Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:06

Пахта далаларидаги маҳзун ҳангомалар


Қировли кунлар бошланган айни дамларда ҳам қишлоқлардаги ўзбек болаларининг куни ҳамон йилт этган оқлик қидириш билан ўтмоқда.
Қировли кунлар бошланган айни дамларда ҳам қишлоқлардаги ўзбек болаларининг куни ҳамон йилт этган оқлик қидириш билан ўтмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати белгилаган пахта режаси расман бажарилган бўлса-да¸ мамлакат районларида мактаб ва коллеж ўқувчиларини далага ҳайдаш амалиëти ўша-ўша давом этаëтир. Оддий халқ тахминича¸ ҳокимлар энди қоғозда тўлатилган режани амалда бажариш тараддудига тушган.



Ўзбекистон президенти икки ҳафта олдин пахта режаси бажарилганлиги билан деҳқонларни табриклаган эди. Ўзбекистон вилоятларидан келаëтган хабарларга кўра¸ амалда ë бу режа бажарилмаган¸ ëхуд эндиликда мамлакат бўйлаб "социалистик мажбуриятни адо этиш" жараëни бормоқда. Зотан вилоятлар¸ ҳатто режани ортиғи билан бажаргани айтилган районларда ҳам пахта терими суръати ҳамон пасаймай¸ давом этмоқда.

“Бир кило пахта олиб бормасак “моллим” уришади”

Хива туманининг 42-ўрта мактаби директори Даврон Оллоназаров юқори синф ўқувчиларига 4 килограммдан, қуйи синф ўқувчиларига бир килограммдан пахта билан дарсга келиш ҳақида топшириқ берган. Бу ҳақда Озодлик радиосига оталардан бири гапириб берди:

- Болалар дайдиб, йиғлаб юришибди пахта топа олмасдан. “Мактабга бормаймиз. Бизга пахта олиб келгин¸ деб айтишади” дейишади, дейди бу ота.

Бу ота билан суҳбатдан сўнг айни мактабнинг 4 синф ўқувчиси билан боғландик:

- Моллим пахтани териб келасан ëки пахтага чиқарамиз, деди.Пахта йўқ. Мактабдан, дарсдан чиқиб теринглар, деди,дейди 4 синф ўқувчиси Маҳбуба.

Айни гапни икки одамдан эшитгач¸ қидириб 42-мактаб директорининг қўл телефонини топиб¸ қўнғироқ қилдик.

"42- мактаб ўқувчилари бизга дарсдан кейин бир килодан 5 килогача пахта териб келиш мажбурияти қўйилгани ҳақида гапиришди. Бу қарорингизни нима билан изоҳлайсиз?" дея қилган мурожаатимизга мактаб директори:

- Унақа гап йўқ ака. Йўқ, йўқ, унақа гап йўқ ака. Ўқувчилар ўқияпти. Ўқишдан кейин ҳам чиқмайди. Ҳаммаси ўқияпти, деди директор.

Директорнинг бу гапидан сўнг, "ота билан бола сал ошириб юборган бўлса керак", деб ҳам ўйладик. Бироқ, болалар пахтадан қачон қайтди? деган саволимизга олган жавобдан сўнг, директорнинг айтганларига шубҳа қилдик:

- Чиқмадик биз пахтага.

Озодлик: Умуман чиққанларинг йўқми пахтага?

- Биз умуман чиқмадик пахтага. Ҳозир ҳам ўқияпти ҳамма, деди Хива туманидаги 42-ўрта мактаб директори Даврон Оллоназаров.


“Бир дона чаноқда ҳам пахта қолмасин”

Сурхондарё вилоятининг Денов тумани пахта режасини ҳам, мажбуриятини ҳам аллақачон уддалаб қўйган туманлардан бири. Бироқ, деновлик Абдулланинг айтишича, пахта терими 1 ноябргача расман тугаган эса-да¸ 1 ноябрдан ғайрирасмий тарзда қайта бошланди:

- Қурбон ҳайитни ҳам далада ўтказади пахтакорлар. Мактаб очилган экан бугун. Ўқувчиларга “Нимага формада келдинглар? Эски формада келинглар. Пахтага чиқасизлар” деб бақирипти. Коллеж ҳам очилган. Коллеж ўқувчиларини ҳам пахта тердириш учун алдаб чақирибди. Ўқитувчиларнинг ҳаммасига 500 кило ëки 50 минг сўмдан норма қўйган. Агар бажармаса, ишдан ҳайдалади, дейди деновлик Абдулла.

Унинг фикрича, пахта режаси фақат қоғозда тўлган, ҳокимият эса таги бўш хирмонни тўлдириш учун ҳаракат қилмоқда:

- План тўлди, вилоятники ҳам тўлди. Денов туманиники 41 минг тонна эди. Плани тўлди. Қўшимча яна 10 минг тонна юклабди. Уни ҳам тўлдирган. Менимча, қоғозда тўлган бўлса керак. Энди амалда тўлдираяпти. Туманлар орасида ким биринчи бўларкин¸ деган рақобат кетадида. Биринчи бўлиш учун қоғозда тўлди¸ деб юқорига жўнатиб юборган. Энди шуни тўлдириш учун ҳаракат қилаяпти. Ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам кечаси ҳам, кундузи ҳам тиним йўқ энди. Ўқитувчилар кетган яна ëрдамга. Қайтиб келган эди. Яна жўнатиб юборишди, дейди деновлик Абдулла.


“Президентнинг кўзи қувнасин”

Ўтган йили пахта терими мавсумида, Ислом Каримов Фарғонага борганда маҳаллий ҳокимлар ўқувчи ва ўқитувчиларни президентнинг кўзи қувнасин деб, пахтадан бўшаган чаноқларга яна пахта илиб чиқишга мажбурлаган эди. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги пахтазорга туташ янги қурилган уйларни "президент келиб кўрармиш", деган хабар чиққанидан сўнг, маҳаллий ҳокимлар фарғоналик ҳамкасбларимиздан қаеримиз кам дегандай, кўзни қувнатишнинг оригинал усулини ўйлаб топишибди. Бу ҳақда Озодлик радиосига гулистонлик Абдураҳмон гапириб берди:

- Президент келади¸ деб бир жойга жой қилишди. Пахта даласининг олдига. Ўқувчиларга пахта эмас¸ барг тердиришган пахтазор оппоқ кўринишлиги учун.

Озодлик: Пахтанинг баргини тердиришганми?

- Ҳа. 3 килосига 1000 сўмми шунақа экан. Шу пахтазор оппоқ бўлиб кўриниб туриши керак.

Озодлик: Нима учун, ким учун энди бу?

- Бу президент учун. Президент келиб “Далада пахта кўп экан” деб нима қилиши керак.

Озодлик
: Қаерда бўлган бу воқеа?

- Гулистонда Жданов деган участка бор. Янги уйлар қурилаяпти ўша ерга. Янги уйларни кўришга президент келиши керак бўлган. Кейин ҳокимлар ўқувчиларга ғўзапоя баргини тердиришган. Мана шунақа ҳангомалар ўзбек пахта далаларида, дейди гулистонлик Абдулла.
XS
SM
MD
LG