир тасдиқланган манба бўлиши керак.

Иккинчидан, вагонлар масаласида ҳам бир неча бор ойдинлик киритилди. Сабаблари ҳам айтилди. Ушлаб турилмаганлиги тўғрисида матбуотда очиқ-ойдин, ҳатто телевидениеда ҳам берилди бу нарса, гапирилди. Лекин ҳозирги “Битта томонда чегара ëпилибди. Иккинчи томонда ҳам чегара ëпилибди” деган қандайдир бир ҳали ўзининг тасдиғини топмаган нарсага таяниб бунақа хулоса чиқаришга мен умуман қаршиман.

Озодлик: Мақсуд ака, мана сиз чегарада яшайсиз. Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги аҳвол шу кунда қандай?

Мақсуд Жўраев: Вазият шундоқ қараганда жуда ҳам ором. Жуда ҳам тинч. Лекин Нарзулла акамнинг битта гаплари тўғри. Мен уларни қўллаб-қувватлайман. Бирор манбада мен ўқимадим Зарафшон водийсидаги Панжакент-Самарқанд чегарасининг ëпилганини ўқимадим.

Нарзулла Оқилжонов: Раҳмат сизга.

Мақсуд Жўраев: Лекин Конибодомдан Фарғона водийсига ўтиладиган иккита пост қатъий бекилганига бир йилдан ошди. Мен буни асослаб бераман. Менинг Бешариқда сабоқдош дўстим бор. Шу сабоқдошим билан Тошкентда Глинка кўчасида бирга яшадик. Шунинг отасининг вафоти таъзиясига бора олмадим. Ҳужжат, виза, ҳаммаси ўнг бўлди, лекин ўтказишмади.

Озодлик: Умуман олганда Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида яшайдиган аҳолининг 90 фоизини¸ асосан¸ ўзбеклар ташкил этади. Улар қуда-анча бўлиб кетишган. Сизлар эътироз билдираëтган хабар бугун 1 ноябр куни пайдо бўлди. Тожикистон Чегарани қўриқлаш қўмитаси ҳам буни расман тасдиқлади. Уларга бу ҳақда Ўзбекистон чегараларини қўриқлаш давлат қўмитасидан телеграмма келган.

Мақсуд Жўраев: Мен битта нарсага жуда-жуда ачинаман. Минг йиллаб бир халқ бўлиб келган тожику ўзбекнинг орасида қандайдир нифоқ дейдими, блокада дейдими ëки бир-бирига рақиблик дейдими¸ шунақа ҳисларнинг пайдо бўлишининг ўзи мусулмон халқини, у хоҳ тожик бўлсин, хоҳ ўзбек бўлсин - фожиаси бу. Оддий халқ азият чекаяпти. Масалан¸ ўтган йил Катта Фарғона каналидан тонналаб пиëзлар, сабзилар, турплар оқиб келди. Нега? Деҳқонлар етиштирган ҳосилини Конибодомга, Исфарага, Хўжанд шаҳри бозорларига олиб келиб сотарди ва бу томондан Ўзбекистоннинг ноҳияларига бошқа маҳсулотлар олиб бориб тожикистонликлар савдо қилиб, рўзғорини тебратишарди.

Озодлик: Нарзулла ака, нима учун Ўзбекистон чегараларни бунчалик мустаҳкамлаяпти? Тожикистондан хавфсираяптими ëки бошқа сабаблари борми?

Нарзулла Оқилжонов: Садриддин ака, мен бу нарсага ҳадиксираб ëки бир нарсадан ҳалиги қилаëтгандай туюлмаслиги керак. Масалан¸ илгари битта давлат эди. Ҳозир иккита давлат. Ҳар бир давлат ўзининг маълум маънодаги чегарасини тиклаш учун, мустаҳкамлаш учун қайғуриши табиий ҳол. Ҳозирги кунда кўриб турибсиз шундай қилинмаган давлатда, ëн қўшнимизда нима бўлганлигини бутун дунë кўриб, бунинг гувоҳи бўлиб турибди. Ҳақиқатан ҳам чегаралар мустаҳкамланса, хавфсизликни таъминлаш учун чоралар кўрилса, бунинг нимаси ëмон? ......

XS
SM
MD
LG