Линклар

АҚШ Конгресси республикачилар назоратига ўтди


АҚШ фуқаролигини олган аксар ўзбекистонликлар ўзларини демократлар тарафдори деб билади.

АҚШ фуқаролигини олган аксар ўзбекистонликлар ўзларини демократлар тарафдори деб билади.

2 ноябр куни АҚШ Конгрессидаги 435 ўрин учун ўтказилган сайловларда Республикачилар устунликка эришди ва Конгрессдаги кўпчилик ўринни қўлга киритди.


АҚШда Конгресс аъзолиги учун ўтказилган сайловларда Республикачилар партияси Намояндалар палатаси назоратини қайта қўлга киритди.

Дастлабки натижаларига кўра, Республикачилар партияси вакиллари 435 ўринли Намояндалар палатасида президент Барак Обаманинг Демократик партиясидан 59та кўп ўрин эгаллаган.

2006 йилдан бери Демократлар назоратида бўлиб келган Намояндалар палатасида кўпчиликни ташкил этиш учун Республикачилар партияси камида 39та ўринни эгаллаши керак эди.

Расмий маълумотларга кўра, 100 ўринли Сенатда ҳам республикачи номзодлар демократларнинг олтита ўринни эгаллашга муваффақ бўлган.

Шунга қарамай, Демократик партия вакилларининг озгина фарқ билан Сенатни ўз назоратида сақлаб қолиши айтилмоқда.

Республикачилар партияси аъзоси Жон Бонернинг Намояндалар палатаси раиси лавозимини демократ Нэнси Пелосидан қабул қилиб олиши кутилмоқда.

Конгресс сайловларида АҚШ фуқаролигини олган ўзбекистонликлар ҳам иштирок этди. Оҳайо штатида етти йилдан бери яшаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Саида сайлов куни Озодликка сайловда Демократик партия вакилларини учун овоз беришини айтди.

- Мен демократлар учун овоз бермоқчиман. Чунки демократлар оддий оилалар, оддий ишчилар ҳамда (майда) кампаниялар, ўрта класс манфаатини кўзлашади. Республикачилар кўпроқ катта компаниялар интересини ҳимоя қилади. Шунинг учун демократлар учун овоз бермоқчиман, дейди Саида.

Президент Барак Обама етакчигидаги Демократик партия кам таъминланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси учун қатор дастурлар ишлаб чиқиб уни амалга оширишга уриниб келмоқда. Шу боис Синсинатти шаҳрида яшаётган Рихси опа ҳам 2 ноябр куни сайловда демократик партия номзодлари учун овоз бермоқчи эканини айтди.

- Мен демократларга овоз бераман¸ деб ўйлаб юргандим. Чунки улар камбағалларга имкон борича ёрдам беришга ҳаракат қиляпти, дейди Рихси опа.

Таҳлилчилар¸ 2010 йилги оралиқ сайловлар икки сабабга кўра кўпчилик хотирасида сақланиб қолади¸ деган фикрда. Биринчидан, президент Барак Обама етакчилигидаги Демократик партиянинг сўнгги ўн йилликлар давомида илк бор катта йўқотишга учраши тахмин қилинмоқда. Иккинчидан, 2010 йилги оралиқ сайловолди кампанияси учун аввалги сайловларга қараганда рекорд даражада кўп маблағ сарфланди.

Вашингтонда жойлашган “Ҳушёр сиёсат маркази” тарқатган сўнгги маълумотига кўра, 2010 йилги оралиқ сайловолди кампанияси давомида номзодлар, сиёсий партиялар ва сайловдан манфаатдор бошқа гуруҳлар томонидан сарфлаган умумий маблағ миқдори тўрт миллиард долларини ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG