Линклар

Ходорковский судда сўнгги сўзини айтди


Ходорковский ўзи устида ўтказилаётган судловни собиқ иттифоқ давридаги судловларга ўхшатди.

Ходорковский ўзи устида ўтказилаётган судловни собиқ иттифоқ давридаги судловларга ўхшатди.

ЮКОС ширкатининг собиқ хўжайини Михаил Ходорковский ўзи устидан ўтказилаётган судда сўнгги сўз билан чиқиш қилди. Товламачиликда айбланаётган Ходорковскийнинг сўнгги сўзи Россия келажаги ҳақидаги эҳтиросли ва провокацион чиқиш бўлди.


Собиқ нефт магнати Михаил Ходорковский Москва суди залига тўпланган одамлар олдида қилган чиқишида ўзига ўқиладиган ҳукм Россиянинг тақдири билан боғлиқлигини айтди.

15 декабрда ўқиладиган ҳукм олдидан олган сўнгги сўзда Ходорковский ўзининг айбдорлигини тан олишдан кўра ҳаётини қурбон келтиришга тайёр эканини таъкидлади.

- Мен идеалист эмасман, лекин мен ғоялар билан яшайман. Ҳар қандай одам каби, мен учун қамоқда яшаш ўта мушкулдир ва мен у ерда ўлишни истамайман. Лекин керак бўладиган бўлса – мен ҳеч иккиланмасдан бунга рози бўламан. Менинг эътиқодим ҳаётимдан афзалроқдир. Менимча, буни исботлаб бўлдим.

47 яшар Ходорковский бир пайтлар Россиянинг энг бадавлат кишиси ва ЮКОС нефт ширкатининг бош ижрочи директори бўлган. У 2003 йилда солиқдан бўйн товлаганлик айби билан ҳибсга олинган эди. Ходорковскийнинг қамоққа ташланишини кўпчилик унинг ўша пайтда президент бўлган Владимир Путинга қарши чиққани учун жазо сифатида баҳолаган эди.



Саккиз йиллик қамоқ жазоси тугашига бир йил қолганида Ходорковский устидан ўтказилаётган иккинчи маҳкамада унга пул ювиш ва давлат мулкини ўзлаштириш айбловлари қўйилмоқда ва айбдор, деб топилса, у 2017 йилгача панжара ортида қолиши мумкин. Унинг бизнес ҳамкори Платон Лебедевга ҳам айни айбловлар илгари сурилган.

Ходорковский суд залига юзида табассум билан кириб келди. Уни ва Лебедевни учта қуролланган соқчилар шишали қафасга олиб кирди.

Ходокркоский иккинчи судловнинг ортида сиёсий сабаблар тургани ва биринчи муддати якунланаётгани боис уни қамоқда ушлаб қолиш учун қилинаётган уриниш эканига шубҳа қилмаслигини таъкидлади. Сўнгги сўзни Ходокркоский 2003 йилнинг октябрида ҳисбга олинишини эслаш билан бошлади.

- 2003 йилнинг октябри менинг эсимда. Озодликдаги сўнгги куним эди. Ҳибсга олинишимдан бир неча кун ўтиб, менга президент Путин саккиз йил давомида қамоқ аталасини ейишим ҳақида қарор қилганини айтишди. Ўшанда бунга ишониш қийин эди. Ҳозир орадан етти йил ўтди. Етти йил анча узоқ муддат, айниқса қамоқда ўтирган одам учун.

Ходорковский унга куракда турмайдиган айбловларни қўяётган прокурорларни очиқчасига танқид қилиб, “жаноблар ўғирлашда инсофлироқ бўлинг”, деди киноя билан.

Биринчи судловда фарқли ўлароқ Россия ҳукуматининг баъзи расмийлари, хусусан собиқ вазир Герман Греф иккинчи суд мажлисида Ходорковский фойдасига кўрсатма берди. Лекин суд тизимининг ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилингани боис унинг оқланишига ишонч йўқ.

Ходорковский сўнгги сўзини ўзига қўйилаётган айбловлар эмас, Россиядаги умумий вазиятга бағишлади.

“Биз куч ишлатар тизимлар ўн минглаб, балки юз минглаб иқтидорли тадбиркорлар, менежерлар ва оддий одамларни қамоқда сақлаётган хаста давлатда яшапмиз”, деди Ходорковский.

Миллионлаб одамлар бу судлов натижасини кутишмоқда, деди у.

- Улар Россия бир кун келиб озодлик ва қонун ҳар қандай ҳукмдор бюрократлардан устун бўлган давлатга айланишига умид қилиб, кузатишмоқда бу жараённи. Мухолифат партияларини қўллаб-қувватлаш жазоланмайдиган, инсон ҳуқуқлари царьнинг кайфияти, яхшилик ёки ёмонликка тобеъ бўлмаган давлатга айланишига умид қилишмоқда. Улар ҳокимият фуқаролар, суд эса фақат қонун ва Худога тобеъ бўладиган давлатга умид қилишмоқда. Буни виждон, деб аташингиз. Шахсан мен шундай бўлишига ишонаман.

Бироқ кўплаб россияликлар Ходорковскийни ўз бойлигини 1990 йиллардаги бошбошдоқлик пайтида орттирган олигарх, деб ҳисоблайди. Ва унинг сўзлари кўпчиликка етиб бормаслиги боис, бу фикрнинг ўзгариши даргумондир.

Россия телевидениеси Ходорковскийнинг сўнгги сўзини эътибордан четда қолдирди ва бу чиқишни суд залидан жонли эфирда берган ягона матбуот воситаси Озодлик радиосининг рус хизмати бўлди.

Сўзининг охирида Ходорковский суд раисига мурожаат қиларкан, уни жасорат кўрсатиб, одил ҳукм чиқаришга чақирди.

- Бу судда чиқарган ҳукмингиз, қандай бўлишидан қатъи назар, Россия тарихининг бир қисмига айланишини кўпчилик тушунади. Бундан ташқари, бу ҳкум келажак авлодлар учун тарихни яратади. Буни сиз ҳам ҳаммадан яхшироқ биласиз. Бу судга алоқадор барча исмлар – прокурорлар ва судьяларнинг исмлари собиқ Совет иттифоқидаги судловлардаги бўлгани каби тарихда қолади, дея якунлади сўзини Ходорковский.

Прокурор Валерий Лахтин Ходорковскийнинг сўнгги сўзига қисқа жавоб қайтарди.

“Айтилган барча сўзлар ёлғондир. Ва суд раиси ҳукм чиқариш учун бу хонани тарк этгач, бу сўларнинг ёлғон экани ҳақида хулоса қилишига ишончимиз комилдир”, деди прокурор Лахтин.

Суд ҳукми 15 декабр куни ўқилади.
XS
SM
MD
LG