Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:54

ЕИ Россиядаги муҳожирларнинг ўз ҳудудига кўчишидан хавотирда


Медведевнинг ЕИ раҳбарларига тақдим қилган визасиз саëҳат тартибига ўтиш лойиҳаси Брюсселда жавобсиз қолдирилди.
Медведевнинг ЕИ раҳбарларига тақдим қилган визасиз саëҳат тартибига ўтиш лойиҳаси Брюсселда жавобсиз қолдирилди.

Европа Иттифоқи Россиянинг ўзаро визасиз борди-келди тартибига ўтиш таклифи ижросини номаълум муддатга кечиктирди ва бундай қарорни россияликларнинг иттифоқ ҳудудларига визасиз кириши ноқонуний муҳожирлар оқимига йўл очади¸ дея изоҳлади. Бундай шарҳ Москва расмийлари эътирозига учрамоқда.


Россиянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили Владимир Чижов “Россия ва ЕИ ўртасидаги виза тартибининг бекор қилиниши Европа Иттифоқига ноқонуний муҳожирлар оқимини юзага келтиради”, деган қўрқуви ҳеч қандай асосга эга эмаслигини билдирди.

- Биз Европа Иттифоқининг энг фаол стратегик ҳамкорларидан биримиз. Биз Европа Иттифоқига аъзоликка номзод ҳам эмасмиз. Визасиз режимнинг жорий қилиниши ЕИга аъзо 27 давлатнинг сиёсий иродасига боғлиқ масала, деди “Россия” телеканали билан бўлган мулоқотда Владимир Чижов.

Россиянинг ЕИдаги доимий вакилига кўра, визасиз борди-келди тартибининг жорий қилиниши билан Россия орқали Европага собиқ иттифоқ мамлакатларидан ноқонуний муҳожирлар оқими ëпирилади¸ деяётганлар “мавжуд вазиятдан умуман бехабардир”. У Россияни миграция жиҳатидан хавфли эмаслигини таъкидлаб, 7 декабр куни ўтказилажак навбатдаги ЕИ-Россия саммитида визасиз муносабатлар масаласини муҳокамага қўйиш ва камида 3 йил ичида россияликлар учун Европага бориш учун визасиз тартиб жорий қилинишини ваъда қилди.

Москванинг ЕИдаги расмий вакили Владимир Чижов Россия ва Европа Иттифоқи ўртасида виза режимини бекор қилиш масаласи бўйича 10 йилдан буён бораётган музокаралари охирги пайтларда бирданига сустлашди, деган фикрда.

Гап шундаки, ЕИ га аъзо айрим ҳукуматлар Шарқий Европа мамлакатлари билан визасиз борди-келди тартибининг жорий қилиниши иттифоқ бир қатор муаммоларини вужудга келтиради, демоқда.

Хусусан¸ иттифоқнинг ташқи чегаралари бўйича агентлик раҳбари Илкка Лайтинен Шарқий Европа, хусусан Украина ва Россия билан виза режимининг бекор қилиниши Марказий Осиё, Афғонистон ва бошқа “хавфли” минтақалардан мигрантлар оқимини юзага келтиради, деган фикрни баён этган. Унга кўра, бугунги кунда Европа Иттифоқига келаётган ноқонуний миграция оқими¸ асосан¸ Болқон мамлакатлари орқали ўтмоқда.

Кузатувчиларнинг айтишича, Европа Иттифоқи билан визасиз саëҳат тартибига ўтишга ҳаракат қилаётган яна бир мамлакат- Украинанинг виза режимини бир тарафлама бекор қилиши деярли ҳеч қандай натижа бермади. Шунинг учун, Россия ҳукумати йиллардан буён ЕИ билан виза чекловларини икки тарафлама бекор қилишга оид келишувга эришишга ҳаракат қилиб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг май-июн ойларида Ростов-Донда бўлиб ўтган ЕИ-Россия саммитида Россия президенти Дмитрий Медведев визаларни бекор қилиш ҳақидаги келишув лойиҳасини тақдим этган эди.

- Бу мамлакатларимиз ўртасидаги виза чекловлари бекор қилинишининг тамал тоши деб ҳисоблансин, деган эди Дмитрий Медведев.

Лекин ЕИ бу лойиҳага нисбатан ҳанузгача ҳеч қандай муносабат билдирганича йўқ.

Европа раҳбарлари Россия билан визасиз борди-келди тартибининг жорий қилиниши барча томон манфаатига мувофиқ, деган фикрлардан нарига ўтгани йўқ. 19 октябр куни Франциянинг Довил шаҳарчасида бўлиб ўтган Россия-Франция-Германия музокараларида Франция президенти Николя Саркози Европа иттифоқи ва Россия ўртасидаги виза тартиби 10-15 йилда бекор қилинишини айтди. Бу фикрга қўшилган Германия канцлери Ангела Меркел бунга “босқичма-босқич эришиш мумкинлигини” таъкидлади.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Андрей Грозин Европа мутассадиларининг Россия билан виза тартибининг бекор қилиниши Европага ноқонуний миграция оқимини вужудга келтиради¸ деган ҳадиксираш ва шубҳалар бежиз эмаслигини гапирди.

- Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган ва Россияда паноҳ топаётган юз минглаб одамлардан иборат улкан ноқонуний меҳнат муҳожирлари оқимининг Европага ўтиб кетмаётганини¸ биринчи навбатда¸ айнан шу виза режимининг мавжудлиги билан изоҳлаш мумкин. Агарда Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги виза чекловлари бекор бўладиган бўлса, унда Россияда жойлашган меҳнат муҳожирларнинг катта қисми Ғарбга қараб боради. Чунки улар Россияда бажараётган “қора” меҳнати учун Европада бир неча баробар кўпроқ ҳақ олади, дейди таҳлилчи Андрей Грозин.

Андрей Грозинга кўра, ноқонуний муҳожирларнинг Европага ëпирилиши иттифоқ ҳудудидаги жиноятчилик вазиятига ҳам салбий таъсир этмасдан қолмайди.

- Ноқонуний миграция Европа Иттифоқи мамлакатларида қатор салбий тенденцияларни ҳам вужудга келтириши турган гап: гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, одам савдоси, фоҳишабозлик. Шунингдек, яна бир жиддий масалани эсдан чиқарманг. Россия орқали Европага ўтиб борувчиларнинг аксарияти мусулмонлар бўлади. Бир қатор объектив ва субъектив сабабларга кўра¸ Марказий Осиё мамлакатларида кучайиб бораётган экстремизм ўзига чиқиш йўлини ахтаряпти. Либерал Европада эса бу¸ албатта¸ маданиятлар тўқнашувини юзага келтиради.

Айниқса¸ Россия ва Қозоғистон ўртасида имзоланган Божхона шартномаси ушбу мамлакатлар ўртасида чегараларни янада юпқалаштириб юборди. Қозоғистон эса ҳозирча якка ўзи чегараларининг дахлсизлигини таъминлаш имкониятига эга эмас. Шунинг учун, мен “Россия 2-3 йил ичида Европа билан визасиз борди-келди тартибига ўтади”, деган фикрга мутлақо қўшилмайман. Жаноб Саркозининг 10-15 йил ҳақида гапирган гапи ҳақиқатга яқинроқ, дейди МДҲ институтининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Андрей Грозин.

Россия оммавий ахборот воситаларида чоп этилаëтган маълумотга кўра, бугунги кунда Россияда 12 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири бор ва уларнинг аксарини Марказий Осиëда келганлар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG